Еру осмоннинг ўлик учун йиғлаши
Мўмин кишини чексиз неъматлар билан сийлаб, унда умр неъматини вақти соати билан ундан насибаси ниҳоясига етиб вафот топса ортидан биргин фарзанди эмас, еру осмонни ва унга ҳизмат қилган барча нарсаларни мотам тутиб йиғлашига яраша инсон бўлишига тавфиқ ҳидоят берган Аллоҳ субханаҳу ва таолога беҳисоб ҳамд ва санолар бўлсин.
Ушбу мақомни ўзида мужассам қилган, хатто вафотидан сўнг, Масжидида суянган устун ва бир умр ҳизматида бўлган улови ҳам мотам тутган. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга, оиласи ва асҳобларига саловату саломлар бўлсин.
Термизий, Абу Яъло ва Ибн Абу Дунёлар, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Ҳар бир, инсон учун осмонда икки эшик бор, биридан амали кўтарилиб, биридан ризқи тушади. Агар мўмин банда вафот этса, бу икки эшик унга йиғлайди».
Ибн Абу Дунё, Абу ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мўмин киши вафот этса, унинг учун ердаги намоз ўқиган жойи йиғлайди» дедилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бирор мўмин банда ернинг бирор ўрнида Аллоҳ учун сажда қилган бўлса, вафот қилган куни ўша жой унга йиғлайди ва қиёмат куни ўша ер гувоҳ бўлади» (Ибн Абу Дунё ривояти)
Ибн Адий «Комил» да Ибн Мунда ва Ибн Асокир «Тарих» китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: « Мўмин киши вафот этиши муносабати билан қабрлар безатилади ва дафн ўринлари маййит ўзига қўйилишини орзу қилади» дедилар.
Ҳа дархақиқат бу ёруғ оламга инсон бўлиб келиб, инсон бўлиб кетишнинг ўзи катта фазилатдир, унинг ортидан инсонлар эмас еру осмонлар йиғлаб мотам тутиш эса энг катта бахтдир, бу даражага етишишнинг ўзи катта машаққатдир. Ва лекин уни топмоқлик Аллоҳ таолодан иноятдир. Барчаларимизни мўмин холимизда дунёдан ўтиб оримизда йиғлаб қолувчилар сонини кўпайтириб қўйсин. Омин...
Авазбек домла МЎМИНОВ
Андижон шахар
«Чинор» жоме масжиди имом-хатиби