Хожа Аҳрори Валий жоме масжиди

Хожа Аҳрори Валий  жоме масжиди

 

Маълумот: Хожа Аҳрор жомеъ масжиди.
Маълумки, она томондан Шайх Хованд Таҳурнинг авлоди бўлган Хожа Аҳрор (1404-1490) ўзининг ёшлик йилларини Тошкентда ўтказган. Кейинроқ Самарқандда мадраса таҳсилидан сўнг Тошкентга қайтиб, зироатчилик ва савдо билан ҳам машғул бўлган. Хожа Аҳрор темурий Султон Абу Саъид (1451-1469) даврида яна Самарқандга таклиф қилиниб, ўз ҳаётининг кўп қисмини шу шаҳарда ўтказган бўлса-да, Тошкент маданий-маънавий ҳаётида ҳам чуқур из қолдирган. Шу сабабли Хожа Аҳрор номи кейинги асрларда ҳам Тошкент маънавий муҳитида муҳим ўрин тутарди.
Тошкентдаги Хожа Аҳрор номи билан боғлиқ кўплаб масжидлар ҳақида “Тарихий жадидайи Тошканд” асарида кенгроқ маълумотлар келтирилган бўлиб, улар бизга ушбу масжидларнинг XIX асрдаги қиёфасини тасвирлаб беради. Хожа Аҳрор жомеъ масжиди эса Тошкент масжидлари орасида алоҳида ажралиб турган ва у шаҳардаги йирик ҳамда қадимий меъморий иншоотлар сирасига кирган. Мазкур жомеъ масжид 1451 йилда қурдирилган. Кўп ўтмай, 1454 йилда унинг яқинида Хожа Аҳрор мадрасаси ҳам бунёд қилинган . Ўз вақтида ушбу жомеъ ва мадрасага Хожа Аҳрор томонидан Тошкент вилоятида Кузак, Найман, Қорасуф ери, Қорасуфи калон, Булуғсуф, Оққўрғон, Хатнайлик, Ҳожи доруға, Қўнғроқ, Қорахитой каби йигирмага яқин қишлоқлардаги мулклар вақф қилинган эди .
Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Хожа Аҳрор жомеъ масжиди Чорсу бозори бошида, Бобои Обрез қабрининг ғарбида жойлашган ва у Кўкалдош ҳамда Хожа Аҳрор мадрасалари, бозор дўконлари билан туташ бўлган. Унинг ёнидан шаҳар ичидан оқиб ўтувчи учта ариқдан бири - Шайхонтаҳур ариғи оқиб ўтган .
“Тарихи жадидайи Тошканд” асарида келтирилган маълумотларга кўра, Хожа Аҳрор жомеъ масжиди биносининг шимолий ва жанубий тарафида 22 та равоқ ва 22 та гумбаз, жануби шарқида эса, 14 та равоқ ва 14 та гумбаз ҳамда ғарб тарафи ўртасида бир пештоқ, катта гумбаз ва ғиштли, буржи нақшланган меҳроб, жанубий ва жануби-шарқий томонида эса дарвозалари бўлган. Тошкентдаги Хожа Аҳрор жомеъ масжиди (тарҳи 91,0х35,6м, баландлиги 20,0 м) катталиги жиҳатидан Самарқандаги Бибихоним (тарҳи 167/109м) ва Бухородаги Калон масжидидан (тарҳи 126,5х81,4м) кейин Ўзбекистондаги энг катта жомеъ масжидларнинг учинчиси бўлган .
Турли даврлардаги табиий офатлар, айниқса зилзилалардан зарар кўрган ушбу жомеъ масжид бир неча бор таъмирланган. Хусусан, Қўқон хони Шералихон (1842-1845) даврида Солиҳбек додхоҳнинг шахсий маблағи ва Хожа Аҳрорнинг вақф ерларидан тушган маблағ ҳисобига таъмирлаш ишлари амалга оширилган . Масжиднинг гумбази Тошкентда юз берган 1866 йилдаги зилзилада ҳам қулаб тушган ва қайта тикланган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, Шайхонтаҳур кўчасидан ўтувчи Катта кўчадаги иморатлар ва бозорда, унга яқин кўчадаги дўконлар ҳамда Шайх Шибли ариғидан шарқдаги ерлар Хожа Аҳрор жомеъ масжиди ва мадрасасининг вақфи бўлиб, уларни Хожа Аҳрор авлодларидан Мусахонтўра Сайидхонтўра бошқарган.
1884 йилда масжиднинг атрофи ва бозор ичида 102 та дўкондан йилига 120 сўм, масжид яқинидаги Солиҳбек додхоҳ авлодларига қарашли бир саройдан йилига 120 сўм жами 240 сўм вақф даромади ҳисобига фаолият кўрсатган. Бу вақтга келиб вақф мулкларини бошқариш Сайидхонтўранинг бошқа бир ўғли Мўминхонтўра қўлида бўлган .
Хожа Аҳрор жомеъ масжиди 1885-1888 йилларда ўлка маъмурияти томонидан 13208 рубль маблағ сарфланиб таъмирланган. Жомеъ масжиднинг 1888 йил 29 июль жума куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Туркистон генерал губернатори Н.О.Розенбах (1884-1888), шаҳар қозилари - Муҳиддинхўжа қози, Азизлархўжа қози, Шарифхўжа қози, Худоёрхоннинг Тошкентда истиқомат қилаётган ўғилларидан Саййид Аминбек, Саййид Умарбек, Шаҳрисабз ва Китоб беклари Жўрабек ва Бобобек ҳамда бошқа таниқли кишилар иштирок этган. Масжиднинг очилиш маросимида Себзор даҳа қозиси Муҳиддинхўжа Ҳакимхўжа қозикалон ўғли тантанали нутқ сўзлаб шаҳарликларни қутлаган .
Хожа Аҳрор жомеъ масжиди 1917 - 1924 йилларда, шаҳарда кечган сиёсий воқеалар жараёнида ҳам тарих саҳифасида қолди. Хусусан, 1917 йил 27 ноябрда Қўқонда мухторият эълон қилингандан сўнг, 1917 йилнинг 6 декабрида Хожа Аҳрор жомеъсида мухториятни олқишлаб ўтказилган митингда минглаб тошкентликлар иштирок этган эди. Воқеа гувоҳларининг ёзишича, Саидғани Маҳмуд раислигида ва маҳаллий сиёсий арбоблар - Мунаввар Қори Абдурашидхонов, мулла Одил, Шерали Лапин иштирокида ўтказилган ушбу митингда 60 минг киши қатнашган, масжиднинг ички саҳни ва томи одамлар билан тўлиб кетган .
Кўкалдош мадрасасидан 40 метр шимоли-шарқда бўлган Хожа Аҳрор жомеъ масжиди биноси яроқсиз ҳолга тушиб қолгани сабабли 1954 йилда бузиб ташланган. Масжид Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 январидаги фармойишига асосан қайта тикланган ва 1998 йил 16 июлда рўйхатдан ўтказилиб фойдаланишга топширилган . Масжиднинг XX аср бошидаги қиёфасини эса фақат ўша давр фотографлари олган суратларида кўришимиз мумкин .
Шу ўринда шаҳардаги Хожа Аҳрорнинг шаҳардаги бошқа масжидлар тўғрисида кенгроқ маълумот бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро XIX аср Тошкент масжидлари ҳақида сўз кетганда, шаҳардаги Хожа Аҳрор номи билан боғлиқ масжидлар ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Умуман олганда, Хожа Аҳрорнинг Тошкент шаҳрида жомеъ масжиддан ташқари яна бир маҳалла масжиди ҳам бунёд қилгани ҳақида унинг вафотидан олдинроқ, 1490 йилда тузилган вақфномасида ҳам эслаб ўтилган . Афсуски вақфномада жомеъ ва маҳалла масжиди тошкентликлар орасида машҳурлиги сабабли уларнинг чегаралари кўрсатилмагани таъкидланган. Шу сабабли Хожа Аҳрор XV аср охирида бунёд эттирган маҳалла масжиди шаҳарнинг қайси қисмида бўлганини аниқ айтиш қийин.
Албатта, бу каби масжидларнинг айримларининг бунёд бўлиши аҳоли томонидан Хожа Аҳрор ва унинг издошлари номи билан боғлиқ деб тушунилган ёки вақф мулклари дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Хожа Аҳрор номи билан боғлашга ҳаракат қилинган бўлиши ҳам мумкин. Айримлари Хожа Аҳрорнинг вақф ерларидан келган даромад ҳисобига бунёд этилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Хожа Аҳрорнинг Тошкентда ўнлаб масжидлар бунёд эттиргани айни ҳақиқатдир. Хусусан, биргина “Тарихий жадидайи Тошканд” асарида шаҳардаги ўндан ортиқ масжид Хожа Аҳрорга нисбат берилади. Уларнинг 5 таси Шайхонтаҳур, 4 таси Бешёғоч ва 3 таси Кўкча даҳасида бўлган. Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳхўжа шундай ёзади: “Ва яна бу рукнда [Шайхонтаҳур даҳаси] бешта масжид Хожа Аҳрор валийникидир. Уларнинг иккиси Ҳавзбоғ маҳалласида бир-бирига туташ бўлиб, деворлари пишиқ ғиштдан, шифтлари ёғочдан. Уларнинг ҳар бирини алоҳида биттадан хонақоҳ ва айвонларга эга. Устунлари остига мармар тошлар қўйилган.
Яна бири Бўрқи Саримаст валий [мозори] яқинида, Хиштмасжид номи билан аталган. У ҳам пишиқ ғиштдан бино қилинган, бир хонақоҳи ва айвони бўлган. Яна бир масжид Шўртепа гузарида, у ҳам пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, хонақоҳ ва айвондан иборат ”.
Бу даҳадаги Хожа Аҳрор масжидларининг бешинчиси деганда, Муҳаммад Солиҳхўжа юқорида тилга олинган, дастлаб Шайх Хованд Таҳур томонидан бунёд қилинган Олтинлик масжидини назарда тутган.
“Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Кўкча даҳасидаги Лангар, Чармгарон ва Маҳкама масжидлари ҳам Хожа Аҳрор масжиди сифатида тилга олинган (Маҳкама масжидига қуйида алоҳида тўхталиб ўтамиз). Жумладан, Хожа Аҳрор Лангар масжидига ўз халифаларидан бирини тайин қилган ва масжид ҳовлисида унинг қабри бўлган. Чармгарон масжиди пишиқ ғиштдан, дарвозахонали бўлиб, минораси тошдан қурилган. Унинг ҳужраларида талабалар истиқомат қилган.
Бешёғоч даҳасидаги Хожа Аҳрор масжидларидан иккитаси Самарқанд дарвоза кўчасида, бир бирига яқин масофада жойлашган. Яна бир масжид эса, Кўкмасжид деб аталган ва унинг устунлари тагкурсиси мармар тошлардан қилинган . Ушбу масжид айвон устунларининг ранги кўкимтир бўлгани сабаб кейинчалик у Кўкмасжид номи билан машҳур бўлган. Ҳозирда масжид хонақоҳ, унга туташган айвон ва дарвозахонадан иборат қисми сақланган бўлиб, у XIX аср охирида тошкентлик ака-ука Нодирмат ва Ҳожиматбой маблағига қайтадан қурилган. Масжид 1995-1999 йилларда таъмирланиб атрофи ободонлаштирилган .
“Тарихи жадидайи Тошканд” асари ва архив ҳужжатларида Чорсу бозори яқинидаги Гулбозор масжидининг бунёд бўлиши ҳам Хожа Аҳрор номи билан боғлиқ. “Г” шаклида қурилган Гулбозор масжидининг тахминан XVI асрга мансублиги археологик текширувлар натижасида ҳам аниқланган. Мазкур масжидни тадқиқ этган А.Ф.Муҳитдинов тўплаган маълумотларга қараганда, XIX аср охири XX аср бошларида масжид мактаб вазифасини ҳам бажарган. 1907 йилда масжид мактабида ўқиган Ш.Музаффаровнинг масжид имоми бўлган ўз тоғасидан эшитганларига қараганда, унинг қурилиши XV асрда яшаб ўтган Шайх Мухтор валий номи билан боғлиқ бўлган ва у Хожа Аҳрор жомеъ масжидидан ҳам олдин қурилган экан .
Масжид қурилишига кўра, содда лекин, катта гумбаз билан ёпилган бўлиб, хонақоҳ ва айвондан иборат. XX асрнинг 50-80 йилларида ошхона ва турли артелларнинг омборхонаси бўлган ушбу масжид қурилиш услубига кўра, Тошкент шаҳрининг қадимий масжидларидан бири бўлиб, архитектура ёдгорлиги сифатида давлат томонидан муҳофаза остига олинган. Масжид ҳозирда Чорсу бозори орқа тарафида жойлашган бўлиб, таъмирлаш ва ён-атрофни ободонлаштириш зарур.
Юқорида номлари келтирилган масжидлардан ташқари, 1868 ва 1884 йилги архив қайдномаларида Тошкент шаҳридаги Баландмасжид, Маҳсидўзлик, Парчабоф, Пулариғ, Кўнчилик, Хиштмасжид, Темирчилик маҳаллаларидаги масжидларнинг бунёд бўлиши ҳам Хожа Аҳрор фаолияти билан боғланган.
Султонов Ў.А. "Тошкент масжидлари тарихи" китобидан (Тошкент, 2010 й.)
Масжид имом-хатиби:

Масжид манзили ва мўлжал: Чорсу бозори, Кўкалдош мадрасаси
Масжидга олиб борадиган транспортлар:
Автобус: 28, 188, 44, 91, 147, 64
Маршрут: