Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид Ургутда барпо этилди

Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид Ургутда барпо этилди

Яқин кунларда мамлакатимиздаги масжидлар сони яна биттага кўпаяди. Самарқанд вилояти Ургут туманида катта ва кўркам қилиб қурилган масжидда айни кунларда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Kun.uz мухбири ушбу масжидда бўлиб, унда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

Ургут тумани бош имом хатиби ноиби Ҳусниддин Ибрагимовнинг маълум қилишича, ушбу масжид хонақоҳи 55х45 метр ўлчамда қурилган бўлиб, хонақоҳнинг икки четида 18х45 метр ўлчамда айвон ҳам тушган. Масжид хонақоҳи ўртасидаги гумбазнинг баландлиги 36 метр, масжид четида жойлашган тўртта миноранинг ҳар бири 40 метрдан баландроқ.

Масжидда бир вақтнинг ўзида 10 мингга яқин одам сиғиши мумкин. Масжид ҳовлисида намозхонлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган замонавий таҳоратхона ҳамда ходимлар учун икки қаватли маъмурий бино қурилган. Атроф ободонлаштирилиб, манзарали дарахтлар ва гуллар экилган.

«Ушбу масжид Ургут халқига ажойиб туҳфа бўлди. Бугун масжидда сўнгги пардозлаш ишлари бажарилмоқда. Мусулмонлар идораси ва Диний қўмита билан маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг рухсати билан масжиднинг очилиш маросимини ўтказамиз. Масжидга ҳали ном берилмаган. Маслаҳатлашиб, унга ном қўйилади», дейди Ҳусниддин Ибрагимов домла.

Маълумот учун, Ургутда қурилган бу масжид Самарқанд вилоятидаги энг катта масжид бўлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Манба: kun.uz