БИСМИЛЛААҲИР РОҲМААНИР РОҲИЙМ

Алҳамду  лиллаҳи касийро, вас солаату  вас салааму алаа Росулиллаҳ ва алаа олиҳи ва асҳаабиҳи ажмаийн. Амма баъд:

ТАВБА

1. ОТАМ ВА УНИНГ  ТОЛ  ЧИВИҚЛАРИ

Доимий  равишда  комилликга  интилиш  инсонга ўз ожизлигини, ундан комилроқ  инсонлар борлигини, уларга  дўст  ва улфат  бўлишга  харакат  қилмоқлиги  зарур эканлигини англатиб  борар экан.  Ёши  улғайиб  борган  сари, йўл қўйган хатолари уни таъқиб  этиб, ҳаётига таъсири    каттариб, тавба  қилмаса, ўзини ўнгламаса халокатга олиб  бориши ҳам  ажаб  эмас экан. Ҳар бир умр фаслида  алоҳида тафаккур, алоҳида комиллик  белгилари  зохир  бўлиб, аввалда ўтган ҳаётининг хисоботи  қалбини оғир  юк  бўлиб  эзиши хам бор гап. Бу борада энг муҳим ва энг яқин мулоқот  оилавий муносабатларда юзага чиқиб,  инсоннинг келажагини  ҳал  қилувчи  хулқ  атворлар айнан ота  ва онанинг таъсир доирасида шаклланишига ҳеч ким шак — шубҳа  қилмаса керак.


Менинг  раҳматли отам жуда  шижоатли ва қайсар  эдилар. Болаликлари Зомин тоғларининг тоза ҳавосида яйраб, зилол сувларидан симириб, адир тошларида кийикдай чопиб, чопқиллаб ўтган. Уруш  йиллари мактаблар ёпилган, отасидан  ёшлигида айрилган, онаси ва акаларига ёрдам  бериш  учун  қишлоқ  фермасида  сигирлардан  ажратилган  бузоқларни боқиб  юриб  катта бўлган.  Меҳнатда  суяги  қотган.
Мирзачўлда яшаганларида Қўқонлик Абдуваҳҳоб исмли зиёли имом домлага қўшни бўлганлар. Унинг  отам  тенги 15 яшар Қўчқорвой деган ўғли  бўлиб  ўзаро дўст  бўлишган. Имом домла зеҳни  тез бўлган отамга араб  алифбосини  ўргатиб, Қуръон ва намоз  ўқишни, диний ибодатларни ҳамда эски туркий алифбосидаги  Қососул  анбиё, Чор  китоб, Нодирул меърож, Солати Мақсудий каби китоблардан  таълим берганлар. Отамда Ислом динида ихлос ва  муҳаббат  ўйғониб, илм  ва  маърифатга  ошно  бўлганлар.
Мен эсимни  таниганимда  отам  қишлоғимизнинг имом домласи ва ҳурматли кишиси  эдилар. Уйимизда яхшигина кутубхона бор  эди. Раҳматли отам мактабга  бораётган  болаларга  ҳавас билан қарар ва  мактабга  бора олмай  ўтган  ёшликларига  афсус  қилар  эдилар. Бош  фарзанд бўлганим  учун кўпинча мени  ёнларида  олиб  юрар ва биринчи синф  учун  чоп  этилган кирилча алифбо китобини беш  ёшимдаёқ таълим бериб, ёд олдирган  эдилар. Ҳар бир синфга кўчганимда дарсликларимни икки донадан сотиб олиб келиб  берар, дафтар, қаламларимнинг  саноғи йўқ  эди. “Фақат яхши ўқи!”  дер  эдилар.
Мен ҳар  бир  ёш  бола каби  ўйинқароқ ва  шўх эдим. Раҳматли  Отам  толдан ҳўл чивиқ олиб, мени  жуда  кўп савалаганлар.  Онам “Урманг!” деб ўртага  тушсалар, у кишини  ҳам  савалаб  кетар эдилар. Она—бола   кўп  марта йиғлашиб олардик. Аммо, раҳматли онажоним бирон  марта “Отанг  ёмон одам” демаганлар, аксинча “Отангнинг айтганини қил!, отангга айтиб бераман!”—дер  эдилар.  Асосан китоб ўқимасам калтак  ер  эдим. Саводим  равон  бўлиб  қолгач, кирилчада  чоп  этилган: “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” намунаси бўлган “Гўрўғли” достонларини, “Ўзбек халқ  эртаклари”ни, “Манас” эпосини   ўқиб  берар, менга ҳам  навбат  билан  ўқишимни  талаб  этар, ота—бола  кўз ёшларимизни  тўкиб—тўкиб  достонларни ўқир  эдик. Менинг учун китобни тушуниш ва ундаги воқеаларни тасаввур  қилиш роҳати жонимга айланган эди. Шеъриятга ҳам ақлим етиб тушуна бошладим.
Укаларимни  урмаганлар. Отам менга эътиборини жуда  қаттиққўллик билан олиб борганликлари  учун  фикрлаш қобилияти, вазиятни ҳисобга  олиш, қийинчиликга  сабр  қила олиш  каби хулқлар миямда шартли рефлексдай  ривожланганлигини анча  кейин тушундим.
Баҳоларим доимо  беш,  ўқитувчиларим мени яхши  кўришар, биринчи  синфдан ўнинчи  синфгача жамоатчи раис—синфком  бўлиб ўқиганман. Отам мени спортга қизиқтириб, эрталабки  бадантарбия  машқларини  бажаришга  мажбур  этар  эдилар. Тетик  ва зийрак  бола  эдим. Дўстларимни,  умуман одамларни тушунишга харакат  қилар, кечиришни  ҳам  билар эдим,  ўртоқларим кўп эди.
Отам мени қанча қийнамасин ёки қанчалик онам  менинг тарафимни олиб  ўртага  тушмасин, менда  отамга  нисбатан  нафрат  ҳисси, ғазаб ўйғонмаган эди.  Мен отамни жуда  яхши  кўрар эдим, ҳурматим баланд, ҳар  қандай ҳолатда  ўз  хоҳишимга  қарши  чиқиб,  отамга  гап  қайтармасдан аввало  отам  айтган  топшириқни  бажарар эдим. Кейин бўлган  воқеаларнинг ривожини таҳлил қилиб, “яхшиямки отамнинг айтганини қилган  эканман, аксини  қилганимда бу муваффақиятга  эриша  олмас эдим”—деб  хурсанд  бўлиб  қўяр эдим.
Отам ҳар ҳафта жума намозини қишлоғимиздан 18 километр масофадаги Гулистон шаҳрида қурилган Марказий Жомеъ масжидда  ўқир  эдилар. Илм аҳллари билан китоблар алмашиб, сотиб олиб хурсанд  бўлиб  уйга  келар  эдилар.
Мен учун отамнинг гапи  қонун, буйруғи менинг хоҳишимдан устун  турар эди. Ёшим улғайгач, гоҳо  отамнинг баъзи қарорларига менда  эътироз  ўйғонар, аммо  ҳеч  қачон отамга  қарши  сўз айтмас эдим. Одобли  ва итоаткор  ўғил ҳолимда доимо бирга  бўлдим.
Бадиий китобларни  мутоала қилиш жони дилим эди. Армия сафида  хизмат  қилган йилларимда, ўқишга  кира  олмай Тошкентда юрганимда, Бухорои  шарифнинг  “Мир Араб” мадрасасида  ўқиган пайтларимда, ҳаётимнинг оғир  ва енгил ҳолатларида, гоҳо қийинчиликларга  йўлиққанимда  ҳам қўрқув  нималигини билмас  эдим. Қийинчилик қаршисида довдираб қолмасдим, аксинча  кучга  кирар  эдим, балким отамдан  ўтган  шижоатми, қайсарликми ўйғониб, албатта енгишимга ишониб сабр  қила  олар, ғалабага  етиб бориб  тантана қилардим. Ички бир ҳиссиёт  билан  отамга  миннатдорчилик  билдирар, “бу  ютуғимни отам билса эди”—деб,  отамга бағишлар эдим. “Ота  рози –худо  рози”,--деган      сўзларни  ўзим одамларга дарс  бера  бошладим.
Бундай ҳолатларнинг  ва хулқ—атворнинг  сабаби ОТАМнинг толдан ясаган чивиқлари ва  ўз вақтида,  яъни  гўдаклик  пайтимда еган калтакларим  меваси эканлигини  кеч англадим.

2. БУХОРО. “МИР АРАБ” МАДРАСАСИ

1979 йилда отамнинг тавсияси билан ўша даврда Совет Иттифоқида  ягона  бўлган  Бухоро шаҳридаги  “Мир Араб” номли исломий, диний мадрасага ўқишга кирдим. Ўқишдаги  пешқадамлигим устозларимнинг  назарларига  тушишимга  сабаб бўлди. Охирги курсда ўқиётганимда устозларимнинг таклифлари  билан уларга дарс  беришда  ёрдамлашиб, мустақил равишда пастки курсларга  қўшимча дарслар ўта  бошладим.
Тўртинчи  курс   талабаларининг  ҳадис  дарсида  “Мишкаатул масобиҳ” китоби, “Боб ул  кабоири ва аломатун нифақ” бобининг  учинчи фаслидаги  узун ҳадис шарифнинг “...Ва анфиқ аълаа иъйаалика мин товлика, ва лаа тарфаъ аънҳум аъсока  адабан ва ахфиҳим филлааҳ” жумлаларини “Ва оилангга топган мулкингдан нафақа қил, уларга  одоб  ўргатаман  деб  хассангни  кўтарма, (яъни, урмагин) ва уларни Аллоҳ йўлида қўрқитгин” деб таржима қилдим. Бу ҳадис  шарифнинг таржимасида нозик нуқтада, аниқроғи араб тилидаги (аън) жор ҳарфга (аълаа)  маъносини  бериб хато  қилганимни сезмай қолдим. Аниқроғи (аън) ҳарфи (устидан,ундан),  (аълаа) ҳарфи эса(устида,унда) деган маънони  англатар ва бирга  келган феъл сўзининг таъсири билан маъноси ўзгариши ҳам  мумкин эди. Бу араб тилининг гўзаллиги  ва сермаънолигини англатар эди.  Мен мударрис  эдим,  ҳадис шарифга бераётган  таржимам  зоҳиран чиройли  ва мантиққа  яқинроқ  эди, аммо  минг афсуслар  бўлсинки,  бир  умр  истиғфор  айтишга  арзигулик  хатога  йўл  қўйган  эдим.
Аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини нотўғри  тушуниб, сўнгра талабаларимга хато дарс  бериб, хиёнат қилган  эдим. Ҳамма фожеа, ҳаётимдаги муҳим хатолар  айнан икки  олам  сарвари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини шошиб, устозларим ҳузурида бир  оғиз ўқиб бермай, таржима  қилишимдан ҳосил  бўла бошлади.
Аллоҳ раҳмат  қилгур  отамга ошкора сўзлаб норозилик билдирмасам  ҳам,  қалбимда “Мана,  Пайғамбаримиз   соллаллоҳу алайҳи васаллам “урма!”—деган   эканларку”—деган   тушунча ўрнашиб  қолди  ва мен  фарзандларимни четрмасдан фақатгина  маърифат  йўли ва илм  йўли  билан тарбия  қилишга  қарор  қилган  эдим....
Афсуски, отамнинг менга берган тарбиясидек тарбияни мен фарзандларимга бера олмадим. Отам  эришган чўққига мен чиқа олмадим....
Инсоннинг ҳаётдаги насибасини Аллоҳ таоло ўзи тақсимлайди. Шу  билан баробар  фарзандлар  тарбиясига   ота –она   сабабчи  ва  масъул  эканлигини    Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари орқали  билдирганлиги ҳам айни ҳақиқат.

