Икки неъмат

Бутун борлиқни яратган Аллоҳ сени ҳайвон ёки ўсимлик, ёки жонсиз бир нарса қилиб эмас, лутф кўрсатиб, сени инсон қилиб яратди. Сенга кўз, қулоқ, тил, қўл, оёқ каби бебаҳо неъматларни берди. Турли хил нозу неъматларни истеъмол қилишинг учун уларнинг ҳар бирига ўзига хос таъм ва шакл ато қилди. Буларнинг ҳаммасини шарҳлаш, санашга ожизлик қилиб, қалам уларни қисқача эслатиб ўтмоқда. Сенга қанчадан-қанча ранг-баранг кийимлар инъом этилган. Буларнинг саноғини ақл санаб бирон нарсага таққослай олмайди.

Бу иъом ва ҳадяларҳаммаси ҳам бир томону, у берган ақл жавҳарининг ўзи ҳам бир томон. Бу ҳилда ялтиллаб турган гавҳарни, гавҳар эмас, порлаб турган дурни у вужудинг қутисига ниҳон қилди. Бу қутини шундай бойликларнинг конига айлантирди. Мавжуд жаҳонлар ичида сени энг азизу мукаррам қилиб яратди. Аллоҳ сенга саҳоват тожини ҳам совға қилди. Сенга шунча неъматларни бериб: “Шукр қилиш билан неъматлар орта боради”, - деб ёзиб қўйди. У қанчалик неъматлар дастурхонини очиб қўйган бўлса, буларнинг ҳаммаси учун шукур қилиш сенга шартдир. Унга шукр айтишнинг чек-чегараси йўқ, шукр айтиб тамомлашнинг имкони ҳам йўқ.

Ҳаммасини ҳам қў-ю, мана бунисини айт: сен нафас олиб турган ушбу нафаснинг ичингга кириши ғанимат бир неъмат бўлса, чиқиши ҳам худди шундай неъматдир. Бири сенинг ҳаётингга озиқ бўлса, иккинчиси сенинг борлиғингга қувватдир. Сенга кўрсатилган бу икки неъмат учун ҳар бирига алоҳида шукр қилиш ўринлидир. Жонингни фидо қилиб юборган тақдирингда ҳам бу икки нафаснинг шукрини адо қилишинг мушкул. Ақлингни ажрим қилсанг, Аллоҳ сенинг нафсингниқандай азиз қилганини тушуниб оласан. Аллоҳ уни шундай азиз қилган экан, сен уни хор этма: унинг фақат шукрини қил. Жонинг тирик бўлиб, нафас олиш имконинг бор экан, нафаснинг қадрини бил, унга тенг келадиган нарса йўқ. Ҳар бир нафаснинг аҳволидан хабардор бўл, балки унга ақл-ҳуш билан ҳамроҳ бўл. Бошидан охиригача уни хақ йўлида сарф қил. Бу ишдан агар бир дам ғафлатда қолсанг, бу катта мотамдир.

Бировга озор беришдан ўзингни сақла; бирон кимсани ранжитишдан ҳам. Сен томонингдан одамлар бехавотир бўлсинлар. Кишилар мулкига тажавуз этма; одамларнинг жонига, молига ҳам қасд қилма.

 

Алишер Навоийнинг “Ҳайратул-аброр” достонидан.

Шахрихон туманидаги “Яккатут”  масжиди имом - хатиби Мухаммаджон Умаров Тайёрлади.