Шарафли ва маъсулиятли вазифа
“Ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади” И.Каримов.
Бугунги кундаги ватанимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик сабабидан туҳфа этган Аллоҳнинг азиз неъматлардандир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар билан бир қаторда қадрлаб ва эзозлаб келмоқдалар. Она ватан озодлиги, тинчлиги ва хавфсизлиги ҳимоячиларини доимо улуғлаб келинмоқда.
Инсонни хурмат-эхтиромга етакловчи ишлар бисёр, аммо энг улуғвор ва шарафлиси Ватанни ҳимоя қилишдир. Аждодларимиз тарихда Ватан ҳимояси муқаддаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам, унга бўлган муҳаббатини ва содиқлигини намоён қилишган. Бу эса аждодларимзни руҳий камолатини ва жасоратини кўрсатиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида аждодларимизни маънавий жасорат туйғуси ҳақида келтирган мисоллари шу ватан фарзандиман деган хар қандай фуқорони маънавий қувватини, ватан олдидаги бурч ва маъсулиятини оширади, асарда: “Урганчни босқинчилардан ҳимоя қилишда байроқ тутиб жон берган Нажмиддин Кубронинг қаҳрамонлигида, дунёни тўфондек босган Чингизхон қўшинига қарши ўн бир йил муттасил мардона кураш олиб борган Жалолиддин Мангубердининг жанговар руҳида, юртимизни истилочилардан озод қилиб, буюк давлат барпо этган Амир Темур бобомизнинг бунёдкорлик салоҳиятида ҳам маънавий жасорат туйғуси буюк ва устувор аҳамият касб этгани шубҳасиз”, деб таъкидлаганлар.
Давлатчилик тарихида давлат мустақиллигини унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари ҳимоя қилган. Юртимиз мустақиллигининг дастлабки кунларида – 1991 йил 6 сентабрда Ўзбекистон Республикаси мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январда мамлакатимиз ҳудудидаги ҳарбий қисм ва бўлинмаларнинг давлат тасарруфига ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган қонунига биноан 14 январь Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.
Ватанни душманлардан ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш динимизда савобли иш эканлигига бир қанча мисоллар келтирилган. Бугун ўсиб келаётган ёшларни бақувват, қалбида ватанга садоқат ва халқига ҳурмат туйғуси билан вояга етишларига замин яратишимиз лозим. Пайғамбармиз алайҳис-салом айтадилар: “Болаларингизга сузушни ва отда чопишни ўргатинглар”-деганлар. Бу хадис ёшларни жисмоний чиниқтиришда юртни ҳимоясига зарур машғулотларни ўргатиш зарурли ишора қилмоқда, ёшлар бақувват-соғлом бўлса, Ватанини муносиб ҳимоя қилаолади.
Инсоннинг юртига ва ҳалқига зиён-захмат етказмоқчи бўлган одамни ғаним билиши, уни ички-ташқи душманлардан ҳимоя қилиш шу юрт фуқороларини шарафли бурчи, бу эса юртига бўлган муҳаббатини гўзал намоёнидир. Туғилган, улғайиб-камол топган юртини ихлос билан турли ҳавфлардан ҳимоя қилишга киришган кишига жуда улуғ савоблар ваъда қилинган.
Бу хақда Пайғамбар алайҳис салом ҳадисларида айтадилар:
عَنْ سَلْمَانَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ رِبَاطُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ خَيْرٌ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَقِيَامِهِ
Бу хақда Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида айтадилар: “Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари ибодатда тургандан яҳшироқдир". (Имом Бухорий ривояти)
Бу хадис ватанимиз сарҳадларида ҳизмат қилаётган ватан ҳимоячилариига тегишлидир. Ҳалқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечиришларига сабаб бўлаётган чегараларимизда юртимизни туну кун ҳимоя қилиб турган аскарлар ва миллий армиямизнинг шарафли хизматлари натижасидир.
Яна бошқа хадисда пайғамбар алайҳис салом:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عليه و سلم: عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ خَشْيَةً لله وَ عَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ. (رواه الترمذي
Яъни: «Кечалари Аллоҳдан кўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди» деб марҳамат қилганлар.
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифаси ватан мол-мулкини ҳимоя қилиш, унинг юксалиши ва тараққиёти йўлида хизмат қилиш, бу йўлда жонни фидо қилиш ва орқасида жонажон ватани, ҳалқи, азиз ота-онаси, қадрдон ака-укаси, опа-синглиси ва оиласи турганини хис қилган холда химоя қилишдир. Шунинг учун ҳам ватанни севиш ва ҳимоя қилиш ибодат даражасига кўтарилганини юқоридаги ҳадислардан ҳам маълум бўлиб турибди. Буни эвазига Аллоҳдан бериладиган ажр-савобларга, ҳалқини олқишига ва дуосига эга бўлади.
Ватан ҳимоясидан ўзини олиб қочишни динимизда оғир гуноҳ эканлиги ва халокат олиб боришлигини таъкидланади.
Конститутциямизнинг 52-моддасида: «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда харбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар»-деб, ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 225-моддасида: “Харбий ёки муқобил хизматдан сабабсиз бўйин товлаган шахс” белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши ва жазоланиши кўрсатилган.
Бу ҳақда пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳалокатга элтгувчи етти хил илатдан узоқроқ бўлинглар: Ширк келтиришлик, сехр-жоду билан шуғулланиш, ноҳақдан бегуноҳ одамни ўлдириш, судхўрлик қилиш, етим молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза иффатли мўмина аёлга тухмат қилиш» -дедилар.
Турли оқимларга эргашиш ва экстремистик гуруҳлар сафида терорчилик амалиётларида қатнашишлик, чегарада худудларида ноқонуний харакатларни кўриб ёки шундай харакатларни сезиб, бепарво бўлиш ва бу холатларни олдини олишга имконияти даражасидасида харакат қилмаслик ҳам ватанига хиёнат билан баробардир. Мамлакатимизнинг минтақада ва дунёда тутган геостратегик ва геосиёсий ўрнини, хавфсизлигимизга қарши қаратилган жиддий таҳдид ва хатарларни, айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши каби бало-қазолар ҳисобга олинган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Жонажон ватанимизни ҳимоя қилиш фақатгина ҳарбийларни иши эмас, балки барчамизни шарафли ва масъулиятли бурчимиздир. Бу вазифада лоқайдлик ва бепарволикнинг оқибати ҳаммамиз учун халокатдир.
Шарафли ва маъсулиятли вазифаларини бажаришда Аллоҳ куч-қувват, сабр-бардош ва матонат ато этсин. Доимо Аллоҳнинг, ҳалқини назарида ва дуосида юришликни насиб этсин.
Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б: Зайнилобиддихон Қудратов