3. имом хатиб  ва ақиқа маърузаси

Йиллар ўтди. Бошимда катта салла билан ақиқа маросимига  таклиф  қилинган хонадонга кириб  келдик. Ҳурмат  ва эҳтиром билан ўринларидан турган меҳмонларнинг  ёнидан  ўтиб хонанинг тўрига  ўтирдим. Овоз  кучайтиргични қўлимга  тутқазишиб, интизорлик  билан маъруза кутишаётганликларини изҳор  этишди. Мен маърузани фарзандлар тарбиясига  бағишлаб, Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис  шарифларидан айта  бошладим. Одамлар елкаларига қуш қўнса сезмайдигандай бошларини ҳам  қилиб тинглашар эди. “...Фарзандларингга одоб  ўргатаман деб ҳассангни  кўтарма, уларни Аллоҳ  билан  қўрқит!”--  деганлар Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам”—деган   эдим, ёнимда  ўтирган, тик  сўзлиги билан танилган Анваржон  домла “ Тақсир, “Ур!” деганларку”,--деб     луқма  бериб  қолди.
Нафасим ичимга  тушиб, ҳаёлимда ер остин—устин   бўлиб  кетди. Хатоимни ўша лаҳзада тушундим. Раҳматли отам ялт этиб ҳаёлимдан ўтдилар. “Мирқот”ни кўрай деган эдим—а!?—фикрим яшин  тезлигида ишлай  бошлади. Даҳшатли  хато содир  этганим, шу ёшимгача Пайғамбарим  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  сўзларини  нотўғри  тушуниб  юрганим ва раҳматли отам ҳақида  ноўрин  тасаввурга йўл  қўйганим мени карахт  қилиб  қўйган  эди.
Хато эътиборсизликдан  содир этилиши мумкин, аммо ҳаётингизга муҳим  таъсир  кўрсатган хатони кеч  англасангиз, истиғфор  айтишдан  бошқа ишга  ярамай  қоласиз экан.
Уйга келган заҳотим китоб жавонимдан Мулла Али Қори(раҳматуллоҳ алайҳ)нинг “Мирқотул Мафотиҳ” китобини олиб кўз  югиртирдим.  Биринчи жилднинг 237 саҳифасида  юқоридаги  ҳадис  шарифнинг  шарҳи ёзилган эди:
“(“...ва анфиқ аълаа иъйаалика”) яъни шариат кўрсатмасига ва фиқҳ китобларида кимлиги бирма—бир  баён этилганига биноан сенинг зиммангга нафақаси  вожиб  бўлган кишиларга нафақасини адо эт! (“мин товлика”) яъни тоқатинг етганича касб қилиб, ортдирган  молингдан, одатда қабул  қилинган миқдорда, ўртачалик  ва иқтисод  қилган ҳолингда нафақасини бажар! (“ва лаа тарфаъ  аънфум  аъсока адабан”)яъни улар одоб ўрганишлари  учун  калтаклашингга лойиқ  бўлсалар, уларга ён босиб, урадиган ҳассангни уларнинг устидан кўтариб қўймагин. “Нисо” сураси 34 оятидаги Аллоҳ таолонинг  сўзи: “Бош кўтаришларидан (итоатсизлигидан)  хавф қилинган  аёлларга ваъз—насиҳат  қилинг, (натижа бермаса) ётоқларида ҳижрон  қилинг ва (таъсир қилмаса) уринг(жароҳат етказмасдан)”—маъноси  таржимасининг сиёғига риоя  этган  ҳолда одоб бериш  учун ургин, зинҳор  азоб  бериш  учун  урмагин,   (ва ахфиҳим филлааҳ) яъни уларни Аллоҳ таолонинг буйруқларига ва қайтариқларга хилоф иш қилишдан насиҳат ва таълим билан;  фақирларга таом  бериш, етимларга эҳсон, қўшниларга яхшилик қилиш каби гўзал ва макоримул ахлоқларга қизиқтириш билан  қўрқитгин”.
Устозларимизни ва ўз умрларини фарзандлар тарбиясига  бағишлаган ота—оналаримизни Аллоҳ таоло ўз раҳмати ила шод айласин! Кўзим очилди. Астағфируллоҳ! Отамнинг тол чивиқларининг ҳикматини энди тушундим.

4.Отага сўзсиз итоат — фарзанднинг  бахтига кафолат

Ҳар бир ота ва она ўз фарзандини бахтли кўриш учун табиий равишда жонини ҳам фидо  қилишга  тайёр. Улар ўз ҳаётининг давомчисига, кўзининг қувончига, акс – садосига,  дунёдаги бор нарсадан афзал кўрувчи фарзандига совуқ  шабадани ҳам раво  кўрмайди. Аммо тарбия соҳасида  хато қилишга ҳеч бир ота ва онанинг ҳаққи йўқ.
Фарзанд бу фидоийликни тушунсин ва сўзсиз итоат қилишни ўз бахтига кафолат деб қабул қилсин, яъни ўзини (Отасини тушунган солиҳ фарзанд Исмоил алайҳиссаломнинг отасига итоати каби ) фидойиликка тайёрласин.
Азалий ва аслий  душман, лаънати Шайтонгина, доимо отани боладан, эрни хотиндан, дўстни дўстдан, одамларнинг қалбларига васваса солиб, ажратишга харакат қилади. Уни душман билиб, унга “тош” отиб юракдан қувиш керак. Отанинг “одоб хипчини” шайтонга ўз вақтида отилган, ўта таъсирли, халок қилувчи  “тош” бўлса ажаб эмас.
Отага сўзсиз итоат қилишни ўргатиш  учун баъзи гўдакларга “одоб хипчини” зарур бўлса, отанинг  қўллаши вожиб бўлади.
Отанинг ўрнини она боса  олмайди, чунки онанинг одоб  ўргатадиган “ҳасса”си йўқ! Она ўз боласини отанинг “ҳасса”си билан қўрқитиши мумкин. Онанинг  қалби  юмшоқ ва меҳрибон, аммо қаттиққўлликга  салоҳиятли   эмаслиги маълум.
Отага сўзсиз итоатни ўрганган болада Аллоҳ таолога итоат; отанинг сўзини эшитиб, тушунишга ўрганган болада  ҳар бир инсонни ва ҳар қандай  яхши сўзни тушунишга  қобилият  пайдо  бўлишини ёдингиздан чиқарманг.
Кўр—кўрона  итоат бу исён  кўтарилиши хавфи йўқолмайдиган итоат, аммо тушуниб итоат қилиш муҳаббат  ва гўзалликдур
Болага  кўтариладиган “ҳасса” юмшоқ, фақатгина терини ачитадиган  бўлсин. Боланинг хипчиндан  қўрқадиган  вақтида, яъни тарбияга ўта мухтож бўлиб  турган пайтида –гўдаклигида  уриб,  пўписа  қилсангиз  натижага  эришасиз. Ҳадис шарифларда айтилганидек; 7,10 ёшларида уринг. Бола ўз отасининг унга насиҳат беришга, пўписа  қилишга, уришга  хақли эканлигини ақли  ва танаси билан ҳис  эта олишни ўргансин.
Одоб  ўргатадиган “ҳасса”нгизни хеч қачон пастга  туширманг, доимо фарзанд ўз тепасида отасининг унга аталган сўзи, розилиги ва “ҳасса”си борлигини, яъни маслаҳат қилиш учун ва итоат  қилса муваффақиятга эришиши учун кафолат—отаси  борлигини ёдидан  чиқармасин.

Болани Аллоҳнинг розилиги  йўлида  тарбияга чақиринг, дунёвий истакларингиз ёки ўзингиздаги жисмоний  талабларингизни юқори қўйиб болани адаштирманг.
Болага фидойи, меҳру –муҳаббатли бўлинг, унга  зинҳор  беэтибор бўлманг, чунки меҳрга  муҳтож ҳар қандай фарзанд сиздан меҳр топмаса бегоналашиб кетиши  мумкин.
Болага отанинг меҳри аввало насиҳат  билан, сўнгра огоҳлантириш билан ва иложсиз қолинганда “одоб хипчини”  билан  изҳор  қилинади. Фарзанд отаси томонидан ўз вақтида сўз билан огоҳлантирилса, бошқаларнинг таъна-ю, маломатларига  қолиб юзи  ерга  қарамайди;..  отасидан “одоб хипчини”нинг аччиғини танасида ҳис  этган бола улғайганда бегоналарнинг хўрлик  ва азоб берувчи  калтаклари  тагида  ётмайди.
Отанинг меҳри қанчалик эътиборли, аччиқ ва кучли бўлса, фарзанд  шунчалик меҳрга ва оқибатга  мойил  бўлиши ҳам ҳикматга тўла сирли ҳақиқат.
Отанинг “одоб хипчини” бамисоли – “овқатга қўшилган меъёрий туз, ёки чиройли гулни азиз этган ҳушбўй хид”.
Илм ва маърифат—бутун  оламга баробар етиб турган қуёш нурлари ёки барчани ўйғотувчи, хушбўй хидларни оламга ёйгувчи, майсалар бошини силовчи ва покловчи ёқимли шаббода; аммо отанинг “одоб хипчини”—боғбоннинг  ҳар бир нихолга берган алоҳида меҳри, ниҳол  атрофини бегона ўтлардан тозалаб, тагини юмшатиб, мева бермайдиган ортиқча шохларини олиб ташлаши десак  хато қилмасак керак.


ХОТИМА

Хатолар такрорланмаслиги  учун Аллоҳу таолодан тавфиқ  сўраймиз. Меҳрибон Аллоҳу таолога истиғфор айтамиз. Хато қилувчи ақлимиз  билан  хулосалар  чиқаришга харакат қиламизки; тойилишдан, фитнага  йўлиқишдан Ўзи асрасин.
Ожиз фикримиздан  қуйидагилар ўтмоқда:
--Қуръон азиймуш шаън тили  бўлган—араб   тилининг  ҳар  бир ҳарфи ва сўзи олам –олам  маъно  касб  этиши  ҳамда исм, феъл калималарининг жумлада  ўзаро боғланиш  жараёнида ўзгача  маъно  касб  этиши мумкинлигини ҳисобга олиб, дақиқ ва солиҳ  устозлар томонидан ўрганиб чиқилган луғат, сарф, наҳв, фасоҳат, балоғат илмларидан бехабар одам араб тилидаги маъноларни таржима қилишга ҳаққи йўқлиги;
--Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари фасоҳату—балоғатга  бой  эканлиги  ва уни  тушуниш  учун  аввалда  ўтган, диний илмга эга бўлган устозларимиздан албатта  дарс  олишимиз, сўнгра ижозат берилсагина ҳадис ҳақида сўз очмоғимиз мумкин эканлиги;

--Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари мўъжиза эканлиги  ёддан  чиқмаслиги; кимга, нима мақсадда ва қачон айтилганлигини билмагунча бирон бир киши бу сўзларнинг моҳиятига  тўлалигича  ета олмаслиги;
--Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар биримизга ота онамиз ҳам айта олмаган фойдали гаплар айтганлари, яъни бизларга ота онамиздан ҳам меҳрибонроқ  эканликлари;
--Муваффақиятларимиз даражалари Қуръон ва Ҳадис илмларини тўғри маънода қабул  қила олишимиз ва амалда қай даражада қўллай олишимизга боғликлиги ва ҳакозо...  Валлоҳу аълам.

Абдумуталиб  ЗОМИНИЙ