Сергелида 3 минг ўринли янги масжид қуриб битказилди
Сергели туманидаги Қут-барака маҳалласида 3 минг ўринли янги масжид қад ростлади. Ҳашар йўли билан 2023 йил январь ойида қуриб битирилган «Абдуллоҳ ибн Зубайр» жомеси Сергели ва Янгиҳаёт туманларида яшовчи аҳолига хизмат қилиши кутилмоқда.
Масжид – маҳалла фаоллари ва саховатли инсонларнинг кўмаги билан 3 йил давомида қуриб битказилган. Масжидда асосий ва ер ости-хонақоҳи, таҳоратхона, 38 метрли минора, кутубхона ва автотураргоҳ бор.
Масжид қурилиши учун барча тегишли идоралар – Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идорасидан розилик олинган. Шу билан бирга бино шаҳарсозлик нормаси талабларига ҳам жавоб беради.
Фақат, ҳозирги кунда масжид очилиши ва унда ибодатни бошлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Алимардон Қаршиевнинг имзоси етишмаяпти, дейди маҳалла фаоллари.
Агар ҳокимлик мулозими масжид очилишига розилик билдирса, маҳалла фаоллари тезроқ Адлия органлари орқали диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказиб, Рамазон ойида мусулмонларга қувонч улашишни режа қилмоқда.
Manba: kun.uz