Тўхтабой жоме масжиди

Тўхтабой жоме масжиди

Маълумот: «Тўхтабой» жомеъ масжиди ҳижрий 1329 йил, мелодий 1908-йилда қуриб битқазилган. Масжидни қўриб битирилган йиллари юртимизни «Оқ пошшо» номи билан машҳур бўлган Николай подшоҳ даврларига тўғри келади. Шўролардан фарқли ўлароқ, «Оқ пошшо» даврида барча дин вакилларига ўзларининг диний эътиқодларига амал қилиб яшашлигига шарт-шароит яратиб берилган экан. «Тўхтабой» масжидининг ўша йилларда барпо этилишлиги ҳам буни яққол далили бўла олади. Қолаверса, бу масжид шаҳримиздаги 16-18-асрлар оралиғида қурилган масжид ва мадрасаларни қурилишларига нисбатан анчагина фарқли бўлиб, 20- асрнинг бошларидаги архитектура услубидан далолат беради. Чунки, масжид қурилишида урфимиздаги «мусулмон ғишт»дан эмас, балки «Николайни ғишти» номи билан машҳур бўлган алоҳида ҳажмга эга бўлган ғиштдан фойдаланилган.
Масжиднинг қурилишига Чиғатой дарвоза маҳалласида 1870-1934 йилларда яшаб ўтган Олимбой ўғли Тўхтабой асос солганлар. У киши бой-бадавлат, ниҳоятда саҳоватли, тақводор киши бўлиб, жуда катта савдогар бўлганлар. Ривоят қилишларича Тўхтабой ота Россияга бир вагон мол жўнатаётиб, «Агар савдоим бароридан келса, кўрилган фойда эвазига Аллоҳ йўлида бир масжид барпо қиламан» деб ният қилган эканлар. Хайрли ниятлари амалга ошиб, Аллоҳнинг изни билан ушбу масжид қад кўтарган экан. Масжид қурилиши учун унинг заминини тайёрлашликда жуда ҳам кўп ва ўта пишиқ иш қилинган.

Ушбу маҳалланинг кекса отахонларининг айтишларича, масжид қуриладиган заминни иложини борича баландроқ қилиш учун бир неча ойлар давомида мардикорлар ҳозирги Чорсу бозори атрофларидан қоплар билан тупроқ ташиган эканлар. Ҳар бир мардикорга икки ҳиссадан ҳақ тўланган экан. Сабаби, масжид қурилишида бирорта ҳам иштирокчи - хоҳ уста бўлсин, хоҳ мардикор - заррача бўлсада норозичилик кайфиятида бўлмаслиги эътиборга олинган экан. Масжидни қурилишида ҳеч қандай шубҳалик маблағ ишлатилмаган экан. Шунинг учундир балки, юртимиздаги барча масжид ва мадрасалар каби, «Тўхтабой» масжидининг ҳам бошига собиқ шўроларнинг 70 йиллик мустамлакаси даврида не кунлар тушмади дейсиз. Иккинчи жаҳон уруш йилларида аскарлар кўрикдан ўтқазиладиган жой, кейинчалик мактаб, ҳаттоки шиша идишлар сақланадиган омборхона ҳам бўлган.
Алалоқибат, холис ниятлик ва ҳалол маблағлар эвазига барпо этилган масжид, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, мустақиллик йиллари арафасида, 1989-йилда қайта очилиб, мўмин мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Мустақиллик йилларида, ҳозирга кунимизгача бир неча маротаба қайта таъмирланди. Авваллари ушбу бино масжидлик кўринишини мутлақ йўқотганлиги, яъни гумбазлари, нақшлари, кошинлар, меҳроблар, устунлари олиб ташланган бўлса, мазкур таъмирланишлар асносида масжид ҳар тарафлама яна ўзининг асл ҳолатига қайтарилди, атрофида янги қўшимча бинолар, асосий кириш дарвозаси қурилди ва яна бошқа қўшимча қулайликлар яратилди. Ҳозирда шаҳримизнинг кўркам масжидларидан бири бўлиб, намозхонларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

- Қачон ва ким томонидан қуриган: Тўхтабой томонидан, 1907-1908 йиларда.

- Адлия бошкармасидан 1998 йил 4 август №4
- Сиғими:
Оддий кунлар: 150-200
Жума кунлари: 2000-2500
Хайит кунлари: 3000-3500

Масжид имом-хатиби: Зокир Шарифов  Султонович
Масжид манзили: Фаробий кўчаси, 13-уй.
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут:

 


Рамазон-2013
«Рамазон туҳфалари»



Рамазон-2014
«Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!»