«Хўжа Аламбардор» жоме масжиди
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Янгиобод маҳалласи Камолон кўчаси
71-уйда жойлашган "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди ҳақида
"Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалласи Камолон кўчаси 71-уйда жойлашган. "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди Тошкент шаҳар Адлия бошқармасининг 1998-йил 07-августдаги №:79 сонли гувоҳномаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 1998-йил 21-июлдаги №:09-006856 сонли гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган. "Хўжа Аламбардор" масжидига 2003-йилдан буён, Сайфуддинов Раҳматуллоҳ Ҳабубуллаевич, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг 2003-йил 16-июндаги №:374 сонли буйруғига асосан имом хатиблик қилиб келмоқда. "Хўжа Аламбардор" масжидига шу номнинг берилишининг сабаби, "Хўжа Аламбардор" баъзи манбаъларда "Хожа Аламдор" лақаби билан тилга олинган Тошкентдаги мақбара эса Абдулазиз бобнинг рамзий қабри сифатида машҳур. Мазкур мақбаранинг қачон ва нима сабабдан юзага келгани ҳақида маълумот берувчи ёзма манбанинг ҳозиргача учрамагани боис у ҳақида турли нақллар мавжуд. XIX аср 2 ярми XX аср бошларида Тошкентда бўлган бир қатор европалик муаллифларининг маҳаллий аҳоли вакилларидан эшитган маълумотларга кўра эса, Хожа Аламбардор номи билан танилган Сайид Абдулазиз машҳур аллома Қаффол Шоший (904-976) мулозимларидан бўлган. "Аламбардор" ёки "аламдор" сўзи "байроқдор", "байроқ кўтариб юрувчи" маъноларини билдириб, ўтмишда ҳукмдор, саркардага тегишли байроқни кўтариб юрувчи кишиларга нисбатан ишлатилган. Марказий Осиё ҳудудида "аламбардор" лақаби билан юритиладиган бир нечта мозорлар мавжуд. Улар орасида Сайрам ва Тошкентдаги Хожа Аламбардор мозори машҳур ва уларнинг тарихи бир бири билан боғлиқ. Ёзма манбаларда мазкур шахс "Абдулазиз боб" ва "Сайид Абдулазиз" деб тилга олинган. Абдулазиз бобнинг VIII аср иккинчи ярмида Сайрам ва унга туташ ҳудудларда ислом дини учун кураш олиб борган Халифа Али (р.а.) фарзанди Муҳаммад Ҳанафия авлодларидан бўлган Исҳоқ боб қўшинида байроқдор бўлгани ва Сайрам учун бўлган жангда шаҳид бўлгани айтилади. Сайрамдаги Абдулазиз боб мақбараси ХУ-Х1Х асрлар давомида шаклланган, бўлиб "Балогардон бобо" номи билан машҳур. Ушбу муаллиф Носириддин Али ал-Байзовийнинг (XIII аср) "Тарихи Байзовий" асаридаги маълумотларга таяниб, Хўжа Аламбардорнинг бундай ном олиши сабабига тўхталади. Унга кўра, кунларнинг бирида чилтонлар ўз шерикларидан бири вафот этгач ўрнига Хўжа Аламбардорни муносиб топадилар. Шундан сўнг Ҳизр алайҳиссалом Хўжа Аламбардорга чилтонлар байроғини топширган эканлар ва шу сабаб "аламбардор" лақабини олган эканлар. Хўжа Аламбардор мозорида масжид ўрта асрлардан буён маҳалла аҳли ва зиёратчиларга хизмат қилиб қилган. Маълумотларга қараганда, Хўжа Аламбардор мозоридаги масжид биноси 1790 йилда қурилгани қайд қилинган. XIX асрдаги эски масжид эса Тошкентлик Саидазимбой маблағига бунёд этилган. 1918 ва 1924 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг масжид Шўро ҳукуматининг 1944 йил 6 декабридаги №452 қарори билан қайта очилган. Масжид 1945 йил 10 майда қайта рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда. Масжиднинг ҳозирги биносини қуриш 1993-йилда бошланган бўлиб, 2005 йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг эски ҳонақоҳи 2009-йилда таъмирлаш ишлари бошланган эди, таъмирлаш ишларида юртимизнинг барча воҳаларидан тажрибали усталар ва дурадгорлар масжидда меҳнат қилишди. 2011-йилнинг 22-июл жума куни илк бор ушбу масжиднинг эски ҳонақоҳида жума намози ўқилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уломолари, ҳурматли устозлар ва бир қанча меҳмонлар ташриф буюришди. Масжидда замонавий таҳоратхона ва барча шароитлар барча мўъмин муслмонлар ихтиёрида. Бу хайрли ишимиз масжид қавмининг мустақиллигимизнинг 20 йиллик тўйига мусулмонларнинг тўёнасидир. Масжид ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун ҳамда амалдаги бошқа қонунларга амал қилмоқда. Шунингдек, Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон мусулмонлари идораси устави ва масжиднинг уставига мувофиқ фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди умумий майдонига жами 5000 намозхонга мўлжалланган. Масжидга асосан Янгиобод, Камолон, Каттабоғ, Чарх Камолон, Самарқанд дарвоза ва Бешёғоч маҳаллаларига хизмат кўрсатади.