Ҳазрати Хизр масжиди

Ҳазрати Хизр масжиди

«Ҳазрати Хизр» масжиди Самарқанд шаҳрининг зиёратгоҳларидан биридир. У Самарқанддаги илк мусулмон масжиди ва меъморий обида сифатида эътироф этилади.


Масжид Қутайба ибн Муслим томонидан қурилиб, «Ҳазрати Хизр» номи билан аталган. Маълумотларга кўра, VIII асрда оташпарастларнинг ибодатхоналари бузиб ташлангач, шу ердаги тепаликда жойлашган ибодатхона ўрнига Қутайба ибн Муслим томонидан биринчи масжид биноси қурилади.
Хожа Дониёр, Қусам ибн Аббос ва Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари аслида битта мажмуа бўлган. Масжидга кираверишдаги мармар тошда кўрсатилган «1854 йил» ёзуви унинг Бухоро амири Амир Музаффархон томонидан тикланганлигига ишорадир.
1899 йилда масжиднинг айвон ва дарвозахона қисми қайта қурилган. Дарвоза юзасига ёзилган «ҳижрий 1336 йил» (милодий 1916-17 йиллар) деган ёзув дарвозахона ва миноранинг қайта тикланган вақтини англатади. Фикримизни хонақоҳ меҳробидаги «ҳижрий 1274 йил» (мелодий 1854 йил), «ҳижрий 1302 йил» (мелодий 1884 йил) деган ёзувлар исботлайди.
Мустақиллик йилларида «Ҳазрати Хизр» масжиди мамлакат раҳбариятининг бевосита раҳбарлиги остида бир неча бор мукаммал таъмирланди, масжид ёнида жойлашган Арзис қудуғи қайта тозаланиб, қадимий ҳолига қайтарилди.

2016 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ушбу мақбара ёнига дафн этилди.