Масжидларни обод этиш ва унинг фазилати
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Масжидга (кўнгли) борланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг" – деганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
"Аллоҳ таолога маконларнинг яҳшиси масжидлар, ёмонроғи бозорлардир", -дедилар
(Имом Муслим ривояти).
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Масжидлар тақволи зотларнинг жойларидир", деганлар (Имом Муслим ривояти).
Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради", деганла-рини эшитганман"
(Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривояти).
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади", дедилар
(Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззор ривояти).
Бурайда розийаллоҳу анҳу ривоят килишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Масжид нима учун қурилган бўлса, ўшанга асослангандир", дедилар
(Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Аллоҳнинг масжидларини фақат тақводор зотларгина обод қилурлар" (Тавба сураси, 18-оят), дейди.
Муфассирлар масжидни обод этишни унинг нураган жойларини тузатиш, супуриб сидириш, пок тутиш, ёритиш, ибодатларни унда адо этиш ва уни нолойиқ нарсалардан асраш, деб тушунтирадилар.
Масжидлар пок ва муборак макондир. Бинобарин, унинг қадрини пасайтирувчи ва покизалигига путур етказувчи ҳар қандай иш ва ҳаракат макрухдир. Масжидга ёқимсиз, ҳидли нарсаларни истеъмол қилиб кириш, ичкарида дунёвий сўзларни сўзлаш, овоз кўтариш, савдо-сотиқ қилиш, йўқолган нарсаларни суриштириб жар солиш, заруратсиз масжид ҳовлисидан ўтиш, масжид ичида тиланчилик қилиш ёки тиланчига пул бериш каби ҳатти-ҳаракатлардан сақланиш лозим.
Масжид ичида фақат унга тааллуқли нарсаларгина сақланиши мумкин
Ҳазрат Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳаллаларда масжидлар қуришга, уларни тоза тутишга ва хушбўй қилинишига амр қилдилар
(Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай деган: "Мен ер юзи халқига азоб бермоқни мурод қилганимда масжидларни қурган, таъмирлаган, тозалаган ва ёритганларни кўрган заҳотим уларга азоб беришдан воз кечгайман" – дейди.
(Байҳақий ривояти).
Марҳамат тумани фаолиятидаги “Бозор боши” жоме масжиди имом-хатиби О. Расулов