Тинчлигимиз посбонлари

Ҳар бир неъматнинг қадри у йўқолганда билинади. Аммо шундай неъматлар борки, уларнинг қадри ҳар доим улуғдир. Тинчлик-хотиржамлик ана шундай ҳар доим эъзозланадиган, тинмай шукрона айтиладиган азиз неъматдир. Яратган Роббимизга ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тинч, ҳаётимиз бир маромда, хотиржам кечмоқда, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Узоқ сафарларга кетиб, бир неча кун мусофир бўлсак ҳам, ҳар куни эрталаб кетиб, кечқурун ишдан қайтсак ҳам, уйдагилардан кўнглимиз хотиржам. Болаларимиз боғчага, мактабга ўзлари бориб, ўзлари қайтиб келишяпти, улардан ҳам кўнглимиз тўқ.
Ойнаи жаҳон орқали осмонини урушнинг қора булути қоплаган, ҳар куни бегуноҳ қонлар тўкилиб, инсоннинг инсонлик, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинаётган, уй-жойи вайрон, экин пайҳон, мол-мулки талон-тарож бўлаётган юртларни кўрганимизда Ватанимиздаги дориломон кунларнинг қадрини янада чуқурроқ ҳис қиламиз, Парвардигоримизга ҳамду санолар айтамиз. Айни пайтда бу осуда ҳаётнинг хавфсизлигини ҳимоя қилаётган, кеча-кундуз хизматда шай турган тинчлигимиз посбонларига ҳам миннатдорчилик билдирамиз, раҳматлар айтамиз. Зеро, бугун, 25 октябрь — Ички ишлар идоралари ходимлари кунидир.
Шу муносабат билан Ички ишлар идораларининг барча ходимларини, Қоровул қўшинларининг ҳарбий хизматчиларини, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи ва курсантларини, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини, ички ишлар идоралари фахрийларини бу байрам билан самимий табриклаймиз.
Ушбу байрам табриги орқали ўз ороми, тинчи, ҳузур-ҳаловати, роҳат-фароғатидан, керак бўлса жонидан кечиб, Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги машаққатли хизматини алоҳида эътироф этмоқчимиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раҳбарлари, уламолар ва барча мўмин-мусулмонлар номидан бу соҳа вакилларининг юртимиздаги икки мингдан зиёд барча масжидларда ўқилаётган беш маҳал намозларда, жума, таровеҳ ва ҳайит намозларида сизу бизнинг хавфсизлигимиз учун туну-кун олиб бораётган хизматлари учун, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги машаққатли хизматлари учун алоҳида миннатдорчилик билдириб, ташаккур изҳор қиламиз.
Ички ишлар идоралари ходимларига эл-юрт тинчлиги, осойишталигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши кураш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни бажаришда, бу шарафли касбни адо этишда куч-қувват, мустаҳкам соғлик тилаймиз.
Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш асосий вазифалардан бирига айланди. Бу оғир, аммо шарафли масъулиятни бугун касб байрамини нишонлаётган ички ишлар органлари ходимлари зиммаларига олиб, оталик, фарзандлик, фуқаролик бурчини адо этмоқдалар.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, шундай деганлар:
«Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир».
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб, путур етказиб қўйишдан ҳам сақланишлари лозим.
Тинчликнинг қадрига етиб яшаш керак. Шу азиз Ватан барчамизники экан, уни авайлаб-асраш ҳам барчамизнинг чин фарзандлик бурчимиздир.
Халқимиз тинчликни юксак қадрлайди, уни орзу интилишлари, эзгу ниятлари рўёбга чиқишининг муҳим кафолати деб билади. Ички ишлар ходимлари юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, сиёсий-ижтимоий вазият барқарорлигини сақлаш учун бор имкониятларни ишга солишяпти.
Мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаяпти. Аҳолининг тинч, осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш ана шу саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини ташкил этади. Тинчлик, осойишталик аввало оиладан, маҳалладан бошланади. Шу маънода, вилоятдаги ҳар бир аҳоли яшаш жойларида ички ишлар ходимлари, маҳалла фаоллари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида фуқароларни огоҳликка даъват этувчи тадбирлар ўтказиб келинаётир.
Жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Экстремизм ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган тезкор-профилактик тадбирлар ўз самарасини бериб, сезиларли даражада ижобий кўрсаткичларга эришилди.
Одам савдоси инсон қадр-қимматига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятлардан бири эканлиги барчага аён. Бу иллат ўз домига асосан ёшларни, айниқса, ёш аёлларни тортиб, жаҳон ҳамжамиятида ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Жиноятчилар учун эса бундай фаолият мўмай даромад манбаига айланган.
Ички ишлар ходимлари, фуқаролар йиғинлари фаоллари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари, «Истиқболли авлод» ёшлар ахборот-маърифий маркази вакиллари билан бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказишмоқда.
Вазифаларни сидқидилдан адо этиш бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, ички ишлар идоралари шахсий таркибидан халқи, юртига меҳр-муҳаббатли, касбига содиқ, қатъий интизомли ва юксак маънавият эгаси бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг касбий ва жисмоний тайёргарлиги, сиёсий онги, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Айни пайтда ички ишлар идоралари кўпроқ ёшлар билан жамланаётгани туфайли кадрлар тарбияси ва ўқуви катта аҳамият касб этмоқда. Шу маънода ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, айниқса, ходимларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил этилаётгани яхши самара бераяпти. Ёшларимиз етарли назарий билимга эга бўлса-да, уларда ҳали амалий кўникма етишмайди. Буни инобатга олиб, ҳар бир ёш ходим ички ишлар соҳасида тажриба орттирган устозларга бириктириб қўйилмоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб келажагимиз эгалари бўлган ёшларга эътибор кучайтирилди. Баркамол авлод йилида вилоятимизда амалга оширилган кенг қамровли ишлар келажагимиз эгаларини Ватанга, миллий истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу даврда юксак мақсад – муддаоларга эришиш учун юртимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашнинг муҳим бўғини бўлган ички ишлар идоралари тизимини чуқур ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли, мазмун-моҳиятига кўра улкан ишлар амалга оширилганининг гувоҳи бўлдик.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов 2007 йил 25 октябрь куни Ички ишлар идоралари ходимларининг касб байрами муносабати билан йўллаган табрикларида шундай деган эдилар: «Бугунги кунда ички ишлар идоралари сафларида — Ватанимиз манфаатларига садоқатли ҳамда муносиб ўғил-қизларимиз халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини асраш йўлида мураккаб вазифаларни адо этиб келмоқда. …Биз мураккаб замонда яшамоқдамиз. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётига уюшган ва трансмиллий жиноятчилик, наркобизнес билан боғлиқ хавф-хатарлар таҳдид солмоқда. Бундай бало-қазоларга қарши самарали курашиш, уларга муносиб зарба бериш ички ишлар идораларига тегишли барча хизматлардан аниқ ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳар бир ходимидан ўз хизмат бурчини ва масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, ҳалол адо этишни талаб қилади».
Юртбошимиз бу мақсадларга эришиш учун олтита асосий устувор йўналишлар бўйича вазифаларни белгилаб берган эдилар. Ана шу устувор вазифалар асосида республика ички ишлар идораларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника таъминотини яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашда профилактиканинг ролини кучайтириш, кадрлар билан ишлаш, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган узоқ муддатли Дастур ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланиб келинмоқда.
Ҳа, жонажон Ватанимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашдек масъулиятли, шу билан бирга, савобли ишларни бажаришга посбонларимиз камарбаста. Уларда бунинг учун матонат, мардлик ва жасорат каби фазилатлар етарли.
Вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши, уларнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ҳамда белгиланган бошқа вазифаларни бажариш мақсадида ички ишлар идораларининг соҳавий хизматлари томонидан тегишли давлат идоралари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга оширилди.
Мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш, юртимизда тинчлик-осойишталикни, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш йўлида азиз жонларини қурбон қилган мард инсонларнинг номлари бизнинг, қолаверса, келгуси авлодлар хотирасида мангу қолажак.
Ички ишлар идораларида кўп йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийларимиз ҳамон ўз маслаҳатлари ва билим-тажрибалари билан ёш ходимларимизга кўмакдош бўлиб келмоқдалар. Ёш ходимларимиз эса кекса авлод вакилларининг шонли анъаналарини давом эттириб, бойитиб боришмоқда. Улар олдиларидаги вазифаларни шараф билан бажариш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солишмоқда. Кечани кеча, кундузни кундуз демай хизмат қилиб, эл тинчлиги деб ўз оромидан кечаётгани боис ҳам аҳолининг ишонч ва ҳурматини қозонишмоқда.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қуйидаги сўзлари билан айтганда: «Ишончингиз комил бўлсинки, сизларнинг одамлар осойишталигини таъминлаш йўлидаги машаққатли, олижаноб ва фидокорона меҳнатингиз доимо юксак қадрланади».
Сўзимиз якунида барчангизни яна бир бор қутлуғ касб байрамингиз – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар идоралари ходимлари куни билан муборакбод этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, хонадонингизга қут-барака, ҳуқуқ-тартиботни кучайтириш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишдек сермашаққат фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз юрт посбонлари!



Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби