Рамазон ойига қандай тайёргарлик кўрдингиз?
«Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни хохлагнида эди. Уларга Рамазон ойи ва Ихлос сурасини ато қилмас эди». (Хазрати Али р.а) Тасаввур қилинг хонадонимизга мехмон ташриф буюрмоқчи.
Мехмон қанча узоқдан келса шунча қадрли бўлади. У бизнинг севимли кишимиз, қадирдонимиз, бирга ўқиган дўстимиз ёхуд бир қанча вақтдан буён хонадонимизга ташриф буюриши интизорлик билан кутилаётган энг қадрли кишимиз. Биз у мехмоннинг кўнглини олишни ҳар чорасини излаймиз. Ўзгача бир хурсандчилик, завқ,шавқ, ўзгача бир иштиёқ билан, мехмонни муносиб кутиб олишга таёргарлик кўрамиз. Уйимизни саранжом-саришта қилиб тозалаймиз. Дарстурхонга тортилган нозу-неъматларни дид билан безаймиз ва яна қайта кўздан кечирамиз. Ҳар бир нарсага алоҳида эътибор қиламиз, токи бирор нарса мехмоннинг кўнглига тегмасин деймиз. Ҳаттоки мехмон келишига поёндозлар солиб кутиб оламиз. Зеро мехмондўстлик халқимизнинг қон- қонига азал-азалдан сингган яхши хислат ва муқаддас динимиз кўрсатмаси экани барчамизга маълум.
Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса мехмонни хурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охиратга иймон келтирса яхши гапларни айтсин ёки жим турсин” дедилар. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ушбу хадисларига мувофиқ бизнинг халқимиз мехмондўст, ҳамиша мехмоннинг хурматини, иззатини жойига қўйиб келган.
Мехмон биз учун қанча қадрли бўлса таёргарлик ҳам шунга яраша бўлади. Яқинлашиб келаётган Рамазон ойи ҳам аслида бизлар учун мехмон. У ҳам узоқда, бир йилда бир келади. Рамазон мехру-мурувват, хайру-саховат ойи. Рамазон қалб, рух ва жасадимиз покланадиган ой. Рамазон ойи дуоларимизнинг ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровех намозларию, хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан бахраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар, кўпайтириб бериладиган фазилатли, баракотли ой. Зеро Пайғамбаримизсаллоллоҳу алайҳи вассаллам “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммасини Рамазон бўлишини хохлар эдилар” деганлар. Хўш, биз Рамазон ойини кутиб олиш учун қандай таёргарлик кўрдик. Ифторлигу, сахарлик учун озуқа жамлашимиз, бозордан турфа ҳил меваларни сотиб олиб музлатгични тўлдириш, ифторга қандай таом ейиш, сахарликка қайси таомни таёрлашлик, ҳақида ўйлаётган бўлсак бу Рамозон ойига таёргарлик дегани эмас. Рамазон ойга таёргарлик , аввало қалбни поклаш, агар бир бири билан аразлашган, жанжаллашган кишилар бўлса, гина ва хусуматларини унутиб бир бири билан ярашиш, қўни-қўшни, маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёдам қўлини узатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат этиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишлигу, барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг хаққига тажовуз қилишдан сақланишлик каби ишларни амалга ошириш билан бўлади. Ана шунда биз Рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрган бўламиз. Ана шунда Рамазон ойидаги барча баракотлару, фазилатлардан бахраманд бўламиз. Рамазон ойи покланиш ойи экан, келинг азиз юртдошлар аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки қалби покиза одамдан диомо яхшилик умид қилинади. Аллоҳ барчамизни Рамазон ойидаги фазилатлардан бебахра қолдирмасин. (Омин)
Хўжаобод туман бош имом хатиби: М. Қосимов