Оилавий саодат калити
Оиланинг саодатли бўлишида эрларнинг ўрни беқиёсдир. Эрларнинг энг ёмони аёли у билан бахтиёр бўла олмаган эрлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан бирга ўтириб уларнинг шикоятларини тинглар эдилар. Ўта қийин ва машаққатли бўлган муаммоларни ҳам босиқлик ва хотиржамлик билан ҳал қилар эдилар.
Биз барча соҳаларда, жумладан солиҳ эр сифатида ҳам пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни намуна қилиб олганмизда эди, оилавий муаммолар барҳам топган бўларди.
Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимиз учун намуна қилиб олишга Роббимиз буюрган: (Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир. (Аҳзоб;21)
Демак, гўзал намунанинг макони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зотнинг ҳаракату-саканотлари, қўллари, тиллари ва барча аъзолари биз учун тўлиғича намунадир.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг уйида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни, аёлларидан бири) товоқда таом юбордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг уйида бўлган аёллари хизматкорнинг қўлига урган эди, товоқ ерга тушиб, бўлиниб кетди. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини бирлаштириб, тўкилган таомни унга солдилар ва: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнг хизматкорни тўхтатиб туриб, у зот унинг уйида бўлган аёлларидан бутун товоқ олиб, идиши синдирилган аёлларига бериб юбордилар. Синган товоқни эса синдирган аёлининг уйида олиб қолдилар. Бухорий ривоят қилган.
Бу воқеа Оиша онамизнинг уйларида бўлган эди. Оиша онамиз София онамиз ҳақида: “Софиядан кўра ширин таом тайёрлайдиган аёлни кўрмаганман”, деганлар.
Бир куни пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизнинг уйларида саҳобалар билан бирга эдилар. София онамиз бир идишда таом юбордилар. Оиша онамиз идишни олиб синдирдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам табассум билан саҳобаларга: “Оналарингиз рашк қилди”, дедилар. Сўнгра Оиша онамизнинг бутун идишларидан бирини олиб, София онамизга юбордилар ва “Таомга таом, идишга идиш”, дедилар. Шу билан муаммо барҳам топиб, табассум билан ҳал бўлди.
Демак, оила тинч бўлиши учун эр-хотин бир бирининг феъл-атворини эътиборга олиши лозимдир. Масалан: аёл киши асабий бўлса, эр қайсарлик билан шошилиб, талоқ қилиб юбормаслиги, аксинча оғирроқ бўлиши керак. Чунки талоқ қилиш ҳуқуқи ундан ҳеч қачон тортиб олинмайди. Талоқ қилиш зарур бўлса, кейин ҳам талоқ қилиш имконияти бўлади.
Шунинг учун эр жанжал вақтида ўзини босиб, кейинроқ муносиб вақт бўлганда ётиғи билан тушунтириши лозим бўлади. Шу ўринда ўзимизга ўзимиз савол берайлик. Бизнинг оиламизда ҳам шу каби муаммолар юз берганда, уни суннатга мувофиқ вазминлик билан ҳал қиляпмизми ёки бунинг акси бўляптими? ...
Мархамат тумани фаолиятидаги
«Бозор боши» жоме масжиди имом-хатиби: О. Расулов