Муҳаррам ойининг фазилатлари

Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг биринчи ойи Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Аллоҳ таоло уруш-бузғунчиликларни ҳаром қилган тўрт ойнинг биридир. Ҳадисларда ушбу ойни “Аллоҳни ойи”эканлиги ҳақида хабарлар бор. Ойлар орасида Рамазон ойидан кейинги энг барокатли ва фазилатли ой муборак муҳаррам ойидир.


Муҳаррам ойининг Ашуро, яъни ўнинчи кунида барча самовий динлар тарихида жуда муҳим воқеа ва ҳодисалар бўлиб ўтган. Масалан Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Ашуро куни Фиръавннинг исканжасидан қутқарган. Бунга далил қилиб қуйидаги ҳадисни айтиб ўтиш мумкин. “Пайғамбар (с.а.в) Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро (Муҳаррам ойининг 10-куни)да рўза тутганларини кўрдилар. Улар: “Бу- Аллоҳ таоло Мусо (а.с) билан Бани Исроилни душманлардан кутқарган муборак кун, шунинг учун Мусо (а.с) бу кунда рўза тутганлар”, дейишди. Шунда Пайғамбармиз (с.а.в):
 
“Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

“Фарз намозларидан ташқари қайси намоз, Рамазон рўзасидан ташқари қайси рўза фазилатлироқдир?”
 
“Фарз намозларидан ташқари энг фазилатли намоз таҳажжуд намози, рамазон рўзасидан ташқари тутилган энг фазилатли рўза эса Аллоҳу Таолонинг ойи ҳисобланган Муҳаррам ойида тутилган рўзадир. (Ҳадис, Муслим)
 
Шунинг учун Муҳаррамнинг 1-сидан 10-сигача 10 кун рўза тутиш жуда фазилатлидир. Бунга қурби етмаганлар Муҳаррамнинг 9-10-ва 11-ёки 9-10-ё бўлмаса 10-11-кунлари рўза тутишлари суннати муаккададир.
 
Бу ойда иложи борича кўпроқ тавба истиғфор айтиш керак.
Кимки ҳаром ойларда (Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам) 3 кун, яъни пайшанба, жума, шанба кунлари рўза тутса, Аллоҳ уни икки йиллик тутилган рўза ўрнига қабул қилади. Агар чоршанба кунидан бошлаб тутса ва жума куни бир садақа берса Аллоҳ унинг бутун гуноҳларини кечиради.(Ҳадис)

Уламо-и киром бу ойнинг 9, 10, 11-кунлари ёки пайшанба, жума ва шанба кунлари кетма-кет рўза тутган кишига 900 йиллик нафл рўза савоби берилишини ривоят қилганлар.

Муҳаррам ойининг 1-кунидан 10-сигача кетма-кет рўза тутган кишининг Ҳазрати Ҳасан ва Ҳазрати Ҳусайин(р.а.)лар билан бирга жаннатга киришлари хушхабари берилган.

Ким Муҳаррам ойида 1 кун рўза тутса, тутган ҳар куни учун 30 кунлик рўза савоби берилади, кейинги йилги гуноҳларига ҳам каффорат бўлади.
 
Зулҳижжа ойининг охириги куни ва Муҳаррам ойининг 1-куни рўза тутиш 50 йиллик гуноҳларга каффорат бўлиши ҳақида ҳадис бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Ашуро кунида рўза тутишнинг фазилати фазилати ҳақида “Ўтган бир йил давомида қилинган гуноҳларига каффорот бўлади”деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ашуро кунида бир кун олдин ва бир кун кейин ҳам рўза тутинглар” ушбу юқорида зикр этилган ҳадисларга биноан уламоларимиз “Муҳаррам ойининг тўққизинчи, ўнинчи ва ўнбиринчи кунлари рўза тутиш мустаҳабдир”, деганлар.

Яна Пайғабаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Ким Ашуро кунида ўз аҳли оиласига кўпроқ нафақа қилса, яъни рўзғорни бут қилиб берса, Аллоҳ таоло йил давомида унинг ризқига кенгчилик беради”.

Демек бу кунларда қилинган амалларга Аллоҳ улуғ ажр ва мукофотларни беради. Бундан ташқари бу ойда ўқиладиган кўплаб фазилатли намоз (нафила) ва дуолар бор, умуман бу ойни унумли ўткизиш учун жидду-жаҳд қилишимиз  лозим.

Янги йил ва муҳаррам ойи барчамизга муборак бўлсин!

 
Эрдон Эсонов,
“Шайх Зиёвуддинхон” жоме масжиди имом хатиби