Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Тинчлик» жоме масжиди
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Тинчлик» жомеъ масжиди таъмирланиб, қайтадан қуриб битказилди.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки, инсонни азизу мукаррам айлаб, ер юзига ҳокиму мутлақ айлади. Ақл неъматини бериб, унинг шаклу шамойили, ранг ва кўринишини сир тутиб, Ўз қудратини намоён айлади. Мўмин-мусулмонларга Қуръони каримдек улуғ мўъжизавий китобни нозил айлаб, ҳидоят йўлини кўрсатди.
Ўз каломида ер юзини обод қилиш, масжидлар қуриш шарафи мўминларга муносиблигини баён этиб, «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар» деб уларни олқишлаган Зотга ҳамду санолар бўлсин.
Мадинаи Мунавварада илк масжидни қурган, масжид қурилишига бош-қош бўлган, мўминлар билан бирдек меҳнат қилиб, масжид қурадиган барча умматларига ибрат кўрсатган, «Ким Аллоҳ таолонинг йўлида бир масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир уй бино қилади» деб, умматларини масжид қуриш ва уни обод қилишга чақирган, ширин сўзли, қамар кўзли, тавозеъда қиёмат кунигача башарият пешқадами бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг розилиги учун, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга садоқат ва муҳаббат туфайли, мўмин мусулмонлар фойдалансин-у, савоблари бизга етсин деб, масжиду мадрасалар қурган барча аждодларимизга Аллоҳ таолонинг раҳматлари бўлсин.
Тошкент шаҳрида содир бўлган 1966 йилги зилзиладан сўнг пойтахтимизда кўпқаватли бинолар қуриш авж олди. Эски маҳаллалар бузилиб, ўрнига замоновий уй-жойлар тушди. Секин-аста бу жараён шаҳарнинг марказидан атрофдаги туманларга ҳам етиб келди. 1969 йилда Чилонзор туманининг эски «Нўғайқўрғон» ва «Хайробод» маҳаллалари ҳам бузилиб, ҳозирги Занги ота тумани (собиқ Калинин райони) ҳудудидаги колхозлар ҳудудидан уй қуриш учун аҳолига ер ажратилди. Ҳамма янги уй жой қуришга киришиб, тезроқ кўчиб кириш ташвишига тушди. Ўз уй-жойларини қолдириб, янги жойларга кўчларини кўтариб кирганлар тезроқ ўзларига бошпана қурмасалар, тез орада куз, қировли қиш эшик қоқарди. Шу сабаб одамлар тезроқ уйларини битириб олиш ғамида бўлишди. Одамларнинг аҳволини тушуниш керак. Давлат томонидан ажратилган арзимас маблағ, эски уйларидан чиққан ёғоч ва бошқа қурилиш материаллари ҳисобига янги уй-жойлар қуриш лозим эди. Бунинг устига кўпчилик қавм-қариндошларидан узоқлашиб, бошқа жойга боргиси келмасди. Шу боис иложи борича ҳамма бир-бирига яқин жойдан ер олишга интиларди. Янги ер олганлар қурилаётган маҳаллани яхши ният билан «Тинчлик» деб аташди. Шу тариқа Чилонзор туманида янги «Тинчлик» маҳалласига асос солинди.
