Фол кўриш — Исломда харом қилинган амаллардандир

Халқ орасида “фол кўриш” ҳақида турли фикр-мулоҳазалар бор.  Кимдир фолга ишонмайман деса, яна кимдир фолсиз юриб бўлмайди дейди. Баъзи одамларлар  ўзининг бошидан кечирганларини достон қилиб бошқаларни фолга ишонтиришга харакат қилади. Яна кимдир кўрган тушидан беҳузур бўлса ёки бирон нарсасини йўқотса ёки бирор иш бошламоқчи бўлса, унинг таъбирини билиш учун фолбинга югуради. Афсуслар бўлсинки фол кўриш одамлар орасида оммалашиб бормоқда. Бу ҳолат эса жамиятда соғлом эътиқоднинг бузилишига, одамлар орасида турли хурофотларнинг илдиз отишига олиб бормоқда. Шундай экан бу борада бош қотиришга, соғлом муҳитни сақлаб қолишга эҳтиёж туғилмоқда. Хўш, Ислом манбаъларида бу ҳақда нималар дейилган?



Ислом дини даврлар оша энг ҳаққоний, энг тўғри, энг мўътадил дин сифатида инсоният ичида шуҳрат қозонди. Чунки Ислом динида ижтимоий ҳаётда учрайдиган барча масалалар қамраб олингандир. Хусусан эътиқод масаласида ҳам муъайян қоида-ҳужжатлар бордир. Айнан фол ҳақида эса қатор  маълумотлар келтирилган. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан ворид бўлган ҳадислардан бирида шундай дейилади.Ҳазрати Ойшадан (розийаллоҳу анҳо) бундай ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Уларнинг гапининг тайини йўқ”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг расули, гоҳида ўша фолбинлар айтган сўз тўғри чиқиб қолади-ку?” дейишган эди, у зот: “Аслида баъзи сўзларни жинлар илиб олишади-да, дўстлари — фолбинлар қулоғига етказишади. Фолбинлар эса ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб, одамларга айтишади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим)» . Ушбу ҳадис фолбинларнинг иши қандай бўлишини тушунтирди. Яъни фолбинларнинг бошқа одамлардан ажралиб турадиган ҳеч қандай хусусияти йўқ бўлиб, бу ишда уларга жинлар ёрдам бериши маълум бўлди. Жинлар эса фаришталарнинг ўзаро суҳбатини яширинча эшитиб, сўнг фолбинларга айтадилар. Фолбинлар бўлса эшитганларига турли ёлғонларни қўшиб одамларга айтишар экан. Аммо  кимки фолбинга ишонса  Ислом эътиқодига биноан иймонидан жудо бўлиши муқаддас китобларимизда баён қилингандир. Бу ҳақда ҳадисларнинг бирида шундай дейилади; Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким фол кўрувчининг ёки сеҳргарнинг олдига бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, албатта, Муҳаммадга туширилган (Қуръон)га кофир бўлибди” деб айтдилар». Шундай қилиб, фол кўрувчилар ўзига ишонган инсонларни хонавайрон қилиш билан чекланиб қолмай, балки уларни иймонидан хам маҳрум этишади.

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин. Қандай қилиб жинлар ғайб хабарларини билишлари мумкин ёки қандай қилиб фаришталарнинг суҳбатларини эшитишлари мумкин? Бунинг жавоби жуда оддийдир. Ҳар бир тирик жонга илм берувчи, билдирувчи Зот Аллоҳ Таолодир. У Зот жинларга ғайб сирларини билдиргани учунгина улар билишга муваффақ бўлишади.Қуйидаги оят бу саволга жавоб бўлади.
 “Қачон Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилганимизда, унинг ўлимига фақат ҳассасини еяётган кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинлар аниқ билдиларки, агар улар ғайбни билувчи бўлганларида, бу хор қилувчи азобда (меҳнатда узоқ муддат) қолмаган бўлур эдилар” (Сабаъ, 14). Яъни, ривоят қилинишича улуғ пайғамбар Сулаймон а.с га Аллоҳ Таоло инсу-жинс подшоҳлигини берган эди. Ҳамда учар шамоллар изми ҳам у кишининг ихтиёрида бўлиб, ҳоҳлаган манзилларига осонгина элтиб қўяр эдилар. Шунингдек, у кишига берилган мўъжизалардан бири мис булоғи бўлиб, ундан муздек мис оқиб чиқарди. Сулаймон а.с га хизмат қилган жинлар ўша мисдан у киши буюрган нарсаларни ясаб беришар эди. Кунлардан бир куни Сулаймон а.с жинларга мисдан қаср бино қилишни буюради. Ўзи эса ҳассасига суянган ҳолда ўтириб, жинларни кузатган ҳолда жон таслим қилади ва жонсиз ҳолатда бир йил ўтиради. Бир йил давомида ҳассаларини бир қурт еб битириб, у киши қулаб тушмагунча жинлар тинимсиз меҳнат ичида баланд қаср бино қилиш билан банд бўлишади. Юқоридаги оят жинларнинг ғайб хабарларидан бехабар эканлигини англатади.

Бугунлик кунда фолбинликнинг турли кўринишлари(карталар билан, тошлар билан, қушлар билан фол очувчилар, руҳ билан гаплашувчилар, сеҳр қилувчилар, мунажжимлар ва ҳоказолар)  кўпайиб кетган бўлиб,  бу ишлар билан шуғулланиш ёки улардан фойдаланиш шаръан харом қилинган амалдир.
Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Етти ҳалок этувчидан четланинг. Одамлар: "Улар нималар? Эй Аллоҳнинг Расули" -дедилар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини емоқ, уруш куни қочиш ва солиҳа, мўмина, покиза аёлларни зинода айблаш", дедилар.
Имом Абу Довуд Ибн Аббосрозияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Кимки юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шуъба иқтибос қилган бўлади. Зиёда олса, зиёда бўлиб бораверади", деганлар. Бироқ илмий мақсадда юлдузларни ўзини ўрганиш,илмий кашфиётлар қилиш яхши иш бўлиб, бу иш билан машғул бўлиш жоиздир.  Имом Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келсаю гапига ишонмаса, қирқ кунгача намози қабул бўлмайди", деганлар.
Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади", деганлар.
Имом Табароний Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки фол очса, қисмат хабарини талаб қилса ёки сафаридан фол орқали қайтса, ҳеч-ҳеч олий даражаларга эриша олмайди", дейдилар.

Аллоҳ Таоло бизларни ҳақ йўлидан адаштирмай улуғлар йўлидан боришликни насиб айласин. Ёмонлар тузоғига тушушдан ва залолатга кетишдан асрасин. Динимизни соф-мусаффо ҳолатда авлодларимизга  ўргатишни муяссар қилсин. 

 
Ангрен шаҳар “Қорабошбой” жоме масжиди имом-хатиби Иманов Иброҳим.
Манба: ”Қуръони Карим” Алоуддин Мансур таржимаси, “Islom.uz”сайти маълумотларидан фойдаланилди.