Қўштирноқ ичидаги маданият
Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маланият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадрятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда. XXI- асрда мафкуравий курашларнинг ақл бовар қилмас турлари пайдо бўлди.
Ҳар бир халқнинг миллий-маънавий анъаналарига путир етказувчи, шахватларга, инсоний ахлоққа терс хаётга чақирувчи “Оломонча маданият” зарарлари, ёшлар тарбиясига салбий таъсирлари беқиёс. “Оломонча маданият” жамиятда бузғунчилик ва зўравонликни тарғиб этиш орқали болаларга гўё истаган ишни қилиш- “эркинлик бериш” каби бемаъни одатларни ёйиш орқали уларни манқуртга айлантириб, маънавий хаётни оғир инқирозга дучор қилмоқда. Оммавий маданиятни ёшлар онгига сингдиришга уринаётганлар, ёшларни фақат ўз фойдасини кўзлаб иш тутадиган худбин, атрофдагиларга бепарво боқучи лоқайд кимсаларга айлантириш, ёшлар орасида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, бир жинслилар никохи, зино, гиёхвандлик каби ёмон иллатларни тарғиб этишмоқда. “Оломонча маданият” ни тарғиб этишдан асл мақсадлари ёшларни бехаёлик ва бузуқлик, ахлоқсизлик ва маданятсизлик билан тўғри йўлдан адаштириш, онгини захарлаш орқали жамият тараққиётига болта уришни мақсад қилишгани сир эмас.
Биргина мисол хорижда ишлаб чиқарилаётган кийимлардаги ёзувларга эътибор қаратсак. Кийимлардаги «killer» (қотил) «danger» (дахшат) каби сўзлар ёки хаёсизликни ҳамда ўзи хохлаган ишни қилишга тарғиб қилувчи « my life my rules» (менинг хаётим менинг қоидаларим) каби сўзлар ёшлар онгига таъсир қилмасликка ҳеч ким кафолат бермайди. Бундай жирканч “маданият” таъсирига тушган ўсмир худбин, лоқайд, дангаса, енгил-елпи хаётга ошно, юрт равнақи ва халқ тинчлигига бефарқ кимса бўлиб вояга етиши тайин албатта. Бехаёларча кийиниш, ташқи кўринишлари, кийимлари, соч ва соқолларига турли ҳил нақш чиздириб олишлари, ўғил болаларни қулоқ ва бурунларига турли туман зираклар тақиб олишлари “оммавий маданиятни” ёшларимиз онгига бузғунчи ахлоқларни сингдиришга уринишидир. Одоб-ахлоқ, мехр-оқибат, ибо-хаё, ор-номус, иффат ва диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавий оламининг ажралмас қисмига айланган. Ота бооаларимиздан қолган бундай гўзал одоб ахлоқларни, миллатимиз қардиятларини, юксак маънавиятимизни, жаннатмакон юртимиз обод, фарзандларимиз келажаги порлоқ бўлиши учун маданиятсизликни тарғиб қилувчи “маданиятга” алмаштирмайлик.
Манба Интернетдаги тахдидлардан химоя китобидан олинди
Хўжаобод туман бош имом хатиби: М Қосимов.