Рамазон – ойлар сардори

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар бу муборак ойни кечаларни тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишни ният қилган ҳолда қаршилашмоқда. Чунки Парвардигорлари Рамазон ойи рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилган, у Исломнинг беш асосий рукнидан биридир. Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди.

Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳара ҳукми билан фарз қилинган. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат этади:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Бақара сурасининг 183-185-оятларида Рамазон ойи рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари батафсил баён этилган. Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради. Оятда рўза ибодатининг ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам фарз қилингани эслатилиб, мусулмонларга ушбу ибодатнинг ниҳоятда муҳим экани билдирилмоқда. Рўза нафақат мусулмонларга, балки Исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар ҳам бор. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар: “Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло ушбу суранинг навбатдаги ояти орқали қийин шароитлар туғилганида рўза тутишда берилган енгилликлар ҳақида зикр этади:

“Саноқли кунларда. Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”. (Бақара сураси, 184-оят).

«Саноқли кунлар» дейилишидан мурод, бошқа пайғамбарларнинг умматларига бир неча ойлаб рўза тутиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Рамазон ойида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун рўза тутиш фарз қилинди. Бу маънода рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир. «Қодир бўлмаган кишилар» дейилганида кексайиб ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Шунингдек, ҳомиладор, эмизикли аёл, мусофир, оғир ва масъулиятли вазифаларни бажарувчилар ҳам Рамазон ойи рўзасини тутмасликларига ва албатта қазосини адо этиш шарти билан уларга руҳсат берилган. Аммо иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг кейинги оятида ушбу ойнинг энг улуғ фазилатларидан бири унда инсониятга қиёматгача ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи маёқ – Қуръони каримнинг нозил бўлиши экани ҳақида хабар беради:

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара сураси, 185-оят).

Ояти каримадаги «фурқон» сўзи «ажратувчи» маъносини билдиради, яъни Қуръони карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир. Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир. 
Аллоҳ розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, «Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди». Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун У Зотни улуғлаш, берган неъматларига шукр айтиш лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Рамазон арафасидаги хутбаларидан бирида бундай марҳамат қилган эдилар: "Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди".

Рамазон ойи ана шундай улуғ ва фазилатли ойдир. Бу ойнинг нақадар фазилатли экани, Рамазон ойининг рўзасини тутиш энг улуғ ибодатлардан экани борасида жуда кўплаб ҳадиси шарифлар бор:
Ибн Ҳассосия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир» (Бағавий ва Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир». (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий ривояти).

Саҳл ибн Саъд Соъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаннатнинг бир эшиги бор: у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар. (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон келса жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», деганлар. (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида»,деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Зайд ибн Холид Жуҳаний (розияллоҳу анҳ)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди», деганлар. (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойининг мубораклигини чуқур ҳис этган барча мўмин-мусулмонлар бу борадаги Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларига амал қилиб, Рамазон ойини ҳар йили гўзал ибодатлар, Аллоҳ розилигини топишга интилиш ойи, Қуръон хатми ойига айлантиришга ҳаракат қилишади. Чунки булар суннатга мувофиқдир: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом иштирокларида Қуръони каримни хатм қилишган. Бу эса, Рамазон илм, маърифат, зиё ва ҳидоят ойи эканини кўрсатади. Шунинг учун юртимиз масжидларида ўтказиладиган Қуръон хатмларида Қуръони каримни диққат-эътибор билан тинглаш, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилиш, унда зикр этилган динимиз аҳкомлари ва йўл-йўриқларини оғишмай бажаришга интилиш асосий вазифалардан ҳисобланади.

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

“Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади”.

Кейинги йилларда Рамазон ойи арафасида ушбу муқаддас ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарор эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саҳоват ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамиятимизда қатор қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.

Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари, сиз муҳтарам жамоат билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эхтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, муборак Рамазон ойини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.

Зеро, мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида одамларнинг энг сахийи бўлиб кетганлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар бор.
Бу сафарги Рамазон ойимиз яна шу билан шарафлики, ушбу йилда, яъни “Мустаҳкам оила йили” деб ном олган йилда юртимиз мўмин-мусулмонлари ўз оилаларида аҳиллик, тотувлик, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишмоқда. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, болаларга чиройли тарбия бериш, ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби омилларнинг рўёбга чиқиши эса ҳаммамизга боғлиқ. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради.

Дуолар қабул бўладиган, яхши амалларнинг савоби зиёда қилиб бериладиган муборак ойда турибми, қани, дуога қўл очайлик: Аллоҳ таоло ушбу Рамазон ойини барчаларимизга муборак қилсин!

Рамазондаги барча ибодатларни, эзгу ишларимизни Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишга барча мусулмонларимизни муваффақ айласин!

Аллоҳ таоло Рамазон ойидаги ибодатларимизни, тутадиган рўзаларимизни, таровеҳ намозларимизни, Қуръон карим хатмларини, қиладиган хайру эҳсонларимизни Ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин! Муборак Рамазон ойингиз қутлуғ бўлсин, азиз намозхонлар!

Аллоҳ таоло юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни бардавом қилсин. Муборак Рамазон ойи шарофатидан диёримизни янада кўркам ва обод қилсин, халқимизга, элимизга бераётган неъматлари ва баракотларини янада мўл қилсин, ёшларимизни диёнатли, инсофли, илмли ўз юртига садоқатли баркамол авлод бўлиб ўсишни насиб этсин!

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби