Ҳалоллик – жаннат меваси, ҳаромлик эса дўзах кулфатидир
Қадим замонда Абдусалом деган бир ҳалол инсон ўтган экан. Унинг яккаю-ягона фарзанди бўлиб, у боласини жуда яхши кўрар, еру-кўкка ишонмас экан. Кунлар, йиллар ўтиб бола катта пахлавон йигит бўлибди. Бир куни у отасига маслаҳат солибди:
– Эй, ота! Энди нима касб қилай?
Отаси: – Эй, ўғлим. “Бўйнидан боғланган ит овга ярамас”, деган гап бор. Энди сен бир ҳунар ёки касбни ўзинг танла ва шунга меҳр қўй”.
Шунда ўғли: – Энг яхши касб – ўғрилик бўлса керак, - дебди.
Отаси шунда дебди: – Майли ўғлим, ўғрилик бўлса ўғрилик-да. Қўшнимизнинг қўйини ўғирлаб кўрчи. Ўғли қўшни хонадондаги битта катта қўчқорни ўғирлаб олиб келибди.
Отаси хурсанд бўлибди ва: – Ўғлим, зўр иш қилдинг. Энди иккимиз ўзимизни тежаймиз ва бир ҳафта уйдан чиқмай, шу қўйни мазза қилиб еймиз, дебди. Хуллас, астойдил бир ҳафта мазза қилиб маишат қилишибди. Қўйни еб бўлгач, ўзларини тортишибди.
Ўғил бир ҳафтада уч килога озибди. Ота эса тўрт кило кўпайибди. Ўғил ҳайрон бўлиб отасига боқибди.
Ота кулиб дебди: - Эй, нодон ўғил! Билиб қўй, сен ўғирлаган қўйнинг пулини мен бир кун олдин қўшнига бериб қўйганман. Шунинг учун мен хотиржам семирдим. Кўрдингми, сен ўзингга ҳалол касб танла. У дунёинг ҳам, бу дунёинг ҳам обод бўлур.
Ҳалоллик – жаннат меваси, ҳаромлик эса дўзах кулфатидир.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби