Фарзандга муносиб исм танлаш

Боланинг ота-онадаги хақларидан, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор чиройли исм қўйишдир бу ишнинг аҳмиятини англаб этишимиз учун биргина иқтибоз келтиришга ижозат бергайсиз.

Хусайн ибн Хасан Марвазий “Китобул бирри вассила”да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади: “Умар ибн Абдулазизнинг хузурида масалаларни музокара қилишди. Шунда, бир киши айтди: “Менга етиб келган хабарга кўра, туғилган болага исм қўймай туриб, ўлган бўлса, Қиёмат куни отасига: “Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!”-дейди”.
Шунинг учун ҳам хар бир мусулмон ота-она бу мухим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Ўзи билмаса, биладиганлардан сўраб, ўрганиб, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, боласига чиройли ва маъноли исм қўйиши керак. Қўйган исмда орзу-умид, яхши ният, гўзаллик, хайр-барака ўз ифодасини топсин. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.
Исломда хар бир нарсининг гўзал бўлишига алоҳида аҳамият берилади. Бунда Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги хадиси шарифлари асос бўлади:
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Гўзалликни севадир”.
Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.

Бинобарин, мусулмон инсон барча нарсада гўзаллликни кўзлаши керак. Жумладан, болаларга исм қўйишда ҳам.
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам болаларга исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Бу ўта муҳим ишнинг қиёмат кунига ҳам боғлиқ жойи борлигини айтганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва ота-оналарингиз исми ила чақирилурсиз. Бас, исмларингизни гўзал қилинг”.

Абу Давуд, Ибн Ҳиббон, Табороний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Исмнинг чиройли бўлиши Қиёмат куни ҳам керак бўлар экан. Чунки барча ҳалойиқ йиғилган жойда бировнинг исми айтиб чақирилганда исми гўзал бўлса, хурсанд бўлиши, аксинча бўлса, хижолат бўлиши табиий. Бу ҳолат ушбу ёруғ дунёда ҳам бор. Исми ноқулайлигидан хижолат бўлиб юрадиганлар оз эмас, исмини ўзгартирганлар ҳам кўп. Аммо, ўша нарса аввал бошда бола янги туғилган пайтда бир йўли яхшилаб йўлга қўйилса, мақсадга муофиқ бўлади. Унинг мусулмон фарзанди эканини дунёю охиратда исми ҳам намоён қилиб туради.

 

Андижон вилояти, Хўжаобод тумани “Юсуфчек” ва “Манак” жоме масжиди имоми:  И.Ураимов. Р.Юнусалиев.