Масжидда азон эшитдим!

         Куни кеча «Хадичаи Кубро» хотин-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртига китоб тақдимоти ва мавлуд маросимида иштирок этиш учун бордим. Аммо ҳозир бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. У ерда мени ҳайратга солган нарса бошқа, бу – азонни ўз қулоқларим билан эшитганим!
...Маросим 13.00 да бошланди. Аср вақти кирганида қўшни “уй”дан азон овоз кучайтиргич ёрдамида баралла айтила бошланди. Аввалига эътибор бермадим. Азон саслари тугагач, бирдан уйқудан уйғонгандек кўзим ярқ этиб очилди. Ахир, буни озмунча мусулмон кутмаганмиди?!
Тўғри, “Энди азон баралла айтиларкан”, деган хабар тарқалгандан кейин кўпчилик бунинг гувоҳи бўлгандир. Бироқ мен ҳам ўз қулоқларим билан эшитганимда, жоиз бўлса, мусулмонлик руҳиятим кўтарилди ва “Бу рост экан!” деган фикр кўнглимдан ўтди.
Бир пайтлар Қозоғистонга меҳмонга борганимда азонларнинг масжидларда баралла айтилганини эшитиб жуда ҳавас қилгандим. Ҳа, “бўғилган овоз”, аввало, Аллоҳ таоло иродаси билан, қолаверса, янги Президентимиз шарофати ила яна “қўйиб юборилди”.
Шундай пайтларда шеърий жумлалар қалбга қуйилиб келадики, азонни баралла қўйинг, токи шайтонлар қувилсин, юртимиз обод бўлсин, фисқу фужур йўқолсин, одамларга иймон инсин, дегинг келади...
Дарвоқе, масжид номини айтмабман-ку! “Абу Ханифа” эди, шекилли...
Ҳа-я, эй оналар, қўрқманг, болангиз азон товушидан сесканиб уйғонмайди. Ахир, қандай уйғонадики, унинг ўзи шайтонларни ҳайдаса?!
Қолаверса, аллақандай “бўжи”лардан эмас, бу овоз туфайли танҳо Аллоҳдан яхши маънода “қўрқиб” катта бўлса, шу сас сабабли ўз-ўзидан тарбияланса, яхши эмасми?! Балки шунда ўртоқларини “сўйиб” қўймасди, ҳали гўдак бўла туриб ҳаромларга боқмасди, энг муҳими сизни алдамай, яхши кўриб, ҳурматингизни жойига қўярди...
Шундай эмасми?!
Менимча эса, шундай!
Болаларим шайтонлар “азони” – мусиқани эмас, ҳақиқий азон сасини эшитиб улғайсин. Менга унинг ёрдами нақадар керак!

Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,
журналист