Кийиниш ҳам одоб, ҳам аҳлоқ
Истиқлол бизга ўзлигимиз, қадриятларимизни қайтишига йўл очди. Халқимиз руҳий асоратдан, таъқибу тазйиқ ва қўрқувлардан озод бўлди. Бизга яшаш завқи, бунёдкорлик илҳоми бахш этилди. Юртимиз чинакамига обод, келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етди. Уларнинг одоб-аҳлоқ, илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари кўп.
Бундан қувонвмиз, фахр туямиз. Шунинг билан бирга, кўча-кўйда, жамоат жойларида анъаналаримизга зид тарздакийиниб олган қизларни кўриб, кўнглимиз оғриб қолаётгани ҳам бор гап.
Биз демакратик давлат фуқороларимиз, қандай кийиниш, шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу Исломий гўзал хулқ, ўзбекона одобу андишага нисбатан эҳтиром ва ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллий ўзига хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан “ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши кийимдир”, деган ҳикматона таъкид халқимиз орасида машҳур.
Аллоҳ яратган ҳар бир миллат ва элатнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари бор, бу нарса илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинган. Ҳужурот сурасининг 13-оятида бундай дейилган: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларинг учун сизларни (турли -туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақвдорларингиздур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Демак, дунё халқларининг турли миллатга мансуб бўлиб, бир-бирларидан фарқли равишда ҳаёт кечиришлари азалдан Аллоҳнинг иродаси ва илму ҳикмати тақозо этган ҳақиқат экан. Рум сурасининг 22-оятида бу мазмун янада аниқроқ баён этилгади: “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларинг ва рангларингнинг хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир”.
Бу оятлардан, инсоният ва бошқа мавжудотнинг хилма-хиллиги Аллоҳнинг қудрати ва чексиз илму ҳикматига далолат қиладиган белги экан деб хулоса қилиш мумкин. Хилма-хиллик, биринчи галда одамларнинг ташқи кўринишида, кийган кийимларида намаён бўлади. Кийинишга қараб, одамнинг ички дунёси ва маънавиятига баҳо бериш барча халқларда ҳам бор гап. Аждодларимиздан мерос кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишни, асрлар шиддатига дош берган иродамиз, сабру қаноатимиз, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик. Миллий кийимлар ва безак турлари тарихимиз давомида шаклланган бўлсада, кейинги пайтларда турли салбий ўзгаришларга юз тутаётгани сир эмас. Умуман олганда, кийимлар барча миллат кишиларида вақт ўтиши билан янгиланиб туради. Бу ҳол табиий. Лекин ўзгаришларни, янгиликларни оқилона қабул қилиш керак.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сиз (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) мўминларга айтинг! Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта Аллоҳ уларни нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир... ” (нур сураси, 30-оят)
Халқимиз азалдан бутун жаҳонда гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олижаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, олмос тафаккур – буларнинг бари бизнинг аҳлоқимизда мужассам. Демак, кийинишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Зукко гулчеҳра оналаримиз, опа-сингилларимиз калта, билакни, тиззани ёпмайдиган кўйлаклар, тана аъзолари кўриниб турадиган кийимлар кийишни ўзларига ор деб билишган. Уларнинг қалб гўзаллиги сержило матолардан шарқона назокат ила тикилган либосларида акс этиб турган. Манбаларда айтилишича, Ҳорун ар-Рошид даврида Самарқандлик тикувчилар Бағдодга бориб, сарой аёллари учун кийим-кечаклар тикиб келишган. Бу либосларда ўртаҳоллик мезонига амал қилиниб, аёл кишини ҳаё-ибоси билан бутун гўзаллигини нурлантириб турувчи услублар қўлланилган.
Ўзбек қизларини қадимда беш ёшидан бошлаб оналари, опалари бичиш-тикишга пухта ўргатишган, деярли барча қизлар чок ишлари, каштачилик, нақш солиш каби чеварчиликни барча соҳаларини мукаммал билишган. Одобда солиҳа, фикрда зебо бўлиб улғайишган. Гапнинг қисқаси андишани ҳис этишган, уятни англашган, ихлос, эътиқод деган туйғулар билан қалбларини зийнатлашган.
Жалақудуқ тумани “Ёрқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби: С. Юнусов