Яхшиликни Аллоҳ зое қилмайди
Қадимда бир подшоҳ ўтган экан. Кунлардан бир куни у туш кўрибди. Уйғонгач, анча муддат ўйланиб қолибди. Сўнгра вазирини чақириб: “Тайёрлан, саройдан ташқарига чиқамиз”, деб амр қилибди. Бир оздан сунг икковлон имомлар кийимини кийиб, йўлда кетиб борардилар.
Бир қишлоққа етгач, подшоҳ тушда кўрган жойини таниб: “Келдик”, деди. Одамлар кўп, ҳамма ўз иши билан банд. Лекин ҳеч ким ерда ётган жасадга эътибор ҳам қилмас эди. Шунда подшоҳ одамлардан сўради:
- Бу кимнинг жасади?
- Э сўраманг, уятсиз ароқхўрники, - жавоб берди бир киши. – қирқ йиллик қўшним эди у. Тан олиш керак, жуда моҳир тақачи эди, эртадан қора кечгача ишлар, бироқ ичимликни кўрди дегунча, бор будини бериб сотиб оларди. Ҳар куни уйига ароқ ташир, фоҳишаларни олиб келишдан ҳам тоймас эди. Бугун биттасини, эртага иккинчисини. Агар ишонмасангиз, бошқалардан ҳам сўранг, уни бирор марта жамоатда кўрган бормикан?...
Бир фурсатдан кейин одамлар тарқалиб, кўча ўртасида шоҳ, вазир ва ердаги жасаддан бошқа кимса қолмади.
Шунда вазир:
- Юринг, шоҳим, биз ҳам кетайлик, - деди.
- Йўқ, ҳали кўрган тушимнинг ҳикматига ета олмадим, - жавоб берди шоҳ. – Жасадни олиб кетамиз. Сен ғам ема, уни ювиб, кафанлаб, кўмишни ўзим уддалайман. Фақат ювиш учун бирор жой топсак, кифоя...
Икковлон жасадни олиб нариги қишлоқдаги катта масжид томон йўл олдилар. Йўл – йўлакай керакли ашёларни харид қилишди. Жасадни ювиб, кафанлар эканлар, марҳум юзидаги нур, лабидаги маъноли табассумни кўриб, хаёлларидан: “Бу одам қўшнилари айтгандек ёмон кимсага ўхшамайди-ку”, - деган ўй ўтди. Барча ишлар битгач, вазир:
- Шоҳим, янглишмадикмикан? – деб қолди. – Марҳумнинг яқинлари, бола-чақаларини суриштириш керакмиди...
- Тўғри айтасан, - деди шоҳ. – Ҳали намоз пайтигача вақт бор. Сен шу ерда бўлиб тур, мен унинг уйига бориб келаман.
Подшоҳ сўраб-сўраб марҳум яшаган уйни топди. Эшикни очгач катта ёшли аёл шоҳнинг сўзларини диққат билан тинглар экан, мусибатни мардона қаршиласа-да, кўз ёшларига монъелик қила олмади. Кейин шундай деди:
- Биласизми, ўғлим, хўжайин бир олам эди. Эртадан – кечгача тинмай ишлар, топган пулига эса ароқ олиб келарди. Кейин... уммати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ичмасин дея, уларни хожатхонага тўкар эди. Баъзан ёмон қизларни ҳам етаклаб келарди. “Мен сизларнинг вақтингизни сотиб олдимми?” – дея сўрар, “ха”, дейишгач, унда мана бу ерга ўтириб тингланглар, дерди. Мен эса уларга ислом, имон, эътиқод хақида аллоҳ водир қилганича ўргатар эдим. У киши узоқ-узоқлардаги масжидларга қатнар, сабабини сўрасам: “Шундай имомнинг ортида намоз ўқигинки, қулоқ қоққанда каъбани қаршингда кўргин”, дея жавоб берарди. Лекин одамлар у кишининг ишларини нотўғри тушунишарди. Бир куни: “Қўшнилар сиз хақингизда ёмон гапларни гапиришаяпти, ишқилиб жанозангиз ўртада қолмаса эди”, дедим. Шундан кейин ҳеч кимга оғирлигим тушмасин деб, қабрни ховлимиздан тайёрлаб қўйган эди.
Мен эътироз билдирдим: “Иш қабр кавлаш билан тугамайди, ахир, сизни ким ювади, ким кафанлайди, ким кўмади?”
- Хуш, эрингиз нима деди? – қизиқди подшоҳ.
- У табассум қилиб: “Аллоҳ буюкдир, хотин, - деди, - одамлар бўлмаса, подшоҳ борку!.
Мухаммаджон Умаров
Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби