Қизларни турмушга эрта узатмаслик

Фото: ohmydakwah.com

  Замон ўтиши билан инсон заифлашиб борар экан, қиёматгача нафақат одамнинг бўйи пасайиб боради, балки ҳадиси шарифга кўра инсоннинг қуввати ҳам заифлашиб боради. Бундан эллик йил, юз йил олдинги аёллар билан бугунги аёлларни жисмонан мутлақо солиштириб бўлмайди. Айниқса, шаҳар аҳолисида. Алҳамдулиллаҳ, шаҳарларда турмуш шароити яхши, қишлоқларимизда ҳам анча яхшиланиб боряпти. Аммо бунинг бир жиҳати борки, ёшларимиз болаликдан жисмоний меҳнат қилмай ўсяпти. Шаҳарлик қизлар қишлоқдагилардек челаклаб сувлар кўтармайди, кетмонлаб далада ишламайди. Шунинг учун кўпчилигининг бироз жисми нозик, аксари чиниқмаган бўлиб боряпти. Аммо қизларимиз бўлғуси оналар, рўзғор бекалари бўлиб етишиши керак. Оналик учун эса мустаҳкам соғлиқ керак, чунки ҳомиладорлик ҳам, фарзандни дунёга келтириш ҳам чакана жисмоний синов эмас. Нима учун сўнгги пайтларда аксар келинчакларимиз туғруқхонада қийналишяпти? Нима учун чақалоқни она қорнидан операция қилиб олишга тўғри келяпти? Қорнини кесиб туғдириб олиш қаердан келиб чиқди? Яқин вақтларгача бу нарса йўқ эди-ку, шу вақтгача келинларимиз ўзи бемалол туғар эди-ку? Энди эса ҳали шамоллаган, ҳали қони кам, фарзандини ўзи туға олмайди, заиф дейди, кучи йўқ дейди ва ҳоказо. Хуллас, қорнини кесиб, боласини олиш урфга айланди. Аммо бу оддий нарса эмас, ниҳоятда жиддий жарроҳлик амалиёти бу. Бунинг ўзига яраша асоратлари бўлади, наркоз қилинади, кейинги ҳомиладорликка таъсири бўлиши мумкин ва ҳоказо. Демак, бугунги кунда қизларимизнинг аксарияти оилавий турмушга, оналикка жисмонан тайёр бўлмай туриб узатиляпти деган хулоса пайдо бўляпти. Мақсадимиз порлоқ келажак бўлса, бу келажакни соғлом авлод қуриши керак бўлса, соғлом авлод етиштириш учун оналарнинг соғлиғини асрашимиз, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини ҳисобга олиб туриб турмушга узатишимиз керак экан.  

Шариатимизда қизларнинг балоғатга етиш ёши ҳайз кўрган пайти деб белгиланган. Бу ҳукмни ҳеч ким инкор қила олмайди, бироқ бу қизларни шу ёшданоқ эрга бериб юбориш керак дегани эмас. Қизларнинг турмушга чиқиш ёши Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида, саҳобалар даврида бутунлай бошқача бўлган. Бугунги кунда, бизнинг диёримизда бу ёш билан у ёшнинг орасида катта фарқ бор. Ҳазрати Оиша сиддиқа онамиз розияллоҳу анҳони Пайғамбар алайҳиссаломга узатишганда тўққиз ёшда бўлганлари ҳадисларда айтилган. Аммо қизларнинг вояга етиш ёши бу ҳадисдан олинмайди. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳларида бир пайтнинг ўзида тўрттадан кўп аёл бўлгани, у зотнинг ифтор қилмай, улаб рўза тутишлари каби кўпгина масалалар айтилганки, уларга кўр-кўрона амал қилинавермайди, баъзилари у зотга хос бўлган деб истисно қилинади ва ҳоказо. Хаворижларга ўхшаб, «Аллоҳнинг ҳукми билан амал қилмаяпти», «Шариатни ҳоким қилмаяпти» деб бонг урувчилар ҳам кўп ҳозир. Шариатни устун қилиш шаръий масалаларда, фарзу вожибларда бўлади, мубоҳ ва жоиз масалаларда эмас-ку? Мубоҳ ва жоиз масалаларда шариатни қоим қиламан деб, ўзимизни қийин аҳволга солиб қўйишимиз керак эмас. Шаръан жоиз бўлгани билан ёшлар орасидаги тафовут катта бўлгани учун урфан бизда жоиз эмас. Бир фараз қилиб кўринг, келин билан куёвнинг орасида ёшда тафовут катта бўлса, қандай бўлади? Қиз ёш, аммо эркак қиздан 20 ёш, 30 ёш катта бўлса қандай бўлади? Отаси тенги, баъзан бобоси тенги одамга узатиш ҳолатлари ҳам бўлган. Бугунги кунда бу нарса бизнинг урфимизга тўғри келмайди, балки фақат фитнага олиб келади. 17 яшар қиз бола ўзидан 20, 30 ёш катта эркакка турмушга чиқди дейлик. У ҳар куни кўча-кўйда ўзи тенги ёш йигитларни кўради, телефонда, телевизорда, интернетда ўзи тенги ёш, навқирон йигитларни кўради-да, уларни уйидаги эрига билан қиёслаб, фитналанади. Шунинг учун шариатимизда шароит ҳам эътиборга олинади, урф ҳам эътиборга олинади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби