Абу Зарр ал-Ғифорий
Абу Зарр ал-Ғифорий илк мусулмонлардан бўлиб, Бани Ғифор қабиласидан, туғилган санаси маълум эмас. Унинг асл исми Жундуб ибн Жанода ибн Қайс. Лақаби - “Масиҳул Ислом”. Бу лақабни у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берганлар. У зот Абу Зарр ҳақида шундай деган эдиар: ”Тупроқли ер устида, мовий само остида Абу Заррчалик содиқ одам бўлмаган”. Абу Заррнинг қабиласи жоҳилият даврида асосан карвонларни талаш ва талончилик билан шуғулланарди. Унинг ўзи эса жасур ва ботирлиги билан шуҳрат қозонган эди.
Навқирон ёшдаги Абу Зарр кунларнинг бирида одатлари ва касбидан воз кечиб, кескин ўзгарди. Исломдан олдин ҳанифлардан бўлган. У атрофдагиларга “Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманг, бутларга сиғинманг. Улардан нарса сўраманг”, дейишни бошлади. У мусулмон бўлмасдан олдиноқ Аллоҳга ибодат қилишни бошлаганди.
Абу Зарр Исломни қабул қилишининг ўз тарихи бор. Кунларнинг бирида Бани Ғифордан бўлган бир киши Маккадан қайтиб, Абу Заррнинг олдига келди ва Маккада бир киши чиқиб, ўзини пайғамбар деб эълон қилгани ва янги динга даъват қилаётганини айтди. Қабиладошининг сўзларини диққат билан тинглагач: “Аллоҳ билан қасам ичаман, бу зот одамларга яхшилик қилишни ўрганишлари ва ёмонликлардан сақланишлари учун насиҳат айтмоқда”, - деди.
Бу суҳбатдан бир неча кун ўтиб, Абу Зарр Маккага йўл олди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишни мақсад қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша пайт саҳобалари қаттиқ қўриқлашаётгани сабаб бир неча кун қидирди. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган жойларини топди ва тинтувдан кейин ҳазрати Али уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг ҳузурларига олиб кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бироз суҳбатдан сўнг Абу Зарр Исломни қабул қилди. Шу кундан эътиборан бутун куч ва ғайратини, муҳаббат ва шафқини, жасорат ва шижоатини муборак динни ёйишга ва ўргатишга сафарбар қилди.
Абу Зарр табиатан фақир, зоҳид киши эди. Бойликка рағбат қоймаганди. Шу туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “Масиҳул Ислом” деб лақаб берган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин бутунлай зуҳд ва тақвога берилди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этгач, Мадинада туролмай Шомга кўчиб кетди. Ҳазрат Усмон даврларида хасталаниб, ётиб қолди. Ҳижрий 31 йилда вафот этди. Ансордан бир йигит келиб, уни кафанлади ва у Рабазага дафн қилинди.
Баланд бўйли, кенг елкали, сочларига оқ тушган ҳолида вафот этган Абу Заррдан хароба уй, уч қўй ва бир неча эчкидан бошқа нарса қолмади. Сабаби у зоҳид ва мол-дунё йиғишга ҳарис эмас эди.
Абу Зарр саҳобалар томонидан “Илм денгизи” дея аталарди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп савол сўрар, имон, эҳсон, яхшилик ва ёмонлик ҳақида кўп нарса билар эди. У жуда қаноатли бўлиб, оддий яшарди. Бир ўғли бўлиб, Абу Зарр ҳаётлик чоғидаёқ вафот этганди. Унинг оиласидан фақат аёли ва қизи қолди.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти 2-курс талабаси
Абдураҳмонов Зоҳиржон