Сиз талаба бўлдингиз
Бугунги кунда она юртимизнинг қай томонига юзланманг, кўркам қад кўтарган илм даргоҳларига кўзингиз тушади. Бу даргоҳларда қанча-қанча келажагимиз куртаклари ниш отмоқдалар. Имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридийлар, Самарқандий, Насафий, Бурҳониддин Марғилонийлардек, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбеклар каби забардаст алломалар юртининг фарзандлари яна аждодлари изига интилмоқдалар. Қай соҳада бўлмасин илмга интилиш бор. Майли у олим бўлсин, зиёли бўлсин, ходим бўлсин ёки ишчи бўлсин –маърифатли бўлмоғлик бугунги кун талаби бўлиб бормоқда. Чунки илм икки дунёнинг бахту-саодатига олиб боргувчи асосий омилдур.
Илм – зиё, жаҳолат эса зулуматдур. Инсон қачонки илм йўлини маҳкам тутса дунё ва охиратнинг бахту саодатига етишига имкон топган бўлади. Башарият илм йўлини тутиб ҳамиша юксалиб борган. Қайси жамиятда илмга эътибор бўлса тараққий топиши юқори даражага кўтарилади. Бу ҳақиқат тарихда ҳам кўрилган, ҳозир ҳам шундай. Юртимизда билим даргоҳлари кўпайиши тарққиётимизнинг гарови десак муболаға бўлмагай.
Илм одам фарзандининг мартабасини кўтариб бошқа махлуқотлардан устувор этиши “Таълимул-мутаъаллими” китобида чиройли тарзда баён этилган:
“Илмнинг инсоният билангина хосланиб шарафли (мақом касб этиши) экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки шижоат, журъат, қувват, саҳоват, шафқат каби илмдан бошқа ҳамма хислатлар инсонда ҳам, бошқа ҳайвонотларда ҳам муштаракдур. Аллоҳ таоло илм билангина Одам алайҳис салоту вас-саломни фаришталардан афзаллигини изҳор қилди ва уларни (Одам алайҳис салоту вас-салом)га сажда қилмоққа буюрди ”. Бу ҳам бўлса Одам алайҳис салом фаришталар билмаган нарсаларни билганлиги сабабидан эди.
Қурони каримда энг аввал нозил бўлган сура “Ўқи” деб бошланиши ва суранинг давомида яна илм зикр қилинишидан ҳам илм инсоният учун ўта муҳим эканлигини англаш мумкин.
اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ ¤ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ ¤ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ ¤
"Карамлиларнинг карамлиси бўлган Раббинг (фазли) ила ўқи! Ўша (Раббинг) қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга (инсон) билмаган нарсасини ўргатди" (“Алақ” сураси, 3 –5-оят)
Ватандошимиз имом Абу Баракот ан-Насафий ҳам Ислом оламида машҳур ва маъруф бўлган “Мадорикут-танзил” номли тафсир китобларида ушбу ояти кариманинг тафсир қилиб “бандаларига билмаган нарсаларини ўргатиб, жаҳолат қоронғулигидан илм нурига чиқарганлиги камоли (лутфу) карами эканлигига далолат қилади” деб баён қилганлар.
Аллоҳ таоло илм аҳлининг даражалари ҳақида алоҳида баён қилади: يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ(سورة المجادلة، 11)
“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм эгаларини даражаларга кўтаради” (Мужодала сураси, 11-оятдан)
Яна ўша тафсир китобида баён қилинадики, “даражалар ҳақида икки ҳил қавл бор: бири дунёда мартаба ва шарафлиги, икинчиси эса – Охиратда.
Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу қачон шу оятни қироат қилса: “Эй инсонлар, бу оятни яхши фаҳм этинг, илмга рағбат айланг”, – дер эдилар.
Пайғамбар саллалоҳу алайҳи ва саллам “Олимнинг обиддан афзаллиги ой тўлган кечада бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир” – деганлар. (Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, ибн Можа, Дора Қутний ривоятлари)
Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича Сулаймон алайҳис саломга илм, мол ва мулкни (танлашлик) ихтиёри берилди. У илмни танлаган эди унга қўшиб мол ҳам, мулк ҳам берилди. Он ҳазрат саллалоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Аллоҳ Иброҳим алайҳис саломга ваҳий қилиб “Эй Иброҳим, Мен Алим (билгувчи)дурман, ҳар бир илмликни яхши кўрурман” деди”. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло илм аҳлини яхши кўрганидандурки, уларни дунёда ҳам элу юрт орасида шарафли қилиб қўяди.
Яна шуни ҳам билмоқ керакки, Тангри таоло илмни ҳар кимга ҳам бахш этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.
عن معاوية رضي الله عنه قال: سمعت رسو ل الله صلى الله عليه و سلم يقول: "من يردالله به خيرًا يُفقههُ في الدّين" (رواه البخاري)
Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг“Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса динда фақиҳқилиб қўяди” деганларини эшитганман. (Бухорий ривояти)
"Фақиҳ" фиқҳ илмини яхши билгувчи инсон демакдур. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм”, яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдур. Демак кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишликни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билгувчи қилиб қўяр экан.
Пайғабаримиз саллалоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур “Илм истамоқлик ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур” деган ҳадиси шарифларини уламоларимиз шарҳлаб, қандай илмни талаб қилиш лозимлиги ҳақида ҳам китобларда баён қилганлар. Шунга кўра инсониятнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган илмларни ўрганишлик фарзи кифоя деганлар. Яна ҳам тушунарлироқ айтадиган бўлсак ҳар бир диёрда шу юрт аҳолисининг эҳтиёжи тушадиган илмларни билгувчи инсонлар бўлишлиги лозим. Ана шунда шу юрт аҳолисининг бўйнидан ўша фарзи кифоя соқит бўлади. Акс ҳолда ҳаммалари жавобгар бўлади.
Ҳар бир инсон ўз ҳаётида эҳтиёжи тушадиган ишларнинг илмини ўрганишлиги эса фарзи айн. Ким қайси соҳани эгалласа ўша соҳанинг илмини билишлиги керак. Бу эса айни ибодат эрур.
Ана энди илм талабида юрганлар ўзларининг мартабаларини қанчалик чуқур ҳис этсалар, шунчалик масъулият ҳиссини сезадилар. Бизларнинг келажагимиз бўлган бўлғуси олимлар қанчалик шарафли йўлни тутганларини билиб олсинлар.
Зеро улар минглаб ҳамюртларининг гарданларидаги фарзни адо қилмоқдалар. Илоҳим ҳар биримизга манфаъатли илм бериб, олган илмига амал қигувчилардан айласин. Ҳолбуки “Амалсиз илм – мевасиз дарахт” деганлар.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жомеъ масжиди муаззини