Абдулла ибн Масъуд жоме масжиди
Маълумот: Масжид 1991-йилда маҳалла фуқаролари томонидан ҳашар йўли билан қурилган. Масжид биноси “Теракли ота” қабристонига туташган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тавсиясига биноан масжидга ислом оламидаги буюк саҳобий “Абдуллоҳ ибн Масъуд”(р.а.) номи берилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонларида ўсиб-улғайди. У кишидан таъсирланди, ўрнак олди, ҳар бир хислатларида эргашди.
Абдуллоҳ ҳақида кўплар "Хулқ-атвор жиҳатидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг ўхшаш инсон", дейишади.
Ибн Масъуд Пайғамбар алайҳиссаломнинг мадрасаларида таълим олди. Саҳобалар ичидаги энг кучли қорилардан, оятлар мазмунини тўлиқ биладиган тафсирчилардан, шариат илмининг донишмандларидан бўлиб етишди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Қуръон илмини мукаммал биларди ва уни ҳеч кимдан яширмасдан, шундоқ дерди:
- Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, Қуръони Каримдан қайси оятни олманг, мен уни қаерда ва қай сабаб билан нозил бўлганини биламан. Агар Ер юзида Аллоҳнинг китобини мендан кўра яхшироқ билувчи одам бўлиб, унинг олдига етишнинг имконияти бўлса, мен, албата, ўша кишига шогирд тушардим.
Абдуллоҳ ибн Масъуд Усмон розиаллоҳу анҳунинг халифалик давригача яшади. Оғир касал бўлиб ётган Абдуллоҳнинг зиёратига келган халифа ундан ҳол-аҳвол сўради:
- Нималардан шикоят қиласиз?
- Гуноҳларимдан, - деди хаста.
- Кўнглингиз нимани тусайди?
- Роббимнинг раҳматини.
- Йиғилиб қолган маошларингизни опкелтириб берайми? Ахир неча йилдан бери сариқ чақа ҳам олмайсиз!
- Энди менга унинг кераги йўқ!
- Ҳеч бўлмаса сиздан кейин қизларингизга қолар?!
- Қизларимни фақир бўлиб қолишларидан қўрқяпсизми? Мен уларга ҳар оқшом "Воқеа" сурасини ўқишни буюрганман... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандиларки "Кимки ҳар оқшом "Воқеа" сурасини ўқишни одат қилса, асло муҳтожлик кўрмагай".
Ўша кеча Абдуллоҳ иби Масъуд қалбида Аллоҳнинг ёди, тилида ояти карималар тиловати билан рафиқул аъло даргоҳига равона бўлди...
Манба: www.vakillik.uz
Масжид имом-хатиби: Мирзаев Эргашали Ходжиалиевич
Имом ноиби- Қаюмов Аввал Абдулахатович
Имом ноиби- Юнусов Мирбосит Мирҳайдарович
Масжид манзили: Учтепа тумани, Катта қаъни маҳалласи, Лутфий кўчаси 55а уй. Тел.:+998 71 272 91 04
Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Автобус:
Маршрут:
Рамазон-2014
«Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»