Тасбеҳ айтишга илк тарғиботнинг асоси
Аллоҳ таола ўзи яратган махлуқотлар ичида энг афзали қилиб инсон зотини азиз ва мукаррам қилди. Уларни ўзига ибодат қилиш, тасбеҳ айтишга буюрди. Хусусан муборак каломи Қуръони каримда: “Осмонлару ердаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтадилар. У зот ғолиб ва ҳикмат эгасидур” - деб, мархамат қилади.
Ушбу оятнинг мазмунига мувофиқ бугун соф мақсадимиз сари илдам қадам ташлар эканмиз. Аллоҳнинг номига Хар куни ва соат сония сайн Тасбеҳ айтган холимизда барча ишларимизда ўзидан куч ва қувват сўраб тўғри йўлдан адашмай боришимизда мададкор бўлишини дуо ила илтижоларимизни изхор қиламиз.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоху анхудан. ривоят қилинади:
«Биз Расулуллоҳнинг саллоллоҳу алайхи васаллам ҳузурларида эдик. У зот: «Биронтангиз бир кунда мингта ҳасанот касб қила оладими?» деб сўрадилар. Ўтирганлардан бири: «Мингта ҳасанотни қандай қилиб олиш мумкин?» - деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайхи васаллам: «Ким юзта тасбеҳ айтса, мингта ҳасанот ёзилиб, мингта хатоси ўчирилади», дедилар».
Имом Муслим ривояти
Абу Зарр розияллоху анхудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардаги ҳар бир бўғимингиз учун ҳар куни тонг отганда садақа бордир. Ҳар бир тасбеҳингиз (яъни, «Субҳаналлоҳ», дейишингиз) садақадир. Ҳар бир ҳамдингиз (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир таҳлилингиз (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) ҳам садақадир. Ҳар бир такбирингиз (яъни, «Аллоҳу акбар», дейишингиз) ҳам садақадир. Яхшиликка буюришингиз ҳамда ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Чошгоҳ (зуҳо) пайтидаги икки ракат ўқиган намозингиз буларнинг барчасига кифоя қилади», - дедилар. Имом Муслим ривояти.
Уммул мўминин Жувайрия розияллоху анходан. ривоят қилинади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: эрталаб субҳ намози пайтида унинг (Жувайрия онамизнинг) ҳузуридан чиқиб кетдилар. У намоз ўқийдиган хонасида эди. Сўнгра зуҳо намозини ўқиб бўлиб қайтиб келсалар, Жувайрия онамиз ҳали ҳам ўтирган эди. Шунда Расулуллоҳ: «Чиқиб кетганимдан бери шу ҳолатда ўтирибсанми?» деб сўрадилар. Онамиз р.а.: «Ҳа», дея жавоб берди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сендан кейин тўртта калимани уч мартадан айтдим, агар улар тарозида ўлчанса, сен бугун айтган нарсалардан оғир келади. Улар: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ъадада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва мидада калиматиҳи»
Яъни (маъноси: «Яратганларининг ададича, нафси рози бўлгунича, Аршнинг вазнича, калималарининг узунлигича Аллоҳга ҳамд айтаман ва Уни поклайман») деганидир», - дедилар.
Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа бир ривоятида «Субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи», дейилган.
(Маъноси: «Халқининг ададича Аллоҳни поклайман, нафси рози бўлгунича Аллоҳни поклайман, Аршнинг оғирлигича Аллоҳни поклайман, калималарининг узунлигича Аллоҳни поклайман».)
Имом Термизий ривоятида эса «Субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ъадада холқиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи ризо нафсиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи зината ъаршиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи, субҳаналлоҳи мидада калиматиҳи» бўлиб келган.
Шу ўринда айрим кишилар орасида шундай савол пайдо бўладикий тасбеҳ ишлатиш макруҳ эканлигини, пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам тасбеҳ ишлатмаганларини айтиб қолишади. Ҳисоб учун тасбеҳдан фойдаланиш бидъатми?
Жавоб беришга шошилмаган холимизда устозлардан келган ривоятлар ва амри-маруфларга қулоқ солиб, уларнинг суннатга мувофиқ келган хадисларга асосланиб берган жавобларига юзланамиз.
Бир амал бидъат бўлиши учун динимиз ман этган бўлиши керак. Ҳолбуки, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам тасбеҳларни данак ва тошчалар билан санаган саҳобаларни кўриб, бу ишдан қайтармаганлар. Ман этмаганлари эса, тасбеҳ айтишни санаш тақририй суннат экани маълум бўлади.
Ҳоким ва Табароний: Мўминлар онаси Сафия розияллоху анхо дан қуйидагича ривоят қиладилар: “Менинг олдимда 4000 дона данак бор экан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: олдимга кирдилар ва эй Ҳуяй қизи, булар нима? деб сўрадилар. Мен улар билан айтган тасбеҳларимни санайман, дедим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мен бу данаклардан ҳам кўп тасбеҳ айтаман, дедилар. Мен эй Аллоҳнинг Расули уларни менга ўргатинг, деганимда у Зот: “Субҳаналлоҳи адада ма холақа мин шайъин” (тасбеҳи) дедилар.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: аёлларини тасбеҳ санашдан қайтармаганлар балки ундан ҳам кўп ва фазилатли тасбеҳни ўргатганлар. Тасбеҳ тақрири набавий (яъни, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам иқрор бўлганлари учун) туфайли ман этилмаган. Бу хусусда саодат асрининг тасбеҳ тўғрисидаги мисоллари шу билан чегараланмасдан, балки Саъд ибн Абу Ваққоснинг ривоят қилган ҳадислари ҳам юқоридаги сўзни қувватлайди.
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бир аёлнинг олдига кирдилар. У аёлнинг ҳам олдида данаклар ёки майда тошлар бор эди. У аёл бу нарсалар билан тасбеҳ айтар эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга булардан ҳам осон ҳамда фазилатли тасбеҳни ўргатайми?”, – дедилар ва қуйидагиларни айтдилар: “Осмонда яратилган махлуқотлар ададича Аллоҳга тасбеҳ айтаман. Барча яратган махлуқотлари ададича Аллоҳга тасбеҳ айтаман. “Аллоҳу акбар” ҳам, “Алҳамдулиллаҳ” ҳам, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” ҳам худди шундай ўқилади, дедилар.
Юқоридаги икки ҳадиси шариф ҳам майда тошлар ёки данаклар билан тасбеҳни санаш жоиз эканига далолат қилади. Зеро, Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: бундай нарсаларни ишлатишдан қайтармаганлар, балки ундан ҳам фазилатли тасбеҳ айтишни ўргатганлар.
Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таола ўзи яратган махлуқотлар ичида энг афзали қилиб инсон зотини азиз ва мукаррам қилишида ҳам манашу Тасбех айтиши билан алохида ажралиб туради.
Бизнинг хам мақсадимиз Охри замон пайғамбари Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, бугунги кундаги умматларига энг тўғри соф мусаффо ақида, Ханафий мазхаби ила ибодат, зикр ва тасбех айтиш хамда Аллохнинг розилигини топиш йўлида мехнат қилишга бел боғламоғимиз даркор бунинг учун Яратганинг ўзидан куч қувват сўраб дуоларимизда бардавом бўлайлик.
«Саййид Авлод Наслий»