Муборак рамазон ойининг моҳияти
Мустақиллик неъмати боис, алҳамдулиллаҳ, юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга янгича чирой очмоқда. Ҳур диёримиз мусулмонлари мана йигирма олти йилдирки, мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликларидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорчилик изҳор қилиб, доимий равишда ҳамду санолар айтмоқда. Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
Куни кеча матбуотда эълон қилинган президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисида”ги қарорларини ўқиб, беҳад қувондик. Қарорда нафақат рамазон ойи, балки мўмин-мусулмонларга бўлган эътибордан бошимиз осмонга етди. Рамазон ойи бизга ўз фойдамизни эмас, бошқаларни манфаатини кўзлаб яшаш кераклигини ўргатади. Бу ойда саҳоватпеша халқимизнинг меҳр-муруввати янада ортади.
Советлар даврида бугунгидек кенг, ёруғ ва муҳташам масжидлар қаёқда, дейсиз..
Таровеҳ намозларини қўя туринг, ҳатто ҳайит намозларини ҳам мозорларда беркиниб ўқиган кунларимиз бўлган. Ҳозир биргина Тошкент шаҳрида юздан ортиқ масжид бор. Шунинг ўзи ҳам юртимизда мўмин-мусулмонларнинг бемалол ибодат қилишларига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигидан далолат. Бу кунларга етиш кўпчиликка насиб этмади, бу кунларнинг қадрини ҳеч нарса билан тенглаб бўлмайди.
Шу улуғ кунларда истиқлол шарофати ила муқаддас ислом динимиз арконларини, қадриятларимиз ҳамда ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар, зарур шароитлар яратиб берилганини, жаҳон илму фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган ўнлаб алломаларимизнинг илмий мерослари ва қадамжолари тикланганини мамнуният билан таъкидламоқ лозим.
Рамазон ойи қадимдан юртимизда ҳалқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган.
Ушбу фазилатли ойда хайрли ва савобли ишларни кўпроқ амалга оширишга, жисмоний ва маънавий томондан покланишга, ёмон сифатлардан, қабиҳ одат ва қилмишлардан ҳоли бўлишга ҳаракат қилинади, кўплаб хайрия, эҳсон ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Мана, улуғ ойнинг муборак кунларига ҳам етдик. Гуноҳлардан покланган қалб эзгуликка тўлмоқда. Эзгуликка лиммо-лим диллардан тўкилган дуолар бешак ижобат бўлгай, иншааллоҳ! Шундай экан, самимий тилаклар тўхтовсиз Даргоҳи Илоҳийга юксалиб турган мана шу ғанимат паллада азиз диёримиз, қадрли юртдошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилсак: Илоҳим, ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин.
Ватанимизни обод, турмушимизни янада фаровон бўлиши йўлида чарчоқ ва хордиқ билмай меҳнат қилаётган муҳтарам давлат Раҳбаримизни Парвардигорнинг ўзи қўлласин. Фазилатли Рамазон ойи шарофати билан дилларингиз имон нури ила мунаввар бўлиб, хонадонларимиз хайру баракотга тўлсин, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари ёғилаверсин.
Рамазони шариф ҳам тинчлик, барокат, яхшилик келтирсин. Аллоҳ таоло баркамолликка интилаётган фарзандларимиз салоҳиятли, ватанига садоқатли бўлишини насиб айласин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби