Қарз ҳақида

Қарз беришнинг савоби ҳадя берганнинг савобидан кўра кўпроқлиги ҳақида ҳадиси шариф бор. Узиш ниятида қарз олган кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам беради деган маънода Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадислар ривоят қилинган. Худо сақласин у, агар банда еб кетиш ниятида бировдан қарз олса, ундай одам ўз бошига бало юклаб олган бўлади ва ниятига мувофиқ бу қарзидан қутулолмай кетади. Имтиҳон дунёсини тарк этганидан кейин унинг яқинлари қарзини узадими-йўқми, номаълум.

Шунинг учун мўмин банда лозим вақтларда Аллоҳнинг ёрдамидан умид қилиб, узиш ниятида қарз олса ва бу қарзини чиройли қилиб узиб, қарз эгасини рози қилиш ҳаракатида бўлса, иншааллоҳ, қарзидан қутулиб, унинг ўзи ҳам, қарз берган банда ҳам кўп кўп савобу ажрларга эришади.

Халқимизда “Қизғанчиқдан қарз олма, қарз олсанг ҳам харжлама” деган мақол бор. Бу мақол нима учун айтилганини билиш қийин эмас. Аввало, қизғанчиқдан қарз олишнинг ўзи қийин иш, иккинчидан, ундай одам қарз беришга рози бўлган тақдирда ҳам, тезликда қайтариб беришинга тўғри келиб қолиши мумкин, шунинг учун уни ишлатмай турганинг маъқул, дейиляпти. Лекин нима бўлганида ҳам, у қарзнинг эгаси, қисташга ҳақли. Шундай экан, қарз олувчи ҳам, берувчи ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги ниятида ҳаракат қилиши лозим. Бир томоннинг иши битиб қолсин, иккинчи томоннинг ҳам пули куйиб кетмасин.

“Қарз” сўзи аслида кесиш маъносини беради. Яъни, имкони бор одам ўзининг маблағи ёки сармоясидан қандайдир бир қисмини кесиб, бошқасига беради. Олган одам эса ўша кесилган жойни яна қайта тиклаб бериши лозим. Қуръони мажиднинг бир неча жойида “Аллоҳ учун қарзи ҳасана берувчи борми?” маъносидаги оятлар келади (Бақара, 245; Моида, 12). Бу бой, мард кишиларга хитоб. Ўшандай кишилар қарзи ҳасана беришсин ва қарз олган тараф то жойини тўлдиргунича сабр этиб, қисталанг қилмай турсин. Бу вақтда Раззоқ ва Ваҳҳоб Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бошқа томондан қарзи ҳасана берган мўмин бандасига файзу баракот етказиб туради. Бу одамзотнинг эмас, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ваъдаси. У Зот ваъдасига асло хилоф қилмайди!

Бандасининг иши – Ундан дуо қилиб сўраш ва шу йўналишда тўғри ният билан ҳаракат қилиш. Мисоли тоғнинг этагида туриб: “Эй Худо, менинг шу тоққа чиқишимни насиб қил”, деб сўраб, кейин тоққа чиқишни бошлашдек. Шунда ҳам Парвардигор насиб қилсагина, тоғнинг тепасига чиқади, насиб этмаган бўлса, бир қадам ҳам силжиёлмайди. Эътиқодимиз ана шундай. “Олма, пиш, оғзимга туш”, деб ҳаракатсиз қараб ўтириш бизнинг йўлимизга тўғри келмайди. Чунки ҳазрат Биби Марямга ҳам: “Қуриган хурмо шохини силкит”, дейилди (Марям, 25). Силкитмаса ҳам беришга қодир эди, лекин Ўз неъматини шу силкитиш сабабига боғлаб қўйди. Силкитди, қуриган хурмодан мева тўкилди.

Зотан, бу дунё ишлари сабабларга пайваста қилинган. Демак, сўраб Аллоҳ таолога илтижо қиламиз, сўраганимизга мувофиқ ҳаракат қилиб, сабабларни амалга оширамиз. Бериш ё бермаслик, етказиш ё етказмаслик Унинг сири. Ҳукм ҳам Уники, хоҳиш ҳам! Хоҳлаган вақтида ҳар қандай сабабни ўртадан кўтариб, тўғридан тўғри етказади ҳам.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби