Оилада эр ва хотин бурч ва масъулияти
Аллоҳ таоло инсонларнинг ер юзини макон тутиб яшашларини, насл қолдириб кўпайишларини ирода қилди. У зот эркакларнинг таскинлик ва осойишталик топишлари учун уларга жуфтларни, яъни аёлларни ҳам яратди.
Шу билан бирга эркак ва аёллар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун улар ўртасида муҳаббат, иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини ҳам пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳар қайси инсон, миллати, тили ва динидан қатъий назар, бу дунёга бахтли ва саодатли яшаш учун келади. Бундай юксак орзуга етишнинг шарти ва гарови бўлган омиллар кўп. Лекин улар орасида ҳаётимизга маъно-мазмун берадиган, уни янада ёруғ ва фойдали қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса, одамнинг ўз уйи, ўз юртини ҳар томонлама гўзал ва обод қилиб шундан ўзи мамнун бўлиб, рози бўлиб яшашида яққол намоён бўлади. Оила жамиятнинг асосидир. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг иродаси билан азизу мукаррам қилиб яратган инсонга ер юзида тинч, фаровон ва саодатли турмуш кечириши ва наслини давом эттириши зарур бўлган барча шароитларни муҳайё қилди.
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила қуриш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ... (سورة النّحل/72
яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...”.
Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида:
"النِّكَاحُ سُنَّتِي، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي" (رواه البخاري
яъни: "Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас" (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги, оиласини никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади. Аллоҳ таоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун умр йўлдош, таскин ва осойишталик тимсолига айланди. Қуръони каримда шундай дейилади:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ (سورة الرّوم/21
яъни, “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир.” (Рум сураси, 21-оят )
Аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берган бу илоҳий дин бўлмиш Ислом, бундан ўн беш аср муқаддам юзага келди. Инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом умматига эмас, бутун кишилик жамиятига ибрат бўлдилар. Мусулмонларгина аёлга бўлган муносабат қандай бўлишини бутун дунёга исботлаб қўйишди. Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хушмуомалада бўлиш, уларни хорламаслик, илм олишига ва динини ўрганишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони каримда аёл ҳақида кўп оятлар нозил қилинган. Ҳатто сураларнинг бири Нисо (Аёллар), яна бири "Талоқ" сураси дея номланиб, буларда асосан аёлларга тааллуқли шаръий ҳукмлар баён қилинган. Бундан ташқари Бақара, Моида, Нур, Аҳзоб, Мужодала, Мумтаҳана ва Таҳрим сураларида ҳам аёлларга тегишли масалалар батафсил айтилган.
Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмай, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни аёлга ҳам берди. Илм олиш эркак ва аёлларга баробар фарз қилинган. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир. Молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилиш ихтиёрига эга. Аёл эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда ўзи тузишга ҳақлидир. Динимиз таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақлий ва жисмоний ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга.
Мухаммаджон Умаров
Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби