Суннат ила жаннатга киришга тарғиб қилган ҳадис
Абу Хурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас»- дедилар.
Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» - дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади» - дедилар. (Бухорий ривоят қилганлар) .
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамнинг жаннатга кириши Ўзларига итоат қилишга боғлик эканини таъкид қилмоқдалар.
«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, бош тортганигина кирмас». Яъни, «Умматимнинг киришдан бош тортганларидан бошқа ҳаммаси, албатта жаннатга киради», - демоқдалар.
Бундан ажабланган Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» - дедилар.
Яъни, «Жаннатга киришдан бош тортган одам ҳам бўладими?!» - дедилар. Бу саволга жавобан У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса жаннатга кирар, ким менга осий бўлса бош тортган бўлади» - дедилар.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатдан бош тортиш, жаннатга киришдан бош тортишга баробардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, У кишини Суннатларини маҳкам тутиш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилмаган одам эса, у кишига осий бўлади.
Демак, хулоса аниқ:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига итоат-жаннат!
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига осийлик-дўзах! дир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Бутун пайғамбарлар хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига итоат қилиб. Аллоҳнинг розилигини топиб яшашга ва охр мукофоти жаннат бўлган улкан ажрга эришишни барчаларимизга насиб айласин.
(Одоблар хазинаси китобидан) Адабул муфрадни ўрганиш ойлиги учун
Андижон вилояти Мархамат тумани
"Бозор боши" жомеъ масжиди имом-хатиби: О. Расулов