Жаннатнинг кафолатини олишни хоҳлайсизми?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ таоло беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ
 وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ. رواه البخاري والترمذي
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Инсоннинг жаннатий бўлиши учун сабаблар кўп бўлиб, улардан бири инсоннинг иккита аъзосини Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан сақлай олса, кимки улар борасида тақво қила олса, шу икки аъзони гуноҳу кабира билан бузиб қўймаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу аълайҳи васаллам шу инсонни жаннатий бўлмоқлигига кафолат бермоқдалар.
Бир тарафдан олиб қараганимизда ўта қийин ҳолатдек туюлиши мумкин, лекин бошқа тарафдан эса, бунинг эвазига абадий жаннат берилишини тасаввур қилсак, бу иккиси ўта осон ишдир. Чунки бизлар учун энг катта ва қийин ишлар – катта маблағларни талаб қиладиган ёки ўта катта жисмоний ҳаракатларни, қудратли имкониятларни талаб қиладиган ишлар бўлади.
Бу иккаласида эса бундай қийинчиликлар йўқ. Аксинча, бу икки аъзони сақлашда тежамкорлик бор, мўътадиллик ва яхшилик бор.
Шу иккала аъзони Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан асрашнинг имконияти барчаларимизда бор эканлигига қарамасдан, бу иллат хозирги кунда аксар одамлар мубтало бўлган касалликка айланиб, ўша аъзоларни ҳаромдан сақлай олишнинг ўзи катта муаммо бўлиб қолган.
Жумладан, икки жағнинг орасидаги тилни сақлашлик энг долзарб масалага айланиб, бу анча мушкулдир. Чунки бу тилдан битта эмас, бешта эмас, ўнта эмас, балки ундан ҳам кўпроқ жиноятлар содир этилади. Тилга озгина эҳтиётсизлик қилинса ҳар бир лаҳзада жиноят содир этиб қўйиши мумкин.
Агар шу ҳадиси шарифга амал қилинса, мўмин-мусулмонлар ичида фитна ҳам, фасод ҳам бўлмайди, ёлғон, бўҳтон, туҳмат ва бошқа ҳамма ишларга умуман барҳам берилади. Ҳозирги кундаги асосий жанжаллар, келишмовчиликлар, қон тўкишликлар, фитна-фасодлар, фирқавозлик, гуруҳвозлик, мусулмон бўлиб туриб бир-бирини ўлдириш, адоват кўрсатиб бир-бирига қарши режалар тузиш, ҳаттоки ўлдиришдан роҳатланиш, ўлдириш учун қанча-қанча маблағ ва куч-қувватини сарфлаш – буларнинг барчаси шу тилнинг орқасидан кетмоқда. Чунки, бу тил ёлғон гапириб қўяди, туҳмат қилади, кимнидир кофирга ёки фосиқга чиқаради ва ҳоказо. Тил бир сўзни айтгандан кейин шу сўзни амалга ошираман деб, инсон қанчадан-қанча гуноҳу маъсиятларга ботади.
Аммо улуғларимиз ҳаёт кечирган саодат асрида бу ҳолат анча-мунча яхши бўлган, чунки муҳит ва шарт-шароит ижобий, одамлар содда, алдам-қулдамни билмайди, ҳаромдан тақво қилади, атрофдаги барча одамлар бир-бирини иймонга, яхшиликка чақириб туради, озгина бир айби бўлса, танбеҳ бериб, огоҳлантиради. Нима учун? Чунки, ўзининг биродарини, қўшнисини, ўзининг сафдошини жаҳаннамий бўлишини хоҳламайди. Хато ва камчилигини кўрса, унга оғир ботса ҳам айтади, огоҳлантиради.
Ҳозирчи? Ундай нарсалар деярли йўқ бўлиб қолди, амру маъруф ва наҳий мункар орамиздан кўтарилиб кетиб қолмоқда. «Кўрганингга салом бер», «юкини кўтаришиб ёрдамлаш», «йўлдан ўтказиб қўй», «ахлатни, зарар берадиган нарсани олиб ташла» ва бошқа шу сингари амру маъруф, яхшилика чақириш ҳолатлари бор ичимизда. Бироқ, бир-бирларимизни ёмонликдан қайтариш, яъни наҳъи мункар секин-аста унутилмоқда.
Аллоҳ таоло наҳъи мункарни тарк этган аввалги қавмлар ҳақида айтади:
لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ(78) كَانُواْ لاَ يَتَنَاهَوْنَ عَن مُّنكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُواْ يَفْعَلُونَ (79)
«Бани Исроилдан куфр келтирганлар Довуд ва Ийсо ибн Марйам тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди. Улар қилинган ёмон ишдан бир-бирларини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари қандай ҳам ёмон бўлди!». (Моида сураси, 78-79-оятлар).
