Кулгини ҳаддан ошиқ кўпайтирманглар, чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради
Пайғамбар алайҳиссалом «Кулгини ҳаддан ошиқ кўпайтирманглар, чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради», деганлар.
Биродар, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари. Касбинг кулдириш бўлса кулдир, аммо ҳаддингдан ошма, чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради. Биз эса қалбларни тирилтирайлик, қалбларни маърифатга ошно қилайлик, жамиятни юксалтирайлик деб турсак, сен қалбни ўлдиришни ўзингга касб қилиб олибсан. Нима учун шариатга қарши турасан? Нима учун меҳробга қарши тош отасан? Бу ерда бизнинг шахсимиз муҳим эмас, биз ҳеч ким эмасмиз. Мен ҳам бир гуноҳкор бандаман, шунинг учун минбарда, меҳробда бир оғиз ўзимнинг сўзимни айта олмайман, мен фақат ўзимга буюрилган нарсани етказяпман, холос.
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ «Халойиқ сенинг зоҳиринга назар солади, Холиқ эса ботининга назар солади», деганлар. Бунинг маъноси нима? Одамлар назар соладиган жойни зийнатлаб, Аллоҳ назар соладиган жойни хунук қилиб юришдан сақлан, эй биродар. Бу насиҳат ҳаммамизга тегишли, менга ҳам, сизларга ҳам тегишли. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло назар соладиган жойни чиройли қилайлик, биродарлар. Одамлар назар соладиган жойни чиройли қилиш иккинчи ўриндаги масала.
Ибн Қайюм Жавзийя роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Энг касодга учраган одам – Аллоҳни унутиб, ўзи билан ўзи овора бўлган одамдир. Аммо ундан ҳам касодга учраган одамни айтайми? Ундан ҳам касодга учраган одам – ўзини ҳам унутиб, бошқалар билан овора бўлган одам».
Айтмоқчиманки, аслида бировни танқид қилиш жуда оғир иш. Шунинг учун бировни танқид қилиш даъвомиз йўқ. Биз бир одамни эмас, ёмон амални танқид қиляпмиз. Бировнинг шахсиятига ҳеч нарса деб бўлмайди. Бировнинг гуноҳини, хатосини кўриб, хулоса чиқариб қўйманг, чунки сиз унинг тавбасини кўрганингиз йўқ. Балки у сиз кўрган хатони қилгандан кейин тавба қилгандир? Балки сиз уни кўрганингиз йўқдир? Шунинг учун биз шахсларни муҳокама қила олмаймиз, бу қийин масала. Лекин қилинаётган ёмон амал борки, биз унга қарши турамиз. Агар бу амал ёмон бўлса, оят-ҳадисларни, меҳробни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, шариатни беҳурмат қилишса, биз унга қарши турамиз.
Мен биргина савол бераман: «Агар шу фаҳш гапларни айтиб кулдираётган амалингизни оқлаётган бўлсангиз, шу томошангизни ўз уйингизда, отангиз, онангиз, аёлингиз, синглингиз, акангиз ёки унинг аёли билан бирга ўтириб кўра оласизми?» Агар «Ҳа, бирга ўтириб кўра оламан» десангиз, бизнинг сизга ҳеч қандай гапимиз йўқ, чунки сизга бошқа гап таъсир қилмайди, чунки сиздан ҳаё бутунлай кўтарилган бўлади.д
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби