Аллоҳдан қўрқиб, ундан умид қилиш

Аллоҳ таоло бизларни ўзидангина қўрқиб, ўзидангина умид қилишимизга тарғиб қилиб, айтади:

Албатта, ўша шайтон ўз дўстлари (мунофиқлар)ни хавфлантиради. Агар (чинакам) мўмин бўлсангиз улардан (ёвдан) қўрқмангиз, (балки) Мендан қўрқингиз!Оли Имрон сураси 175 – оят.

Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир. Аъроф сураси 56 – оят.

Аллоҳдан қўрқиш уч кўринишда бўлади:

1 – банда ўзини хорлиги ва ожизлигини билишдан келиб чиқади. Бунга мисол: Аллоҳ таолонинг Нуҳ сурасидаги ояти:

Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (ибодат қилишни) ўйламайсиз?! Нуҳ сураси 13 – оят.

2 – яхши кўришдан пайдо бўлади.

«Эй, Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан. Оли Имрон сураси 8 – оят.

Яъни банда Аллоҳдан қўрқиб, ҳидоятини олиб қўймаслигини сўраб дуо қилади.

3 – ваъид оятлардан келиб чиқади.

Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир. Нисо сураси 1 – оят.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Яримта хурмо билан бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар”.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “уч нарса ҳалокатдир: итоатгўй хасислик, эргаштирувчи ҳавои – нафс, киши ўз нафсидан ажабланиши. Уч нарса нажотдир: маҳфий ва ошкора ҳолатларда Аллоҳдан қўрқиш, бойлик ва камбағалликда Аллоҳга боғланиш, розилик ва ғазаб пайтларида ҳақ сўзни айтиш”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қайси бир мўмин бандани икки кўзидан Аллоҳдан қўрқиб, пашшанинг бошичалик бўлса ҳам ёш чиқиб, юзига оқса, Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Банданинг жилди Аллоҳдан қўрқиб титраса, қуруқ дарахтдан барглари тўкилгандек гуноҳлари тўкилади”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўспирин болани ўлим тўшагида ётганида олдиларига кириб: “Ўлимни қандай топдинг?, дедилар. Бола: Аллоҳдан умид қиламан ва гуноҳларимдан қўрқаман, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу каби ўринда банда қалбида жам бўлган икки нарсага, Аллоҳ сўраганини бериб, қўрққан нарсасидан уни омонда қилади, дедилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: Мен бандамни менга қилган гумонидаман, мени эслаган пайтида мен у билан биргаман”.

Демак, мўмин банда Роббисидан доимо яхши гумонда бўлиб, барча ҳолатларида У зотга илтижо қилиб, дуо қилади. Чунки дуо ибодатнинг мағзидир

Мўмин инсон фақат Аллоҳдангина қўрқиб, Аллоҳдангина умид қилади. Чунки барча яхшилик, ёмонлик, фойда, зарар бериш, ман қилиш, хорлаш ва азиз қилиш Унинг қўлидадир.

Қўрқув Аллоҳнинг қамчиси бўлиб, у билан бандаларини илмга, амал қилишга, гуноҳларни тарк қилиб, яхши амалларни қилишга етаклайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандалар орасида Аллоҳдан энг қўрқувчироғи эдилар. Бандада қанча илм зиёда бўлса Аллоҳдан қўрқуви шунча кўпаяди.

Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган зотлар учун эса,(охиратда) мағфират ва катта мукофот бордир.  Мулк сураси 12 – оят.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен билган нарсани билсаларингиз, камроқ кулиб кўпроқ йиғлар эдингиз...”. Термизий ривояти.

Шадад ибн Авс розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ Таоло айтади: Қудратим ва улуғлигим ҳурмати бандам учун икки омонлик ва икки қўрқувни жам қилмайман. Агар у бу дунёда мендан омонда бўлса, бандаларим жамланадиган қиёмат куни уни қўрқитаман. Агар бу дунёда мендан қўрқса, бандаларим жамланадиган қиёмат куни уни омонда қиламан”.

Демак, мўмин банда Аллоҳдан қўрқиб, буюрган амалларини ўз вақтида адо қилиб, қайтарган нарсаларидан қайтиб, унинг раҳматидан умидвор бўлиб яшашлиги, дунё ва охират саодатига эришишга сабаб бўлади.

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Олим киши - инсонларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмай, азобидан ғафлатда қолдирмайдиган кишидир”.

 

Нодирбек домла КЕНЖАЕВ

Андижон туман "Кўктўнли ота" масжиди имом-хатиби