Бахтли оила мезони

Ўзбекистонда оилани жамиятнинг асоси деб эътироф этилади. Демак оила шахсий масала эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга эканлиги маълум бўлади. Шундай экан фаровон, бекаму-кўст ва соғлом оилавий муҳитда соғлом авлод вояга етади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти айтганларидек: “Соғлом оила вужудга келиши учун, энг аввало жамият ва давлат қайғуриши, шунга замин яратиб бериши лозим. Шундагина мустаҳкам оила дунёга келади. Оила соғлом бўлсагина, жамият соғлом, мамлакат қудратли, юрт тинч-осоишта бўлади.”
    Давлат миқёсидаги масала сифатида оилани ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 30 апрелдаги қарори билан янги Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси қабул қилинди ва шу йили 1 сентиябрдан эътиборан амалга киритилди. Бугунги кунда юртимизда ёш оилаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапириш мумкин. Соғлом оила барпо қилиш учун уни салохиятини ва барқарорлигини таъминлаш лозим.
  Афсуслар бўлсинки ҳозирги кунда ёш оилалар учун шундай шарт-шароитлар бўлса ҳам турмуши бузилаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Оқибатда жамиятда бир қанча моддий ва маънавий муаммолар келиб чиқмоқда, жамиятдаги аҳлоқий ва маънавий мезонни бузилишига олиб келмоқда. Аёллар ва ёш болалар кўпроқ жабр тортмоқдалар. Оиланинг  бузилиб кетиш сабабларини ўрганган соҳа мутахасисларининг фикрича: “Ёшларнинг оила куришга тайёр эмасликлари, қонуний ва шаръий никоҳни шартларини билмасликлари, соғликларига эътиборсизликлари, йигитларни оила бошқаришни, оилани моддий жиҳатдан таъминлаш ва фарзандларни маънан ва жисмон соғлом тарбиялашга беэътибор қарашлари, қизлар эса уй бекаси, оналик вазифаларини тушунмасликлари, борига-йўғига  сабр-қаноат қилмасликлари ”- деб хулоса келганлар.
  Ислом динида оила бузилмаслик учун барча чоралар ишлаб чиқилган. Бу борада Қуръон каримда қуйидаги оят келтирилган:
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинглар. Агар эр-хотин ислоҳни истасалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир.” -дейилади. (Нисо сураси, 5-оят.).
  Шунинг учун динимизда оилага ва уни барпо этиш ҳолатларига катта эътибор қаратилади. Динимизда оилани меҳр-муҳаббат асосида, ҳақиқат ва адолат меъёрида қуриб, бахт-саодатга эришишга даъват қилинади. Оилавий муносабатлар ўрнатишда асосий талаблардан бири оила қурган инсон ўзини жуфти-халоли билан иноқлик, меҳрибонликда умр кечириб ва уларнинг чин бахт-саодати; соф иймони, эзгу ишлари, ўзаро меҳр-муҳаббати, тинчлик-хотиржалигида эканини ва шу сабабдан хонаданига баракотлар ёғилишини англашлари лозим.
  Инсониятга никох ва иймондан бошқа жаннатгача давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай бахтки, у хатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, лекин никоҳ шартномаси абадий билан ажралиб туради.
   Мусулмонлар турмуш қуриш, оила тебратиш, рўзғор тутиш ва фарзанд тарбияси каби зарурий ишларни албатта диний ва миллий қадриятларимизга амал қилиш билан биргаликда оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз чиқарган қонун қоидаларга ҳам қатъий амал қилишлари керак.
   Оила мустаҳкамлиги қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида курилганлигидир. Лекин ноқонуний шаръий никоҳлар орқали қурилаётган оилалар ҳам учраб турибди. Шаръий никоҳ қанчалик муқаддас бўлса, қонуний никоҳни ҳам маъсулияти шаръий никоҳни муқаддаслигидан қолишмайди. Шаръий никоҳдан ўтиб қонуний никоҳдан ўтмаган баъзи ажрашган аёллар конуний ҳимояланиш учун керакли ташкилотларга ариза билан мурожат қилиш, маҳрни ундириш ва бошқа баъзи талаблар билан чиқмоқчи бўладилар, аммо қонуний никоҳдан ўтмаганликлари сабабли бу даволар билан чиқа олмайдилар. Фақатгина шаръий никоҳни ўзи бу ваколатларни бера олмайди.
    Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида: “...Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилинган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйҳатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб , она тирик етим боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат тамонидан бериладиган ФҲДЁ  гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларни ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир...” – дейилган.
   Юқорида келтирилган қонун ва фатволар бўлишига қарамай ҳалқимиз орасида шундай ҳолатлар учраб турибдики, турмушидан ажраб, лекин ФХДЁ бўлимидан берилган никоҳ гувоҳномаси қонуний бекор қилинмасдан уйланиб ёки турмушга чиқиб ноқонуний шаръий никоҳни ўзи билан яшамоқдалар. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, ноқонуний шаръий никоҳларни расмий имом-хатибларни ҳалқ орасида тушунтириш ишлари олиб боришларига қарамай кўпайишига сабаб, баъзи шахслар масжидларда расмий фаолият юритмаётган бўлсалар ҳам ўзбошимчалик билан ноқонуний шаръий никоҳларни ўқиб юборишларидир. ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларни ижтимоий ҳуқуқларини камситиш эканлигини ўзлари ҳам тушунмаяптилар. Ваҳоланки, жойларда баъзилар ноқонуний шаръий никоҳларни ўқиб, эл-юрт ичида юзлари ерга қараб, қонун олдида жавобгар бўлмоқдалар. Бу холат ҳар биримизга ибрат бўлиб, оила-никоҳ муқаддас эканлигини ҳис қилишимизга туртки бўлиши лозим.
  Фарзандларини унаштириб, тўй харакатига тушган ота-оналар, никоҳланувчи ёшлар ва ҳар биримиз қонуний ва шаръий никоҳни фарқини ва уларни шартларини билиб олиишимиз, ёш оилалар учун ҳам, оила мустаҳкамлиги учун ҳам фойдадан ҳоли бўлмасди. Албатта ҳаммамиз қонуний ва шаръий никоҳдаги кўрсатмаларга амал қилишимиз зарур. Шунда ёшларимизни бахтли-саодатли, фаровон хаёт кечиришларига ўз хиссамизни қўшган бўлардик. 


Пискент тумани  бош имом-хатиби в.в.б:
 Зайнилобиддинхон Қудратов