Рамазон ойининг фазилати
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир - биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратди. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир. У кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир. Булар Аллоҳ томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинг! Албатта Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади".
Ана шундай раҳмат нафҳаларидан бири Рамазон ойидир. Бу ой бошқа ойларга нисбатан фазилату устунликда бамисоли қуёшнинг бошқа сайёраларга нисбатан устунлиги кабидир. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади.
Бу ой унда Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185 - оят). Восила ибн Асқаъ (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Иброҳим (алайҳиссалом) саҳифалари Рамазоннинг илк кечасида нозил бўлган. Таврот Рамазоннинг олтинчи куни нозил бўлган. Инжил Рамазоннинг ўн учинчи куни нозил бўлган. Фурқон (Қуръон) эса Рамазоннинг йигирматўртинчи куни нозил бўлган” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ойда рўза тутиш Аллоҳ томонидан фарз қилинган. "Эй иймон келтирганлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан олдин ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” (Бақара сураси, 183 - оят).
Бу ой тавба ва мағфират ойидир. Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мамрҳамат қилиб, дедилар:
“Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир муборак ҳадисларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар:
“Кимки, рамазонни (унинг фарзлигига) ишониб ва савоб умидида тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Яна бир ҳадисда: “Кимки, рамазон тунларини иймони туфайли ва савоб умидида (ибодат билан) қоим қилса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади”, дейилган (Имом Бухорий Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари).
Бу ой дўзахдан озод бўлиш ойидир. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Қачонки, Рамазоннинг илк кечаси кирса, шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпиб ташланади. Улардан битта эшик ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари очиб юборилади ва улардан битта ҳам эшик ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”. яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар (Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти).
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ - маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус - надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.
Бу ойнинг рўзаси билан машғул бўлган рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра хушбўйроқ ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«... Рўзадорнинг оғзидан келувчи нохуш ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра хушбўйроқдир...» (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло рўзадорлар учун тайёрлаб қўйган жаннатини ҳар куни қайта - қайта ясатиб туради. Ҳадиси Қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло рўзадорлар жаннатини зийнатлар билан тўлдиради ва унга қараб: «Бандаларим машаққат ва озорлардан қутулиб, сенинг ҳузурингга келишларига озгина қолди»,- дейди. Фаришталар рўзадорлар ҳаққига то улар оғизларини очгунларича истиғфор айтиб турадилар.
Бу ойда жин - шайтонларнинг энг ёмон ашаддийлари занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилолмайдилар, ғаразли мақсадларига етолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафслари устидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин -шайтонларнинг макр - ҳийлаларидан асрайди. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар:
“Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин - шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди” (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).
Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир.Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор - йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат - ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.
Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти). Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).
Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.
Бу ой хайр - эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайхис - салом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан - да учқурроқ эдилар" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта - ю кичикни уйғотардилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар» (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоа кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари у зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда у зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олдилар. Бу яхши одат салафлар замонидан то ҳозирги кунгача етиб келмоқда. Бу тунги намозлар уламолар истилоҳида «таровиҳ» деб аталади. Кўп диёрларда таровиҳ 20 ракаат ўқилган. Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад, Молик ва Довуд Аз - Зоҳирийлар таровиҳ намозини витрдан ташқари 20 ракаат ўқишни ихтиёр қилганлар. Имом Молик «Муватто»да Язид ибн Румон сўзларига асосланиб, шундай деганлар: «Одамлар Умар замонларида Рамазон ойида 23 ракаат ўқишар эди».
Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслима учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юборишдан сақланишлари лозим. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда бу қадар мўл - кўл бўлмайди.
Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Рамазондаги умра ҳажга тенг”, дея марҳамат қилганлар (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти). Бошқа бир ривоятда эса “Рамазондаги умра Мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”, деганлар (Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти).
Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.
Одилхон қори Юнусхон ўғли
Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби