Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланайлик!
Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зотки, Ўзининг каломи ва Пайғамбарининг суннати орқали уларга ҳалолу ҳаромни, гуноҳу савобни очиқ-ойдин баён қилиб берган. Шунингдек, ҳалол-пок яшаган инсонларга улкан савоблар, гуноҳкор кимсаларга эса жазо борлигини ҳам айтган. Гуноҳлар икки ҳил бўлиб, баъзилари сағира, яъни кичик гуноҳлар дейилса, яна баъзилари эса кабира, яъни катта гуноҳлар дейилади.
Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кабира гуноҳларнинг бир нечтасини санаб ўтганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланинглар!» дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, улар қайсилар?» деб сўрашди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр-жоду билан шуғулланиш, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик қилиш, етимнинг молини ейиш, ёв босган вақтда орқага қочиш ҳамда иффатли, мўмина, бузуқлик нималигини билмайдиган аёлни фоҳишаликда айблаш», деб жавоб бердилар» (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисда гуноҳи кабираларнинг еттитаси зикр қилинган бўлиб, улар қуйидагилардир:
Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг каттаси бўлиб, у туфайли киши имонидан айрилади. Натижада қилган барча тоат-ибодатлари ҳабата, яъни бекор бўлиб, солиҳ амаллари ҳам бесамар ва зое кетади. Аллоҳ таоло ширк келтирган ҳолда, тавба қилмай вафот этган кишини асло кечирмаслиги ҳақида Қуръони каримда хабар берган (Нисо сураси, 48- оят).
Сеҳр-жоду билан шуғулланиш. Маълумки, сеҳр-жоду – ёвузлик мақсадида бажариладиган амал. Ундан фақат инсонга зарар етказишда, унинг онги ва шуурини ўғирлашда фойдаланилади. Айниқса эр-хотиннинг орасини бузишни истаганлар кўпинча сеҳр-жоду қилиш билан мақсадларига эришишга ҳаракат қилишади. Демак, сеҳр фақат ёмон ниятларни амалга ошириш учунгина фойдаланиладиган воситадир. Шунинг учун ҳам Ислом динида сеҳр-жоду амали ҳаром қилинган ва у гуноҳи кабиралар қаторига киритилган. Солиҳ амал ва яхшиликлар эса самимийлиги ва табиийлиги билан гўзалдир.
Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш. Ноҳақ одам ўлдириш, бегуноҳ кишиларнинг қонини тўкиш нафақат Исломда, балки барча самовий динларда ҳам ҳаром қилинган. Соғлом ақлли, соф виждонли ҳар қандай инсон буни инкор этмайди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай жамиятда ноҳақ одам ўлдириш оғир жиноят саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига мўмин кишининг уч нарсаси ҳаром: моли, қони ва обрўси», деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримда: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...» дейилган (Моида сураси, 32-оят).
Судхўрлик қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзгаларнинг молини ботил йўллар билан ейишдан қайтарган (Нисо сураси, 29-оят). Судхўрлик эса ана шу ботил йўлларнинг энг қабиҳидир. Ҳадисда айтилишича, судхўрликнинг етмишдан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг ичида энг гуноҳи енгили ҳатто кишининг ўз онаси билан зино қилишига тенглаштирилган.
Етимнинг молини ейиш. Етимлар жамиятдаги энг ожиз ва ҳимоясиз тоифа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ислом динида уларни парвариш қилишга тарғиб қилинган. Етимга тегишли бўлган мол-мулкни сақлаб турган киши уни асраб-авайлаши, исроф қилмай, тежаб-тергаб тасарруф қилиши лозим. Етимларнинг ожиз ва ҳимоясизлигидан фойдаланиб, унинг мол-мулкини ўзлаштириб олиш ёки уни сақлаб турганлигини писанда қилиб, керагидан ортиғича сарф-харажат қилиш оғир гуноҳ эканлиги Қуръони каримда баён этилган (Нисо сураси, 10-оят).
Ёв босганда орқага қочиш. Ватан, оила, дин, ҳалол меҳнат билан топилган мол-мулк ҳамда обрў-иззат инсон учун энг қадрли нарсалар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларни ҳимоя қилиш муқаддас бурчдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида мазкур нарсаларни душмандан ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган кишилар шаҳид бўлишларини айтганлар. Мудофаадан ўзини олиб қочиб, ватанни душманлар босиб олишига рози бўлиб туриш эса гуноҳи кабиралардандир. Бундан бир неча йил муқаддам Андижондаги машъум воқеаларни содир этган тўдалар Ватан ҳимояси у ёқда турсин, аксинча, ватанларини, оила аҳлларини, ота-оналарини, ҳамшаҳарларини ўзлари ўққа тутишгача бориб етдилар. Бундан ортиқ бедодлик бўлмаса керак!
Иффатли, мўмина, бузуқлик нималигини билмайдиган аёлни фоҳишаликда айблаш. Ислом дини инсоннинг шаънини юқори ўринга қўяди. Шунинг учун ҳам ғийбат, бўҳтон, чақимчилик каби инсоннинг шаънини ерга урадиган амаллар ҳаром қилинган. Айниқса заифа аёлларга нисбатан туҳмат қилишнинг гуноҳи кабиралар жумласига киритилиши бунинг далилидир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, гуноҳлар икки турга, сағира ва кабирага бўлинар экан, ўз навбатида кабира гуноҳларнинг ичида гуноҳи яна ҳам оғирроқлари мавжуд. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтайми?» деб уч марта қайтардилар. Биз: «Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дедик. Шунда узот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – деб, суяниб ўтирган жойларидан туриб ўтирдилар ва: – Билиб қўйинглар! Ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», деб қайта-қайта такрорладиларки, ҳатто биз ўзимизга-ўзимиз: «Қани энди тўхтасалар», дедик» (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, ёлғончилик энг ёмон иллат, хусусан, гувоҳлик вақтида ёлғон ишлатиш эса оғир жиноятдир. Гувоҳлар аслида холис инсонлар бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Гувоҳларни ҳурмат қилинглар, чунки Аллоҳ таоло улар орқали ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига қайтаради ва зулмни даф қилади», деб марҳамат қилганлар. Гувоҳликдек улуғ мартаба ва мақомда туриб, ҳақни ботил, ростни ёлғон дейиш разилликдир. Яна Андижон воқеаларига тўхталадиган бўлсак, бир нечта чет эл оммавий ахборот воситалари томонидан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида берилган маълумотлар айни ёлғон гувоҳликнинг ўзгинасидир. Кўрмаган, билмаган нарсалари ҳақида гапириб, одамларни унга ишонтиришга уриниш айни фосиқликдир. Мусулмон киши ҳар қандай фосиқнинг гапига, унинг ҳақиқатини билмагунича, ишониб кетавермаслиги керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу борада:
«Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўрингиз», деб марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Гуноҳи кабираларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиб, уламолар ушбу мавзуда алоҳида китоблар ёзганлар. Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантирмоқ учун Ўзининг Раҳмон ва Роҳийм сифати билан кабира гуноҳларни баён қилиб берган экан, биз мўмин-мусулмонлар улардан сақланишимиз лозим бўлади. Зеро, Парвардигоримиз Ўзининг каломида: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз ва сизларни роҳатбахш манзил(жаннат)га киритурмиз», деб ваъда қилган (Нисо сураси, 31-оят).
Аллоҳ таоло барчаларимизни гуноҳи кабиралардан сақланиб, солиҳ амаллар қилиб яшашга муваффақ айласин.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби