Баланд жоме масжиди

Баланд жоме масжиди

Маълумот: Шайхонтаҳур тумани Бешёғоч кўчаси 173-уйда жойлашган. Масжидда сақланаётган унинг тарихига доир ҳужжатда айтилишича, ўтмишда Қўшмозор (мозор ўртасидан йўл ўтганлиги сабабли мозор иккига бўлиниб “Қўшмозор” номини олган) деб аталган бу ҳудуддаги баландликда қурилгани учун Баландмасжид номни олган. Бироқ, бу номнинг Қаноат оталиқ томонидан қурилган Баландмасжид жомеъсига алоқаси йўқ. Масжиднинг шимол тарафида кичикроқ мадраса ҳам бўлиб, у 1995-1996 йилларда кўп қаватли турар жойлар қурилиши муносабати билан бузилиб кетган. Масжид архивидаги ҳужжатда маҳалла оқсақолларидан ёзиб олинган бир нақлга кўра, Тошкентда яшаган бир авлиёсифат киши вафотидан сўнг васиятига кўра, оқ туяга ортилиб, туя чўккан ерга дафн қилинган экан. Кейинчалик мақбара зиёратгоҳга айланиб, унинг ёнида масжид ва мадраса қурилган. Маҳалланинг ёши катта кишиларидан олинган бошқа бир маълумотларга кўра, масжид ўтмишда асли Қўқон тарафлардан келган бир авлиёсифат кишининг туяси чўккан ерда дафн қилиниши билан унинг қабри ёнида қурилган экан .
Археологик тадқиқотлар натижасида ҳақиқатан ҳам масжид ўрнидаги иншоотда ўрта асрларда ишлатилган 27х27х3,5-5 см ҳажмдаги пишиқ ғиштлар қўлланилганлиги ҳамда бузиб ташланган мадрасанинг шимоли-ғарбий қисмида гумбазли сағана аниқланган. Маҳалла кексаларининг айримлари бу сағана ўша авлиёсифат кишиники деса, айримлари масжид мутаваллисиники деб айтадилар. Сағанадаги шахснинг кимлиги номаълум бўлса-да, у маҳалла фаоллари саъйи ҳаракати билан кўчириб олиниб Камолон қабристонига дафн этилган .
Масжид тарихига оид ҳужжатда ва маҳалла одамлари орасида Баландмасжид Хожа Аҳрор томонидан қурдирилган деган тушунча мавжуд. Уларнинг айтишича, Хожа Аҳрор Тошкентда катта жомеъ бунёд қилганда ушбу маҳаллада яшовчилар Хожа Аҳрордан бу ерда ҳам масжид қуриб беришини илтимос қилганларида шу масжидни қуриб берган экан. Бироқ, олдин Чақар деб юритилган ушбу маҳаллада Хожа Аҳрор номи билан боғлиқ масжид манбаларда тилга олинмайди. Қолаверса, тадқиқотчилар томонидан 1954 йилда масжид шифтидаги ёзув асосида унинг 1277/1857-1858 йилда қурилгани ҳам аниқланган . 1884 йилги архив ҳужжатидаги қайдномада Чақар маҳалласида фаолият юритган Акромхўжа Шарабхўжа ўғли қурдирган маҳалла масжиди рўйхатга олинган. Қўшмозор маҳалласида эса бир масжид ва хонақоҳ бўлиб, у Рўзи Муҳаммад ҳожи исмли киши томонидан қурилган.
Султонов Ў.А. "Тошкент масжидлари тарихи" китобидан. (Тошкент, 2010 й.)
Масжид имом-хатиби:
Эргашев Аъзамжон
Масжид манзили: Қоратош маҳалласида
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут: