Хўжа Аламбардор жоме масжиди

Хўжа Аламбардор жоме масжиди

 

 

МАЪЛУМОТ
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Янгиобод маҳалласи Камолон кўчаси
71-уйда жойлашган "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди ҳақида

"Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалласи Камолон кўчаси 71-уйда жойлашган. "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди Тошкент шаҳар Адлия бошқармасининг 1998-йил 07-августдаги №:79 сонли гувоҳномаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 1998-йил 21-июлдаги №:09-006856 сонли гувоҳномаси билан рўйхатдан ўтган. "Хўжа Аламбардор" масжидига 2003-йилдан буён, Сайфуддинов Раҳматуллоҳ Ҳабубуллаевич, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг 2003-йил 16-июндаги №:374 сонли буйруғига асосан имом хатиблик қилиб келмоқда. "Хўжа Аламбардор" масжидига шу номнинг берилишининг сабаби, "Хўжа Аламбардор" баъзи манбаъларда "Хожа Аламдор" лақаби билан тилга олинган Тошкентдаги мақбара эса Абдулазиз бобнинг рамзий қабри сифатида машҳур. Мазкур мақбаранинг қачон ва нима сабабдан юзага келгани ҳақида маълумот берувчи ёзма манбанинг ҳозиргача учрамагани боис у ҳақида турли нақллар мавжуд. XIX аср 2 ярми XX аср бошларида Тошкентда бўлган бир қатор европалик муаллифларининг маҳаллий аҳоли вакилларидан эшитган маълумотларга кўра эса, Хожа Аламбардор номи билан танилган Сайид Абдулазиз машҳур аллома Қаффол Шоший (904-976) мулозимларидан бўлган. "Аламбардор" ёки "аламдор" сўзи "байроқдор", "байроқ кўтариб юрувчи" маъноларини билдириб, ўтмишда ҳукмдор, саркардага тегишли байроқни кўтариб юрувчи кишиларга нисбатан ишлатилган. Марказий Осиё ҳудудида "аламбардор" лақаби билан юритиладиган бир нечта мозорлар мавжуд. Улар орасида Сайрам ва Тошкентдаги Хожа Аламбардор мозори машҳур ва уларнинг тарихи бир бири билан боғлиқ. Ёзма манбаларда мазкур шахс "Абдулазиз боб" ва "Сайид Абдулазиз" деб тилга олинган. Абдулазиз бобнинг VIII аср иккинчи ярмида Сайрам ва унга туташ ҳудудларда ислом дини учун кураш олиб борган Халифа Али (р.а.) фарзанди Муҳаммад Ҳанафия авлодларидан бўлган Исҳоқ боб қўшинида байроқдор бўлгани ва Сайрам учун бўлган жангда шаҳид бўлгани айтилади. Сайрамдаги Абдулазиз боб мақбараси ХУ-Х1Х асрлар давомида шаклланган, бўлиб "Балогардон бобо" номи билан машҳур. Ушбу муаллиф Носириддин Али ал-Байзовийнинг (XIII аср) "Тарихи Байзовий" асаридаги маълумотларга таяниб, Хўжа Аламбардорнинг бундай ном олиши сабабига тўхталади. Унга кўра, кунларнинг бирида чилтонлар ўз шерикларидан бири вафот этгач ўрнига Хўжа Аламбардорни муносиб топадилар. Шундан сўнг Ҳизр алайҳиссалом Хўжа Аламбардорга чилтонлар байроғини топширган эканлар ва шу сабаб "аламбардор" лақабини олган эканлар. Хўжа Аламбардор мозорида масжид ўрта асрлардан буён маҳалла аҳли ва зиёратчиларга хизмат қилиб қилган. Маълумотларга қараганда, Хўжа Аламбардор мозоридаги масжид биноси 1790 йилда қурилгани қайд қилинган. XIX асрдаги эски масжид эса Тошкентлик Саидазимбой маблағига бунёд этилган. 1918 ва 1924 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг масжид Шўро ҳукуматининг 1944 йил 6 декабридаги №452 қарори билан қайта очилган. Масжид 1945 йил 10 майда қайта рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда. Масжиднинг ҳозирги биносини қуриш 1993-йилда бошланган бўлиб, 2005 йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг эски ҳонақоҳи 2009-йилда таъмирлаш ишлари бошланган эди, таъмирлаш ишларида юртимизнинг барча воҳаларидан тажрибали усталар ва дурадгорлар масжидда меҳнат қилишди. 2011-йилнинг 22-июл жума куни илк бор ушбу масжиднинг эски ҳонақоҳида жума намози ўқилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уломолари, ҳурматли устозлар ва бир қанча меҳмонлар ташриф буюришди. Масжидда замонавий таҳоратхона ва барча шароитлар барча мўъмин муслмонлар ихтиёрида. Бу хайрли ишимиз масжид қавмининг мустақиллигимизнинг 20 йиллик тўйига мусулмонларнинг тўёнасидир. Масжид ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун ҳамда амалдаги бошқа қонунларга амал қилмоқда. Шунингдек, Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон мусулмонлари идораси устави ва масжиднинг уставига мувофиқ фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда "Хўжа Аламбардор" жомеъ масжиди умумий майдонига жами 5000 намозхонга мўлжалланган. Масжидга асосан Янгиобод, Камолон, Каттабоғ, Чарх Камолон, Самарқанд дарвоза ва Бешёғоч маҳаллаларига хизмат кўрсатади.

Бундан чамаси бир ой олдин, намоздан чиқаётиб (ҳафтанинг жума куни эди), масжид устунларига тикилиб турган отахонга салом бериб ўтмоқчи бўлдим. Отахон саломимга алик олиш баробарида менга қўлини узатди.:

– Ва алайкум ассалом, ўғлим. Яхшимисан? Тани-жонинг соғми, болаларинг омонми?

– Раҳмат, отажон, раҳмат.

– Барака топ, болам, барака топ. Умринг узоқ бўлсин.

– Раҳмат.

 Отахон шундай деб, қўлларини дуога очди:

– Илоҳим, намозларингни Худойим даргоҳида қабул қилсин...

Отахон узоқ дуо қилди, дуосини тугатиб, яна қўлимдан ушлади.

– Барака топ.

 Отахон шу сўзларни қайта-қайта такрорлар, лекин қўлимни қўйиб юбормасди. Қандайдир муҳим гапи бордай. Мўйсафид мени кимгадир ўхшатди, деб ўйладим. Отахон буни сезди:

–  Ўғлим, сени аввал кўрмаган бўлсам керак. Агар вақтинг бўлса, икки оғиз гапим бор.

–   Бемалол.

Отахон ҳозиргина намоз ўқиб чиққанимиз – ёнимиздаги масжидга ишора қилиб, нимадир демоқчи бўлдию, гапиролмади, бўғзига йиғи тиқилди, унсиз йиғлаган чол, бироз сукут сақлаб, ҳикоясини давом эттирди...

У узоқ ўтмишини хотирлади. Будан қирқ, олтмиш йиллар аввал одамларнинг аҳволи-руҳияси қандай бўлганини, қаҳатчиликни ҳам, очарчиликни ҳам, урушни ҳам кўрганини айтди. Қаршимдаги мўйсафиднинг бу ёруғ дунёда кўрмаган кўргулиги қолмаган экан.

Суҳбат сўнгида англадим, отахоннинг қалбини жунбушга келтирган нарса шукроналик туйғуси эди. Отахон, ўғлим, бизга жуда қийин бўлган, ана, ёшларни қара (масжиддан асосан, тўда-тўда бўлиб ёшлар чиқишаётган эди) деб, бошини сарак-сарак қилганида, диний эркинлик ҳам миллат озодлигининг меваси эканлигини яна бир карра ҳис қилдим.

Бир пайтлар бизнинг оддий қаҳрамонимиз ва у тенги ёшлар бекиниб ҳам ибодат қилолмаганлар, улар масжидларнинг омборхоналарга айлантирилганини ўз кўзлари билан кўришган. Ҳа, қаршимдаги нуроний мўйсафидни халқимизнинг бугунги ёруғ кунлари ҳаяжонга солаётган эди. У бундан анча йиллар олдин маҳалласидаги эски масжиднинг топталишини истамагани учун қулоқ қилинган бобосини эслади. Отахон масжиднинг устунларини силар, ўзини тутолмай, йиғларди.

Отахонни анча ергача кузатиб бордим, у киши йўл-йўлакай, масжид тарихи ҳақида билишимиз керак бўлган маълумотларни айтди. Шу суҳбат сабаб бўлиб, масжид тарихи ҳақида кенгроқ маълумот олгим келди, яна масжидга қайтдим. Масжид ҳовлисига кираётиб, пештоқдаги ёзувларга қарадим: Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Шайхонтоҳур тумани “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди. Қаранг-а, йўлимизда дуч келган масжидга кириб, бемалол намоз ўқиймизу, ўша масжиднинг тарихи билан қизиқиб кўрмаймиз. Ким билади дейсиз, балки ҳамма нарса тўкин ва тўкис бўлгани учун ҳам бунга эътибор қилмасмиз. Ҳолбуки, юртимиздаги ҳар бир масжиднинг кечаги ва бугунги кунида бир ҳикмат бор. Ҳикмат эса, ҳадисга кўра, мўминнинг йўқотган нарсасидир.

Мен энди масжидга бошқача кўз билан қарай бошладим. Масжиднинг жимжимадор ҳам, оддий ҳам бўлмаган ички ва ташқи безаклари унга ўзгача салобат бағишлаб турарди. Масжидни обдон томоша қиларканман, пешайвон ёнидаги даричадан қабристон томонга ўтдим. Қабристонда Хўжа Аламбардор мақбараси бор. Масжиднинг тарихи мана шу мақбара билан боғлиқ. Манбаларда келтирилишича, XVIII асрнинг охирларида шу мақбара туфайли бу ерда масжид ҳам бино қилинган.

Тарихчилар Марказий Осиё ҳудудида “аламдор” ёки “аламбардор” (“байроқдор” – байроқ кўтариб юрувчи маъносида) номидаги бир неча қабристон мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор, дейишади. Бу қабристонлардан бири Сайрамда жойлашган. Олимларнинг айтишларича, Тошкентдаги Аламдор қабристонида тикланган мақбара ҳам, Сайрамдаги Аламдор қабристонида қурилган мақбара ҳам аслида битта шахсга, машҳур аллома Қаффол Шошийнинг мулозимларидан бирига, ғазотда байроқ кўтариб юргани боис “аламдор” лақабини олган Сайид Абдулазизга тегишли. Мутахассислар шу пайтга қадар Тошкентдаги мақбарани Сайид Абдулазиз учун қурилган, холос, унинг равзаси Сайрамда, дердилар. Лекин кейинчалик топилган маълумотлар юқоридаги фикрнинг аксига гувоҳлик бераяпти. Яъни, Хўжа Аламбардорнинг қабри аслида Тошкентда, аниқроғи, мана шу қабристондаги мақбарада, унинг қадамжоси эса Сайрамдадир. Олимлар 1681-1702 йилларда Тошкентда ҳукмронлик қилган Субҳонқулихоннинг вақф ҳужжатларидан чиққан баъзи маълумотларга таяниб, шу хулосага келишди.

Табиийки, масжид аввал бугунгидек катта бўлмаган, қолаверса, масжиднинг мустақилликгача бўлган ҳолати ҳавас қиларли даражада эмасди. Масжид мустақиллик даврида, аниқроғи, 2009-2011 йилларда қайта таъмирланиб, ҳозирги кўркам ҳолатига келтирилди.  Буларни ёзарканман, яна отахонни эсладим. Ўтмишда биргина масжиднинг аҳволига қараб, нафақат халқнинг руҳий-маънавий ҳаётини билиш, шунингдек, мамлакатдаги сиёсий-ижтимоий ҳаётга ҳам аниқ баҳо бериш мумкин бўлган. Кишилик жамияти вужудга келганидан бери қавм ва элатларнинг эътиқодини таҳқирлашдан олдин уларнинг эркини топтаб, инсоний ҳуқуқлардан маҳрум этган, шундан кейингина эътиқодларига дахл қилишган. Ўша куни масжид устунларини силаб, бўғзидаги йиғини босолмаган отахон, аслида эътиқоди топталган халқимизнинг аччиқ қисмати учун кўз ёш қилган эди.

Мақбарадан қайтиб, эски хонақоҳга кирдим. “Эски хонақоҳ” бунинг эски номи, ўзи эса бутунлай янгиланган. Хонақоҳларда яратилган шароитлар ҳақида, энди, гапириб ўтирмасак ҳам бўлар. Уларда хос кутубхоналар ҳам мавжуд, бу эса, зарур шароитларнинг нозик дид билан яратилганидан далолат беради.

Масжидда жума ва ҳайит намозларида беш мингга яқин намозхонлар иштирок этишади.

Қувонарли томони шундаки, бугун кўнгиллар ободлигини “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди тимсолида кўриш мумкин, чунки бу масжид ўз тарихи ва айни ҳолати билан она халқимизнинг ўтмиши ва бугунидан ҳикоя қилади.

Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Автобус:
Маршрут:

 
Рамазон шукуҳи 1437 (2016)

 

Рамазон-2014

 «Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»