Бугунги мусулмонлар ушбу қоидани эсдан чиқариб қўйганлари, бошларига тушаётган мусийбатларга сабаб бўлаётган бўлса ажаб эмас, зеро қуйидаги ҳадисда ҳам худди шу ҳақида огоҳлантирилган.
Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Одамлар ўз ораларида ёмонликни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлиб туриб, инкор қилмай юрмагунларича Аллоҳ озчиликнинг амали учун кўпчиликни азобламайди. Агар шундай қилсалар, Аллоҳ хосни ҳам, омни ҳам қўшиб жазолайди», дедилар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Наҳъи мункар бизларнинг орамиздан ҳам кўтарилиб кетиб қолди. Гуноҳу маъсият қилиб турганини кўрсак ҳам, «Менга нима?», деймиз. Биров билан сўкишиб, урушиб турган бўлса, бориб ажратишни ўрнига, телефондан суратга олиб, интернетда тарқатиб юборамиз. Ёки кимдир фожеага учраб, ўлим ёқасида чалажон бўлиб, қонга беланиб ётибди. Тез ёрдамни чақириш ёки уни ёнига бориб қандайдир ёрдам беришни ўрнига, телефонни чиқариб суратга оламиз-да, «Буни биринчи бўлиб мен тарқатдим», деб фахрланишлик учун нима бўлса сарфлаймиз. Кимнидир ўлим билан жон талашиб ётганлигини тарқатиб хурсанд бўламиз. Кимдир келиб: «Мана бу хабарни кўрдингми?», деса, «Ҳа буни ўзим аллақачон тарқатиб бўлганман, мен буни муаллифиман», деб мақтанадиганлар бор.
Мана азизлар, мункар ишлардан қайтаришлик бизларда йўқ бўлиб бормоқда. Бир-бирларимизни ёмонликлардан, гуноҳу маъсиятлардан қайтаришимиз керак. Шунда иншаАллоҳ жамият гуноҳу маъсиятлардан покланади.
Тилга тааллуқли бўлган жиноятларга кўпчилик эътибор бермайди, ғийбат қилиб турилган бўлса, ҳеч ким парво қилмайди, ёлғон гапириб турилган бўлса, бурнига пашша қўнганчалик безовта бўлмайди. «Шу ишингиз яхшими?!», десангиз, хижолат ҳам бўлмайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا ، أَوْ لِيَصْمُت. رواه الاربعة.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Яхши гапни айтишлик ҳозир анқонинг уруғи, жим туришлик эса, ундан ҳам камёб бўлиб қолди. Чунки, ҳозирги муҳитда жим турган инсон ожиз ҳисобланади, у илмсиз сифатида қабул қилинади, у гўёки ландовур бўлади, қўлидан бир иш келмайдиган инсон сифатида гавдаланади. Шунинг учун жим турмаслик керак, ўзи билса-ю билмаса суҳбатга аралашиш керак. Унга умуман тегишли бўлган масала эмас, унинг соҳаси эмас, уни умуман қизиқтирмайдиган бир нарса, аммо албатта қўшилиши керак, ўша суҳбатга аралашиб ўзини ҳам шу соҳада қандайдир билимдон эканлигини кўрсатиш кераклигини тасаввур қилади ва шунга ҳаракат қилади.
Ўзи билмаган масала бўлса ҳам, «Бу соҳани ҳам билади», деган гап учун, ёлғон гапириб бўлса ҳам, тўқима бўлса ҳам аралашади, туҳмат бўлса ҳам аралашади. Ваҳоланки, жим турган, сукут сақлаган инсон доимо нажот топади.
Аввалги улуғларимизнинг сукути доимо тафаккур бўлган, сўзлари эса зикр ва ибодат бўлган. Улар гапирсалар ҳам фойда олишган, жимлик сақласалар ҳам ибодат қилганлар. Бу эса, дунёнинг ҳам, охиратнинг ҳам манфаатига ҳеч қачон зарар келтирмайди. Улар деярли гуноҳ содир этмайдиган улуғ мақомга, улуғ мартабага етишган инсонлар бўлган. Шунинг учун улар тирикликларидаёқ жаннатни касб этиб, уни нақд қилиб, жаннатдаги мақомлари, эгаллашлари керак бўлган ўринлари, қайси даражада туришлари, жаннатда ким билан қўшни бўлиши, ким билан ҳамсуҳбат бўлишлиги маълум бўлган. Чунки улар, тилларини ҳам, бошқа аъзоларини ҳам сақлаганликлари сабабли, бунинг мукофотини ҳаётликларидаёқ олиб бўлишган.
عَن جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: إِنَّ أَبْغَضُكُمْ إِلَىَّ وَأَبْعَدُكُمْ مِنِّي يَوْمَ الْقِيَامَةِ الثَّرْثَارُونَ , وَالْمُتَشَدِّقُونَ, والمُتَفَيهِقُونَ. رواه الترمذي
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Мана булар ҳам тилга тегишли бўлган иллат бўлиб, инсонни жаҳаннамга олиб борадиган гуноҳу маъсиятдир.
Эътибор беринг: «Менга энг ёмон кўринадиганингиз», дейилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёмон кўринган уммат ким бўлади? Улар нажот топа оладими? Албатта тополмайди!
Яна: «Қиёмат кунида мендан энг узоқ бўладиганингиз» дедилар. Қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқда туришлик, ҳақиқий бадбахтликнинг аломатидир. Ким экан у бадбахт? Биринчиси - кўп гапирадиган инсон, иккинчиси - оғзини тўлдириб гапирадиган инсон, учинчиси - мутакаббирлик учун гапирадиган инсондир. Буларнинг барчаси тилга тааллуқли бўлган иллатлардир.
Шунинг учун азизлар, тил офатларидан ўта эҳтиёткор бўлишимиз керак экан. Тилнинг суяги йўқ, нимани хоҳласангиз гапириб юбораверади. Лекин бунинг учун жавобгарлик, масъулият бор, эртага ҳисоб-китоби бор.
Енгилгина бир ҳаракат билан чиқиб кетган сўз инсонни жаҳаннамга олиб киришликка кифоя қилиши мумкин.
Биттагина сўз билан оила барбод бўлади, орага талоқ тушади, қанча-қанча болалар етим бўлади.
Биттагина сўз билан инсон кофирга чиқарилади ва ўлимга маҳкум қилинади.
Биттагина сўз билан бутун бошли бир қавм ёки бир юрт қириб юборилиши мумкин.
Буларнинг барчаси тилнинг иллатидан келиб чиқади.
Шу боис, кўп гапириш, оғизни тўлдириб гапириш, кибру ҳаво учун гапириш биз учун обрў бўлмасин. Кўп гапирадиган одам кўп билади, деб ўйламаслигимиз керак. Оғизни тўлдириб гапирадиган одамни – сўзга ўта уста, ниҳоятда яхши гапиради, таъсирли гапиради, деб ўйламаслигимиз керак. Балки, у нимани гапирмоқда, нима учун гапирмоқда, нияти, мақсади нима – шунга қараб туриб унинг сўзи эътиборга олиниши лозим. Акс ҳолда, унинг сўзлари ўзининг ва атрофидагиларнинг зарари учун чиққан бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминнинг тили қалбида. Агар бирор нарсани гапиришни хоҳласа, қалби билан ўйлайди, сўнг тилига чиқаради. Мунофиқнинг тили эса қалбидан ташқарида, хаёлига келган нарсани тилига чиқаради, қалби билан ўйламайди», дедилар. (Хароитий ривояти, Имом Ғаззолий «Тил офатлари»).
Мана азизлар, мўмин киши тезлик билан жавоб беришга шошилмайди, гапиришга умуман қизиқмайди, гапирадиган бўлса, ўйлаб туриб, халқимизнинг: «Етти ўлчаб бир кес», деган мақолига монанд, агар манфаатли сўз бўлсагина гапиради. Барча нарсани ҳисоб-китобини қилиб туриб, ундан кейин гапиради. Ана шунда манфаатли бўлади.
Мунофиқчи? Аввал гапириб қўяди, кейин эса, айтган сўзи ҳақида ўйлашни бошлайди (агар насиб қилса), бўлмаса уни ўйлаб ҳам ўтирмайди, гапиришда давом этиб кетаверади. Чунки, унинг тили қалбидан ташқарида туради.
Мўминнинг тили эса, қалбининг ичида туради, қалбининг ҳукмига эътибор беради. Қалб бир нарсани ҳал қилса, бир нарсанинг ечимини топса, ундан кейин тил уни изҳор қилади. Мўмин ақли ва қалбини ишлатмасдан туриб, улар орқали бирор бир ҳукмни жорий қилмасдан туриб, унинг тили умуман сўзламайди. Бу мўминларнинг буюк сифатларидан биридир. Барчамиз, иншаАллоҳ, ана шундай мўминлардан бўлишимиз лозим.


Исҳоқжон БЕГМАТОВ
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби