Ватанга хиёнат кечирилмас гунох

Ҳар қайси холат мўъмин кишининг табиатида  бўлиши мумкин илло  ёлғон сўзлаш ва хиёнат қилиш  мўъмин кишининг табиатида бўлмайди.  (Хадис)

Ватанни севмоқ иймондандир.  Ватан инсонни киндик қони тўкилган макон. Ҳар бир инсон ўз киндик қони тўкилган маконни севади, ардоқлайди, ҳимоя қилади, гуллаб яшнашига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Бу маконда ота-она, ака-ука, опа-сингил, қавму-қариндош яшайди. Оламларга рахмат бўлган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳам ўз шаҳри Маккаи мукаррамани ташлаб Мадинаи мунавварага кўчиб кетаётганларида, Макка шаҳрига қараб, кўзларида ёш билан: “Эй менинг киндик қоним тўкилган шаҳрим. Агар жонимга хавф ва Аллоҳ таоло тамонидан менга сени ташлаб чиқиш хавфи бўлмаганида эди, мен сени асло тарк этмас эдим” - деганлар. Шоирларимиз ватанни мадҳ этиб қанча-қанча шеърлар, ғазаллар битганлар, хофизларимиз қанча-қанча қўшиқлар айтганлар. Бугунги кунда қаерда бўлмасин, ҳоҳ телевидения, ғоғ радио, ҳоҳ тадбирларда, “ватанпарварлик”, “тинчлик” каби юксак туйғулар такрор-такрор гапирилмоқда. Бироқ, бугун кимнинг қалбида ватанга бўлган мухаббати қай даражада?, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялай оляпмизми? Дея ўзимизга савол берайлик. Минг афсуслар бўлсинки, шоли курмаксиз бўлмайди деганидек, одамлар орасида ҳам ватан хоинлари, ватанфурушлар борлиги барчамизни  ғамга ботиради. Ватанга ҳиёнат қилишлик, бу икки дунёда ҳам кечирилмайдиган улкан гунохдир. Шу ўринда бир нарсани айтмоқ лозим: - ватанга хоинлик нима ўзи?. Ватанга хоинлик фақат ватанига қарши қурол кўтаришлик эмас, тўғри динимизда ҳам, инсонийлик нуқтаи-назаридан ҳам ўз ватанига қарши қурол кўтариш, унга қарши исён қилиш ватанга хиёнатнинг энг олий даражаси ва кечирилмас гуноҳ ҳисобланади. Бироқ, ватанга хиёнатнинг яна бир қатор кўринишлари мавжуд. Бугун қай бир инсонга давлатимиз қайсидир соҳада бирор вазифани ишониб топширсаю, бироқ ушбу шахс ўз вазифасини суистеъмол қилса, билдирилган ишончни оқламаса ёки йўқотса бу ҳам ватанга ҳиёнат эмасми? Ўқитувчи ўзи учун ажратилган вақтда келажак авлодга белгиланган билимни бермаса, эртага бу ёш авлод саводсиз бўлиб, юртни таназзулга учрашига олиб келмайдими? Шифокор ичган қасамёдига содиқ қолмай, катта даромадни кўзлаб беъморга етрали эътибор қаратмаса, инсон нобуд бўлса, бу жамиятга ҳиёнат бўлмайдими? Бозордаги савдогар тарозидан уриб қолса, бу жамиятга хиёнат эмасми?  Қонун ва ватан ҳимоячилари ўз касбига садоқат билан ишламаса, ватанга ҳиёнат бўлмайдими? Энг муҳими ота-она ўз фарзандига муносиб таълим-тарбия берамаса, ўша фарзанд эртага ноқобил бўлиб,  ватанга ҳиёнаткор бўлмайди деб ким кафолат бера олади? Хуллас, қай бир соҳани олманг, ўша соҳада инсон таъмагирлик қилса, ўз мансаби ёки вазифасига совуққонлик билан ёндошиб, уни суистеъмол қилса, бу каби иллатлар жамиятни таназзулга олиб келади.

Ҳаётда қандай яшаш ва қайси йўлдан юриш инсоннинг ўзига ҳавола, лекин ҳар бир хатти-ҳаракатни амалга оширишда бурч ва масъулиятни ҳам унутмаслик лозим. Донишмандлар уч нарсани ортга қайтариб бўлмайди, дея таъкидлашади:  оғиздан чиққан сўз, ўтган вақт ва йўқотилган ишонч! Фарзанди бўй чўзиб, вояга етганини кўрган ота-она севинади, уни эл корига ярайдиган, юрт фаровонлиги учун хизмат қиладиган эр йигит бўлишини истайди. Шу мақсадда емай едиради, киймай кийдиради. Аммо ўғил кун келиб, қилмишлари билан отанинг қаддини букса, онанинг кўзини ёшга тўлдирса, тағин эл-юрт, қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида иснодга қўйса, бундан ҳам ёмони ишончни йўқотса, бу хиёнатни кечириш мумкинми?! Юрт тинчлиги, аҳолининг осойишта ҳаётини сақлаш, қонун асосида яшаш билан бирга унинг бузилишига йўл қўймаслик каби қатъий қоидаларга амал қилиш ўрнига порахўрлик, таъмагирлик, лоқайдлик,  ўз вазифасига  ва маъсулиятига беэътиборликни касб қилиб олган шахсларни ким деб аташ мумкин. Юртни обод бўлишлиги занжир каби ҳамма соха вакилларига  бирдек боғлиқ.

Мустақил Ўзбекистонимиз бугун ҳар соҳада гуллаб-яшнаб, улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу кунларни аждодларимиз, ота-боболаримиз қанчалар орзиқиб кутган эдилар. Бу кунларга етишмоқ учун улуғ аждоларимиз қанча қонлар тўкдилар.  Лекин бу кунлар уларга насиб этмади. Бироқ, жаннатмакон юртимизни биз авлодларига бус-бутун меърос қилиб қолдириб кетдилар. Айтинглар, бундай жаннатмакон юрт қайда бор?  Сўлим боғлару, виқорли тоғлар, қарилари эъзозда-ю, ёшлари иззатда, аёллари иффатда-ю, эркаклари ҳимояда.  Сени ҳеч кимга бермаймиз Ўзбекситон, фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекситон!

 

Хўжаобод туман “Еттичинор”  масжиди имом хатиби:  М. ҚОСИМОВ.