Илм Аллоҳ таоло учун бўлиши


اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ
     Яратган роббинг номи билан ўқи. (Алақ сураси, 1-оят).   

   
          Демак, ўқиш, илм талаб қилиш Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлиши, бойлик, мансаб, шон-шуҳрат  ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар учун бўлмаслиги керак экан.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه و سلم قال : من تعلم علما مما يبتغى
به وجه الله لا يتكلمه الا ليسيب به عرضا من الدنيا لم يجد عرف الجنة يوم القيامة
 رواه ابو داود وابن ماجه
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
   Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга, маърифатли бўлишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ҳам илм олишга ундаш маъноси бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:
" اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ " (رواه ابو داود والترمذي)
“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар” – деганлар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”. Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир” – деганлар.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:
" اُطْلُبُوا الْعِلْمَ وَلَوْ بِالصِّينِ فَاِنَّ طَلَبَ الْعِلْمَ فَرِيضَةُ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ " (رواه ابن عدي و البيهقي)
“Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” – деганлар. Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари пайғамбар бўлганлари ҳолда дунёвий соҳада у ёки бу илм-ҳунарнинг эгаси бўлганлар. Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом эса хаттотлик билан шуғулланишган. Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгалламоқ керак.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилажагини баён қилиб:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” – (Мужодала сураси, 11-оят). деган.
Исломда илм талаб қилиш, хусусан динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади.
    Аммо, кимки диний илмларни, яъни ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни мансаб учун, пулу-мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди. Шунинг учун диний илмларни талаб қилганда, киши ўта ҳушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак бўлади.
عن ابن عمر رضي الله عنه  عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: من تعلم علما لغير الله او أراد به غير الله فليتبوأ مقعده من النار
     Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни ирода қилиб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дедилар».
     Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши зарурлигини қаттиқ таъкидламоқдалар. Агар кимнинг нияти бузилса, яъни, илмни Аллоҳдан бошқа учун, Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун ўрганса, дўзахга тушишини муқаррар эканини айтмоқдалар.
    Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадис маъносидадир. Фақат биринчи ҳадисда натижани-жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди, деб баён қилинган бўлса, иккинчи ҳадисда «дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилмоқда.
     Бу эса, диний илмларни талаб қилишда жуда ҳам ҳушёр бўлишни, Аллоҳнинг розилигини тилашдан бошқа нарсани хаёлга ҳам келтирмасликни тақозо қилади.
عن كعب بن مالك رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : من طلب العلم ليجاري به العلماء أوليماري به السفهاء أو يصرف به وجوه الناس إليه أدخله الله النار . رواهما الترمذي وابن ماجه
    Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
    «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эси пастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».
       Бу икки ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.
        Бу ҳадиси шариф Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:
       Илм талаб қилаётган шахс уни:
«Уламолар билан можаро қилиш учун» ўрганмаслиги керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «уламолар билан талашиб-тортишиб, можоро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак.
       «Эси пастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун» илм талаб қилмаслик керак. Толиб илм ҳеч қачон илмни ўрганиб олиб, тушунмаган одамларни мағлуб қилиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй, деган ниятини қилмаслиги лозим.                     
«Ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун» талаб қилмаслиги керак.                                      
Одамлар: «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил» дейишлари ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм талаб қилмаслик керак. Агар шундай ният билан илм ўрганилса, бундай одамнинг оқибати яхши бўлмас экан. Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан.
       Шунинг учун илмни фақатгина Аллоҳ розилиги учун талаб қилиш керак. Кўпчилик толиби илмлар ушбу ҳадисга амал қиладилар, устозлари бу муҳим қоидани уларга доимо эслатиб турадилар.
    Лекин, минг афсуслар бўлсинким, баъзи ҳолларда бу ҳадисга амал қилишни ҳаёлига ҳам келтирмайдиган кимсалар учраб турадилар.
Баъзи бир ўзига олим нисбатини бериб юрганлар шогирдларига «фалончининг олдига бориб, манави саволни бер, ундоқ деса, мундоқ де, деб можаро чиқаришга ундаб юборадилар.
   Худди илм ўрганиш фақат уламолар билан можаро қилиш учунгина бўладиганидек ҳолатни вужудга келтирадилар. Оқибатда толиби илмлар орасида, элу-юрт ичида талашув-тортишув, беҳуда можаро, ихтилоф кўпаяди. Исломга, мусулмонларга катта зарар етади.
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто бундоқ ишни қилмоқдан эмас, балки уни ният қилишдан ҳам қайтармоқдалар. Ана шундоқ ножўя ишни хаёлга келтириш, ният қилиш ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқдалар. Ҳозирги кундаги кўпгина беҳуда можаролар, Ислом даъвати йўлида мусулмонларнинг ўзлари қўяётган ғовлар баъзи бир илмни ўзига нисбат берган ва илм талаб қилаётган шахсларнинг ушбу ҳадиси шарифга амал қилмасликларидан келиб чиқмоқда. 
    Энди ўзимиздаги илм ила эси паст, жоҳил, илмсиз кишиларга ғолиб келишга уриниш масаласига ўтайлик.
    Ҳозирги ҳаётимизда бу иллат ҳам кенг тарқалган. Оммавий диний саводсизлик шароитида уч-тўрт калима нарсани ўрганиб олган жоҳил ўзини аллома ҳисоблай бошлайди. Қаерда бўлса, оғзига ҳамманинг қараб туришидан ғурурланиб кетади. 
    Бориб-бориб, атрофидаги диний саводи йўқ кишиларнинг унга олим сифатида қараётганлари ҳам унинг учун оз ҳисобланиб қолади. Нафақат ўзи яшаб турган замони ва мақомида, балки барча замонлар ва маконларда ўзини тенги йўқ аллома ҳисоблай бошлайди. Бу даъвони исботлаш учун замондош ва аввалда ўтган уламоларга осила бошлайди. У аввалда ўтган алломаларни хатокор, адашганлар, деб эълон қилади. Ўз она тилида икки жумлани тўғрироқ ёза олмайдиган кимса ўнлаб оламшумул китоблар муаллифини танқид қилишга ўтади.
    Ўз оиласига шахсий диний амалларни тушунтириб бера олмаган нусха Ислом умматига шариатнинг барча ҳукмларини осон йўл билан тушунтириб берган, бутун Ислом уммати томонидан имом, мазҳаб соҳиби, деб тан олинган зотларни ҳақоратлайди.
    Диний саводи йўқларга ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринган жоҳил ҳадис илмини сув қилиб ичиб юборган, юз минглаб ровийлар таржимаи ҳоли, юз минглаб ҳадисларни яхшилаб ўрганган ва ёд олган буюк муҳаддислар, мазҳаб эгаларини сўкади, беҳурмат қилади. Бундай кишилар фиқҳий мазҳабга тобелигига қарамай, илмсизликлари туфайли шундоқ қиладилар. Агар улар озгина илмдан баҳраманд бўлсалар бу ишни қилишмас эди. Улар диний саводи йўқ кишиларга ғолиб келиш, уларнинг олдида ўзини билимли қилиб кўрсатиш учунгина шундоқ қиладилар.
     Чунки озгина бўлса ҳам диний саводи бор одам унинг сафсатасини мутлақо қабул қилмайди. Илм билан одамларни ўзига қаратишини хоҳлаганларнинг ҳоли ҳам шунга ўхшаш.
     Аллоҳнинг розилигини эмас, одамларнинг эътиборини қозониш учун ҳаракат қиладилар.  
    Шу мақсадда ўзларидаги илмга мувофиқ эмас. Одамларни ўзига жалб қилиш қоидаларига мувофиқ кишиларга танилиб, улар орсида шуҳрат қозониш учун ҳаракат қиладилар. Оддий ҳолатда одамлар ичида шуҳрат қозониш қийин бўлганидан «хилоф қилсанг-таниласан»  қоидасига амал қиладилар. Ҳар бир нарсада ҳам тирик, ҳам вафот этган уламоларга ихтилоф қилишга ўтадилар.
Ўзлари яшаб турган жамиятда, мусулмонлар ичида ўз хилофлари билан келишмовчиликлар, можаролар келтириб чиқарадилар. Натижада Ислом ва мусулмонлар зарар кўради.
Мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилмай, илмини Аллоҳ розилиги учун эмас, уламолар билан можаро қилиш учун, диний саводи йўқлардан ғолиб келиш учун, ўзини кўрсатиш учун ишлатадиганлардан кўп азиятлар чекдилар ва чекмоқдалар. Улар бор куч-ғайратини Ислом даъватига, кишиларни диндор қилишга қаратиш ўрнига, ўзлари қилмагани етмаганидек, Исломга даъват ва хизмат билан машғул уламолар ва даъватчилар билан беҳуда тортишиб, уларни ҳам ишдан қўймоқдалар, одамларни диндан совитишга сабаб бўлмоқдалар.
    Инсоф қилишимиз, Аллоҳдан қўрқишимиз керак. Аллоҳ таоло озми-кўпми диний илм берган бўлса, у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлашимиз лозим. Толиби илмлар ниятини поклаши лозим, улар зинҳор турли можароларнинг яқинига ҳам йўламасликлари керак. Диний саводи йўқ кишилар орасида ўзимизни кўрсатиш учун турли беодоб гап-сўзларни айтмаслигимиз, мақтанчоқлик қилмаслигимиз зарур.
    Шунингдек, илм билан одамларни ўзимизга қаратишга, шуҳрат топишга уринмайлик.
    Аллоҳ берган илмга тўғри амал қилиб, у билан Аллоҳ таолонинг розилигини топишга ҳаракат қилайлик.
Илмга даъват қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади- жаннат. Жаннатга эришиш учун ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр бўлиш лозим.
         Илм талаб қилиш эса, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади.              
Шунга ўхшаш бошқа исломий илмлар хақида гап кетганда, уларнинг номи ва сифатлари хам зикр қилинади. 
        Шунинг учун ояти карима ва хадиси шарифларда  зикри келган илмдан мурод, барча фойдали илмлар бўлиб, бундай илм эгаларига қилинган ваъдаларига иймон ва ихлос билан уринган мўмин –мусулмонлар эришади, дейишимиз тўғри бўлади.  
       Бу қоидани ушбу хадиси шарифга ишлатадиган бўлсак,  мўмин-мусулмон киши ўзи учун, жамияти учун, инсонлар учун фойдали илмга
“Бу менга Аллохнинг амри, Исломнинг талаби”, дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади.
        Аллох таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. 
Илм  талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми хам ишга тушади.
Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, хаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол – ҳаромни билиб олишда  зарур бўлган  ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. 
        Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шартдир. Қилмаган одам гуноҳкори азим бўлади. 
Мусулмонлар жамоаси учун керак бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса  фарзи кифоядир.
        Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахасисларнинг тайёрлаб олиш ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.
       Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчиликлар юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади. Ҳаммаларимизни Аллоҳу таоло мана шу илмларга амал қилишликка  муяссар айласин.  Омин...!


Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ
Чилонзор тумани бош имом-хатиби
“Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби