Истиқлол - бахти саодатимиз

 Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Аллоҳ таоло бу саодатли ва қутлуғ айёмни барчамизга муборак айласин.


Бу йилги мустақиллик тантаналари "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним" шиори остида шаҳар ва қишлоқларимизда, олис ва яқин туманларимизда юқори кайфият ва юксак тайёргарлик билан ўтказилаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Аллоҳ таолонинг биз бандаларига ато қилган улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан ҳалос топди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: 
“Айтинг, Ҳақиқат келди ва ботил йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир”.

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар, ўнлаб олиму уламоларимиз, буюк мутафаккирларимиз қўним топган қадамжолар ва зиёратгоҳлар таъмирланиб, қайта барпо этилди. Ҳар йили минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқдалар.
Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳ таолонинг сизу бизларга ато этган инъоми ва истиқлолимиз шарофатидандир.

Ҳақ Субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда бизларга: 
“...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”, - деб таъкидлаган.
Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд, ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан унинг қадрини билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Албатта, бу Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида:
яъни: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, - деганлар
(Имом Термизий ривояти).
Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид кўплаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди ва қилинмоқда.

Жаҳон ислом тамаддунига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланиб, қадамжолари обод қилинди, асарлари эса нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадис тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.
Мустақиллик йилларида Имом Бухорийнинг “Ал Жомиъ ас-Саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-Муфрад” асарлари, Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя”, Абу Исо Термизийнинг “Сунан”, мазҳаббошимиз Имом Аъзамнинг “Асарлар”ва “Муснад” каби машҳур асарлари, ақоид, фиқҳ усуллари, Ҳадис, сийрат, тафсир, араб тили сарфи ва наҳвига доир ўнлаб дарслик ва китоблар нашр этилди. Демак, биз мусулмонлар динимиз ривожи учун кўрсатилаётган ғамхўрликни Аллоҳнинг марҳамати деб қабул қилишимиз ва албатта унинг шукронасини адо этишимиз лозим бўлади.

Шукрона, асосан, икки қисмдан иборат. Яъни фикрий ва амалий шукрона.
 
1. Фикрий шукрона шундан иборатки, истиқлол неъматининг шарофати туфайли қўлга киритилган диний ва дунёвий ютуқлар хусусида мушоҳада юритиб, Ҳақ таолодан сидқидилдан миннатдор бўлмоқ.

2. Амалий шукрона эса Аллоҳ таолонинг берган бу улуғ неъматларига тажовуз қилмоқчи бўлган қора ниятли кучларга қарши курашмоқ. (Қора кучлардан мурод ислом динини ниқоб қилиб, ҳар хил номлар остида пайдо бўлаётган нобакорлар) -дир.

Демак, ҳар бир комил мўмин бўлган эркак ва аёл шукроналик моҳиятини чуқур англаб, ўзини шукр қилувчи бандалар қаторига қўшмоғи матлуб амал экан. Ким ҳаётда яхши из қолдириб ўтса, саодати абадияга эришган бўлур эди. Қўлидан келса бошқа инсонларни ҳам мана шундай покиза ҳаёт тарзига чақирсин.
Кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, нафақат Ислом, балки бошқа динлар равнақига ҳам зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муроса қилмаслик динимиз талабидир.

Демакки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағрикенглик эса унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин.

 Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
 
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимиз тинчлигини барқарор айлаб, халқларимизнинг фидокорона қилаётган меҳнатларига муносиб ажр-мукофотлар ато этсин! Омин.


Андижон вилояти вакиллиги
Мархамат тумани бош имом-хатиби:    М. Шарофуддинов