Бировнинг ҳақи
Бировнинг ҳақини ейишлик ҳаром экани гўдаклигимиздан тафаккуримизга ўрнашиб қолган. Лекин унга амал қилиш кам. Одамлар ўзларича бировни алдаб кетиб қутуламан деб ўйлашадими?
Шундай бўлса улар қаттиқ адашадилар. Улар шу дунёнинг ўзидаёқ жазосини топурлар. Қиёматда эса улкан азоблар. Яна шуни ҳам яхши билишимиз керакки, ҳали қиёмат қоим бўлмасдан бурун ҳам азоб бор. Бу азоб – қабр азоби!
Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозини ўқиганларидан сўнг Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъ қабристонига етганларида: “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.
Абу Нофеъ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эди. “Мен секинроқ юриб орқароқда қолдим, - дейди у, - Кейин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – дедилар.
- Бирор нарса содир бўлдими, эй Аллоҳнинг расули? – дедим.
- Нега ундай деяпсан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Менга “туф!” дедингиз-ку?
- Йўқ. Лекин бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзига жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг баробарида олов сипқормоқда, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.
Асака, «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди мутаваллиси: Азизбек Ҳолмирзаев