Касал кўриш одоби
Касал кўриш ҳам мусулмонлик ҳақларидан бўлиб, динимизда бу амалга кўп савоблар ваъда қилинган. Касал кўриш фазилати ҳақида шундай марҳамат қилинади.
Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ни шундай деганларини эшитдим: “Ким мусулмон биродарини касал ҳолида кўргани келса, унинг олдига келиб ўтиргунча жаннат йўлида юрган бўлади, агар ўтирса, Аллоҳнинг раҳмати уни қамраб олади. Агар эрталаб зиёрат қилса, кечгача етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар кечқурун зиёрат қилса, тонгача етмиш минг фаришта унга салавот айтади .” Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.
Касални зиёрат қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга буюрган амаллардан хисобланади. Касаллик ёки шунга ўхшаш бирор балога йўлиққан инсонни кўрганда қуйидаги дуо ўқилади:
“Алҳамду лиллаҳиллази афани миммабталака биҳи ва фаззоланий ала касирин мимман холақо тафзила”. Маъноси: “Сенга етган кўргиликдан мени сақлаган ва Ўзи яратган кўп бандалардан мени афзал қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”.
Бу дуони ўқиган инсонга ўша касаллик етмайди. Касални зиёрат қилган инсон , уни бош тарафида ўтириши суннатдир. Касал одамга қуйидаги дуо етти марта ўқилса албатта Аллоҳ унга шифо беради: “Асъалуллоҳал аъзим роббал аършил аъзим ан яшфияка” Маъноси: “Улуғ Аллоҳдан буюк арш Роббисидан сенга шифо беришини сўрайман ”.
Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётганликларидаги касалликларида иккита “Қул аъузу”ни ўқиб, ўзларига дам солардилар. Аҳволлари оғирлашганда ана шуларни мен қўлларига ўқиб суфлаб баракали бўлгани учун ўз қўлларини ўзларига суртар эдим.” Муттафақун алайҳ.
Демак, касал одам ўзига Расулуллоҳ ўқиган ушбу сурани ўқиб, дам солиши жоиз бўлади.
Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “ Касалларингизни таом ва сувга мажбурламанг. Чунки Аллоҳ таоло уларни овқатлантириб суғоради”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Салмон Форсийни касал бўлганда кўргани кириб, дедилар:
“Сенинг бу ётишингда учта хислат бор. Роббингдан эслатма, поклик ва олдинги гуноҳларингга каффорат, касал кишини дуоси мустажабдир, қодир бўлганингча Аллоҳга дуо қил ”.
Яна касал кўриш Аллоҳ берган соғлиқни қадрига етиб, унга шукр қилишга чорлайди.
Эй, Аллоҳ! бизларни турли бало, офат ва касалликлардан Ўзинг асрагин.
Андижон шахар «Чинор» жоме масжиди имом хатиби: Авазбек домла Мўминов