Маҳаллада уй-жой қурилишлари авжига чиққан, ҳар куни ҳашар. Маҳалладошлар йиғилиб, навбат билан бир хонадоннинг ғиштини териб, томини ёпишар, сўнг лўмбоз қилишарди. Ўзбек халқига азалдан хос бўлиб келган маҳалла деган улуғ жамият дунёнинг ҳеч бир халқида йўқ. Маҳалла оқсоқоллар, маҳалла фаоллари халқнинг тўйларида бош-қош, елкадош, ҳар қандай хизматга тайёр, маҳалла обрўйи учун курашади. Маҳалла аждодларимиз ташкил қилган ана шундай ташкилот эди. Бу ташкилотнинг раислари кекса, кўпни кўрган, ҳаёт синовидан ўтган, тажрибали инсонлар бўларди. Тинчлик маҳалласининг барпо бўлишида ҳам маҳалланинг роли жуда катта бўлган. Ҳаммани бирлаштириб, ўзаро ёрдам, ҳашарлар уюштирилар эди. Бу ишларни бажаришда миллий қадриятлар, ўзаро ҳурмат, қариндошлик ришталарини боғлаш каби долзарб муаммолар кўндаланг турарди, чунки шаҳримизга турли республикалардан турли миллат, дин вакиллари оқиб келарди. Ёт иллат, расм русмлардан, айниқса, ёшларнинг бошқа динларга кириб кетиши, уларнинг одатларига ўрганиб қолиш хавфи ҳам йўқ эмасди, чунки янги кўчиб келаётганлар орасида нафақат бу юртда яшаш, балки динимизни йўқ қилиш, миллий урф одатлардан узоқлаштириш, ароқхўрлик ва бошқа турли салбий иллатларни ёшларга сингдиришни махфий режалаштирганлар ҳам бор эди. Маҳалла аҳлини бу иллатлардан сақлаб қолиш учун маҳалланининг кекса отахонларидан Рихсивой ота бошчилигида Мурод ота, Толиб ота, Қутбиддин ота, Фахриддинхўжа ота, уста Туроб ота ва бошқа бир неча фидойи инсонлар шўролар динни афюн деб турган бир паллада маҳаллада масжид очишни мақсад қиладилар. Маҳалла аҳли учун тобут сақланадиган, тўй-маъракалар учун идиш-товоқ сақланадиган жой учун ер ажратилишини сўраб Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига мурожаат қилади. Раҳбарият ушбу илтимосни инобатга олиб, 0,06 га ер ажратиб беради. Ер бор, аммо қурилиш материалларичи-чи, уларни қаердан олиш керак? Яна маҳалла аҳли халққа мурожаат қилиб, масжидни умумхалқ ҳашари йўли билан қуришга киришилади. Бу ишларда айниқса Рихсивой отанинг хизматлари катта бўлади. У киши ўзларининг уйлари қурилмай қолса-да, аввал масжидни тугаллашни режалаштирадилар. Кимдир ғишт, бир дона тўсин, кимдир сомон, яна кимдир тахта олиб келиб, масжидга ҳадя қилади. Ниҳоят, биргалашиб қилинган ҳашар йўли билан масжид қурилиши якунланиб, анжомлар ва идиш-товоқ сақланадиган алоҳида хоналар ҳам қурилади. Шундай қилиб, 1969 йилнинг кеч кузида масжид битади. Ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, масжидни «тобутхона» деб атаб, кўчаларга қоровуллар қўйиб, намозлар яширинча ўқиб юрилади. Бу масжид диний ва миллий қадриятларимизни сақлаш йўлида катта хизмат қилади ва 1994 йилга келиб, жомеъ масжидига айланади. Аммо эски бино ўз ҳолича қолган эди. Кейинроқ, 1998 йилда расмий жомеъ масжид мақомини олиб, Тошкент шаҳар адлия бошқармасидан рўйхатдан қайтадан ўтди.
Шу давр мобайнида масжидга кираверишга ва ўнг томонга икки қаватли, эни 5 метрлик бино қурилди. Бу даврда масжидга Абдуллоҳ Исҳоқов ва Миршавкат Тўйчиевлар имом хатиб бўлишиб, бу ишларга бош-қош бўлишган. Маълум сабабларга кўра 1969 йилда қурилган масжиднинг асосий қисми – катта хонақо охиригача қурилмай қолиб кетган эди. Ўша пайтда отахонлар раҳбарлигида қурилган масжид хонақоси бугунги кун талабларига жавоб бермай қўйган эди. Ўтган йиллар мобайнида хонақо атрофлари, ҳовли ва бошқа жойларига бетон қуйилгани учун масжид полларининг тагига шамол кирмай, зах босган эди. Ўртадаги катта контрамарка печка қиш кунлари масжидни исита олмасди.
Мен ушбу масжидга 2009 йили имом бўлиб келдим. Масжиднинг ҳолатини кўриб, уни тубдан қайта қуриш кераклигини англаб етдим ва 2011 йилда масжидни қайта қуриш лозим деб, диний идорага ариза бердим. Аризам ўрганилиб, масжидни қайта қуриш учун тегишли ҳужжатлар тайёрлашга киришилди. Афсуски, қайта қуришга рухсат олишни кутиб турганимизда, 2012 йилнинг 30 декабр куни айнан ўша эски бинода кичик ёнғин келиб чиқди. Аллоҳга шукрки, ёнғиндан ҳеч ким зарар кўрмади. Ёнғин чиққан жой вақтинча ёпиб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқ Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовлар масжидда жумъа намозини адо қилиб туриш, кундалик фарз намозларни тўхтатмаслик тўғрисида кўрсатма беришди. Жумъа ва беш вақт намоз бирор кун ўқилмай қолмади. Имкон қадар намозхонлар учун шароит яратилди.
Қиш палласи бўлгани боис қурилиш қилишга имкон йўқ эди. Шу даврда масжидни қайта қуриш учун камина имом хатиб Алишер Дўнгбоев, имом ноиби Санъатулло Қорахоний бошчилигида масжид ҳайъати аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга масжидни тезда қайта қуриш лозим деган мазмунда ариза бердик. Масжиднинг архитектура режаси ва чизмаларини Тошкент шаҳар ҳокимиятига тақдим этдик. Март ойининг бошида шаҳар ҳокимлиги аризаларимизни инобатга олиб, эски масжидни бузиб, қайта қуришга ижозат берди.
«Тинчлик» масжиди аҳли ва маҳалла аҳолиси олдида катта синов турарди: Аллоҳ таолонинг байтини қайта қуриш, ота-бувалармиздек ҳашарларда қатнашиб, савоб олиш. Бунинг учун нималар қилиш кераклиги тўғрисида маҳалла кексалари, маҳалла раиси Абдураҳмон Жалилов, масжид ходимлари ва ҳайъати билан келишган ҳолда иш бошлашни режалаштирдик.
Мен ва ёрдамчим узоқ йиллар давомида дин соҳасида ишлаб келганимиз боис, устозларимиз, оталаримизнинг «Бирор хайрли ишни бошлашдан олдин улуғ устозлар ва раҳбарларнинг оқ фотиҳасини олишни унутманглар» деган панд-насиҳатларига амал қилишни лозим деб топдик. Азалдан халқимиз ҳар қандай иш бошлашдан олдин улуғлардан дуо ва ижозат олганлар. Деҳқончиликда ҳам, бирор корхона очишда ҳам, янги иш бошлаш олдидан ҳам авваламбор улуғларнинг дуосини олиб, сўнг иш бошлаш керак деб таълим олганимиз боис, ишни дуо олишдан бошладик.
Биринчи бўлиб устозимизларимиз муфтий Усмонхон Алимов, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, шайх Абдулазиз Мансур, Тошкент шаҳар бош имом хатиби, раҳбаримиз Анвар қори Турсуновдан, шунингдек, маҳалланинг энг кекса отахонлари ва бошқа азизлардан фотиҳалар олдик. Янги масжиднинг биринчи ғиштларини уларнинг номидан қўйдик.
Бу савобли, хайрли ва улуғ ишга раҳбариятимиз томонидан берилган рухсатни эшитган маҳалла аҳлининг, барча мусулмонларнинг боши осмонга етди. Ҳамма қувончдан «Масжидимиз янги бўлар экан» деб, бир-бирини қутлашарди. Бутун маҳалла ҳашарларда қатнашиш учун ҳозиру нозир эди. Биз маҳалладошларимизга даҳрийлар даврида бизларни ўйлаб, ўз уйини қурмай аввал масжид қурган отахонларнинг ҳашарлардаги хизматлари ва фидойиликларини гапириб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилиб ўтдик.
2013 йил – Обод турмуш йили. Юртимизда улкан ижобий ўзгаришлар кутилаётган бу йилда эзгу ишларнинг бошланиши биз учун катта бахт эди. Масжидимизнинг янги биносини «Обод турмиш йили»га муносиб совға сифатида ҳозирламоқда эдик.
Жумъа маърузамизда «Ҳурматли жамоат! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир масжид қурса,Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир уй бино қилади» деганлар. Ушбу ҳадисга биноан, Аллоҳ таолонинг жаннатидаги уйларга дохил бўлиш учун қўлимизга калит тутқазилмоқда. Бу ҳам бўлса ушбу масжиднинг янги биносини қуришдир. Бу масжид бирор ҳомийнинг маблағига эмас, халқ ҳашари билан қурилади. Ҳашар нима эканини унутмайлик. Ҳашар одамлар ўртасида муҳаббат, меҳр-оқибат уйғотадиган, маҳалланинг ҳамжиҳатлигини, мусулмонларнинг бирлигини кўрсатадиган илоҳий ҳамжиҳатликдир» деб айтдик, шу яхши ниятлар билан иш бошладик.
Эски масжидни бузишга фотиҳа берилди. Кексалар бош-қош бўлиб туришди. Ёшлар меҳнатга бел боғлашди. Бир ҳафта ичида эски бино бузилиб, ўрни текисланди. Ана шунда шу қадар уюшқоқ, меҳнатсевар маҳалладошларимиз борлигидан қувондим. Мен ўттиз йилдан буён масжидларда имом ва бошқа лавозимларда ишлаб, ҳашар нималигини кўрганман, буни яхши биламан. 1989 йилдан то ҳозирги давримизгача минглаб масжидларнинг ҳашар йўли билан қурилгани ҳеч кимга сир эмас. Мен Катта Қозиробод, Дўмбиробод, Бўта бува, Занги ота, Эшонгузар масжидларининг қурилишларидаги ҳашарларда бош-қош бўлганман. Халқимиз меҳнатсевар. Ўзаро ҳурмат, яхши сўз билан, асосийси, ёлғон гапирмасдан, тўғри ишласангиз, халқимиз ҳар қандай оғир ишни ҳашар йўли билан амалга оширишга қодир. Ҳар қандай вайронани қуриб, обод қилишда чарчамайдилар.
Масжиднинг янги биноси қурилишига ёшлари етмишдан ошган, авваллари ҳам масжидимизга кўп хизматлари синган ҳожи ота Муҳаммаджон Каримовни раҳбар этиб тайинладик. Уста ва мардикорларни ош-овқат билан таъминлашни яна бир ҳожи отамиз - Шамсиддин Қутбиддинов зиммасига юкладик. Уста ва ишчиларни ҳар куни овқат билан таъминлаш осон иш эмас. Гоҳида ишчи ва ҳашарчилар сони ўттиз кишидан ошарди. Шамсиддин ҳожи акамиз маҳалладаги одамларнинг ҳолатига, ишчиларнинг оз-кўплигига қараб, рўйхат қилиб, маҳалла аҳлига тақсимлаб чиқдилар. Одамлар рўйхат асосида қурувчиларимизга таом олиб чиқишни бошлади.
Ҳар кунги беш маҳал намоздан сўнг эҳсон қилган, овқат олиб келган, хизмат қилаётганлар ҳаққига, давлатимиз раҳбарлари, устозларимиз ҳақларига дуо қилишдан тўхтамадик. «Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар» деганларидек, яхши дуо, яхши насиҳатлар билан йўл кўрсатдик.
Қурилиш асносида яна бир ажойиб ишни йўлга қўйдик. У ҳам бўлса, уч-тўрт кишига бир машинадан шағал-қум, беш-олти кишига цемент ва бошқа қурилиш материалларини тақсимлаб бердик. Эҳсон пули олиб келганларни усталарга рўпара қиллик, ўз қўллари билан усталарга тақдим қилишди. Масжидни кондиционер ва бошқа ашёлар билан таъминлашни бола-чақасидан тинчиган, ўзига тўқ оилалар ўзаро тақсимлаб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ажратилган 10 000 000 сўм ёрдам пули ҳисобига махсус иситиш тизими қурилди, натижада намоз ўқиладиган асосий хонақоҳ ҳамда хизмат хоналарининг поли иситиладиган бўлди.
Шундай қилиб масжидимиз қурилиши март ойида бошланиб, 2013 йил 15 октябрда якунланди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Қурбон ҳайити намозини янги масжидда, чинакам байрамона кайфиятда ўқидик. Масжидга ўрнатилган чиройли қандиллар, ёғоч ўймакорлик санъати асари бўлмиш минбар ва меҳробимиз кўзларни қувонтириб, халқимизнинг, усталаримизнинг санъатини кўз-кўз қилиб турибди.
Албатта, ҳали ҳамма ишларимиз охирига етгани йўқ. Масжид таҳоратхонаси қайта таъмирланиб, замонавий анжомлар билан жиҳозланмоқда, ҳонақоҳга янги гиламлар солиш ниятидамиз. Бунинг учун мусулмон биродорларимизнинг ёрдамларига ҳам эҳтиёжмандмиз.
Ҳашар ҳақида сўз борганда яна бир ибратли воқеани айтиб ўтсак. Ёнимизда Сўгалли ота қабристони бор. 12.10-2013 йил 12 октябр куни пойтахтимиздаги «Камолот» ёшлар ҳаракатининг мажлислар залида имом хатиблар, маҳалла аҳли, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси ва аъзолари иштирокида, бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилган мажлисда қабристонларнинг тозалиги ва озодалиги учун маҳалла раислари, имом хатиблар ҳам масъул эканлиги айтиб ўтилиб, тегишли топшириқлар берилди. Бизнинг «Тинчлик» масжидимиз қурилишида иштирок этаётган ҳашарчиларимиз, ташкилотчиларимиз, маҳалла раислари билан ҳамкорликда қилинаётган ишларни инобатга олиб, «Сўгалли ота» масжидининг атрофларини тозалаш ва томини ёпиш топшириғини олдик. Дарҳақиқат, «Сўгалли ота» масжиди ва зиёратгоҳ атрофини тозалаш жуда зарур экан, чунки масжид қурилиши маълум сабаблар туфайли тўхтаб қолгани боис, бино атрофини турли ўт-ўланлар, ёввойи дарахтлар, қовжираб ётган шох-шаббалардан тозалаш жуда муҳим экан. Юқорида айтиб ўтганимдек, маҳалла раиси Абдураҳмон Жалилов, маҳалла аҳли, масжид имомлари «Сўгалли ота» масжиди, зиёратгоҳи ва қабристонида уч-тўрт марта катта ҳашар уюштириб, тозалаш ишларини олиб бордик.
Шу ўринда Президентимиз бежизга маҳалла бошқарувини такомиллаштирмаганлиги кўриниб туради. Маҳалла, имом хатиб ва маҳалла фуқаролари бирлашган ҳолда, ҳамфикр бўлиб, бир-бирларини қўллаб қуватласалар, кўпгина ишларни ҳашар йўли билан бажариш мумкинлиги ўз исботини топмоқда.
Демак, «бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар» мақолига амал қилсак, катта нарсаларга эришамиз. Шу сабаб имом хатибнинг расмий вазифалари қаторида, халқнинг кўнглига йўл топа олиш, дардига ҳамдард бўлиш, беморларни бориб кўриш, муҳтожларга ёрдам уюштириш, турли хил оқим ва фирқаларга қарши курашиш, маҳалла, шаҳар, юрт тинчлиги учун меҳнат қилиш, юрт тараққиётига қўлидан келгунча ёрдам бериш каби ишлар ҳам бор. Имом хатиблар ҳам бирор касбнинг этагини тутиши, меҳнатдан уялмаслиги, кибр-манманликка берилмаслиги керак. Ҳар бир имом кийиниш, гапириш, муомала қоидаларига риоя қилсин, айниқса кийиниш маданиятига эътибор қаратсин. Чунки милиционернинг ўз формаси, ҳарбийнинг ўз формаси ва бошқа касбдагиларнинг ҳам ўз кийими бор. Диний ходимларнинг ҳам ўз миллий кийими бор. Шу кийими билан ўзининг кимлигини билдириб юрсин. Аллоҳ раҳмат қилсин, шўролар даврида яшаган кўплаб имомларимиз катта-катта давлатларда, Москва, Боку, Киев каби катта шаҳарларда бўлиб ўтган анжуман, учрашув ва мажлисларга чопон ва саллаларида боришган, ўз салла чопони, миллий либослари билан фахрланишган, ўзбек миллатининг, мусулмон умматнинг вакили эканликларини кўз-кўз қилишган. Салла ва чопон диний кийим эмас, балки бизнинг ҳақиқий миллий кийимимиздир. Арабларнинг кийими бошқача, малайзиялик, индонезиялик, покистонлик ва бошқа халқларнинг ўз миллий кийими бор. Бизнинг миллий кийимимиз салла чопан, дўппи, махси калишлар кабидир. Биз имомлар ана шу кийимларимизни фахр ва ифтихор билан кийишимиз керак. Мана шу кийимларимизнинг ўзиёқ ёшларга тарбия бўлади.
Шу билан бирга китоб ўқиш, илм билан шуғулланиш ҳам эсимиздан чиқмаслиги лозим. Шунча ташвишларимизга қарамай, ноиби имомим билан ҳамкорликда «Тавба тазарру» қиссасини, «Қолмасин кўнгилда доғ» деб номланган шеърий китобни ҳам ёзиб чиқардик. Ҳозирда «Бангилик балоси» китобини нашрга бердик.
Ёрдамчим Санъатулло қори билан бирга уста ва ҳашарчиларнинг ёнида туриб, керак бўлганда қўлимизга кетмон-белкурак олиб ишладик, лўмбозда лой тортдик, усталар билан бир дастурхон атрофида ўтириб, чой ичиб, уларни кўнглини кўтардик.
Бу гапларни риё ва шуҳратпарастлик учун эмас, ёшларга, ёш имомларга ибрат учун ёзаяпмиз, шуҳратпарастлик ва манманлик мусулмон бандаларга хос эмас.
Ҳа, биз бугун қанча шукр қилсак оз. Даҳрий шўролар даврида жумъа намозини ўқиш учун 100-200 чақирим жойдан катта шаҳарларга борардик. Қиш кунлари иссиқ сув йўқ, муздек сувда таҳорат қилиб, минг машаққатлар билан жума намозини ўқирдик. Илм ўқишга китоблар йўқ, йўлларимиз тўсилган эди. Алҳамдулиллаҳ, бугун истиқлол шарофати билан масжидларимизда яратилган шароитларни таърифлашга тил ожиз. Масжидларнинг аксариятида намозхонлар ўтирадиган ҳонақоҳларнинг поли, саждагоҳ иситилади, таҳоратхоналарда иссиқ сув, совуқ сув, юз сочиқ, қўл сочиқлар муҳайё. Ҳамма эмин-эркин ибодатини адо этади, биров нимага намоз ўқияпсан демайди.
Илм олишга келсак, кутубхоналар, китоблар, медиамаҳсулотлар, интернет саҳифалар сонсиз-саноқсиз. Фақат ўқиб ўрганиш керак, касб-ҳунар эгалла керак, холос. Энг муҳими – бирлигимиз, меҳр оқибатимиз, диний эътиқод ва илмларимизни, миллий қадриятларимизни йўқотмаслигимиз керак. Аҳиллигимиз орамиздан кетмасин.
Ҳикояларда келтирилишича, ўзига тўқ оила бошлиғи фарзандлари, келинларини бир жойга тўплаб: «Болаларим, хонадонимиздан бойлик кетмоқчи, нима қиламиз?», дебди. Шунда ақлли болалар: «Отажон, бойлик кетса кетсин. Аммо бирлигимиз, аҳиллигимиз кетмасин. Биз бир ва аҳил бўлсак, бойлик қаерга борарди», деб жавоб беришибди.
Ҳа, халқимиз аҳил, иноқ бўлса, ҳашарларда бир-бирига камарбаста бўлса, ҳалол, пок бўлса, дини ва ватанига садоқатли, инсофни дастур, меҳнатни йўлбошчи, касбни дўст тутса, юртимизга хайр-барака ёғилади, хонадонларимизни файзу футуҳ тарк этмайди, Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилаверади.
Шундай қилиб, халқ ҳашари, маҳалладош мусулмонларнинг меҳнати, юртдошларимиз саховати билан Чилонзор туманида пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турган, мусулмонларнинг кўз қувончи бўлган, «Обод турмуш йили»га муносиб совға бўлмиш янги «Тинчлик» масжиди қурилиши якунланиш арафасида турибди.
Масжидимизнинг қайтадан қад кўтаришида бизларга оқ йўл тилаб, дуои фотиҳа берган устозларимиз, олимларимиз, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, диний қўмита раҳбарияти, Тошкент шаҳар бош имом хатиблари ва барча мўмин мусулмон биродарларга, маҳалладошларга Аллоҳ таолонинг раҳмат ва марҳаматларини сўраймиз. Жаннатмакон юртимиз янада гуллаб-яшнаб, тинчлик-осойишталик ҳукм суриб, маҳалла, масжид, шаҳар қишлоқларимиз обод бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
«Тинчлик» жомеъ масжиди имом хатиби
Шермурод (Алишер) Дўнгбоев
Масжиднинг эски холати
Масжиднинг хозирги кўриниши