Оилада эрнинг бурч ва вазифалари
Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонларни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг барча даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам инсонларнинг асосий ва муҳим ишларидан ҳисобланиб келган.
Оила инсонни саодатини таъминловчи муқаддас қўрғондир.
Оилада эркакнинг масъулияти алоҳида қайд қилинган. Аллоҳ таоло эркак кишини руҳий ва жисмоний жиҳатлари билан аёлдан фарқли ўлароқ уни оила раҳбари бўлишга мос ҳолда яратган. Оила қуриш ва уни нафақа билан таъминлаш, осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркакнинг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш вазифасини юклаб, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга буюриши билан бирга бундай оилаларнинг бахтли бўлишларига ҳам йўл кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб- Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси 34-оят).
Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
яъни: “...Улар билан тинч тотув турмуш кечирингиз...” (Нисо сураси 19-оят).
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлиги лозим бўлади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:
яъни: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:
яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини ўзга юртларга бориб ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда. Бундай ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар:
яъни: “Аёлларни ҳақларида Аллоҳдан қўрқинглар”-деди. Шунда саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар: “Зиммамизда аёлларимизни қандай ҳақлари бор?” Он ҳазрат айтдиларки: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, (Абу Довуд ривояти) -дедилар.
“Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуникига ўз жуфти ҳалолининг бадҳулқлигидан шикоят қилиб келди. Унинг дарвозаси олдида чиқишини кутиб турди. Бирдан ичкаридан Умар (розияллоҳу анҳу)нинг хотини унга тил чўзаётганини, унга нисбатан қаттиқ-қуруқ гаплар айтаётганини эшитиб қолди. Умар (розияллоҳу анҳу) сукут сақлар, аёлига гап қайтармас эди. Ҳалиги келган киши ортига қайтди. Ичида: “Мўминларнинг амири бўла туриб, шиддат ва салобатда донг таратган бўла туриб, Умарнинг ҳоли шу бўлса, мен хафа бўлмасам ҳам бўлар экан”, -деди. Умар (розияллоҳу анҳу) чиқиб, унинг қайтиб кетаётганини кўрди ва олдига чақирди-да:
“Менда нима ишинг бор эди?” -деди.
“Эй мўминларнинг амири! Мен жуфти ҳалолимнинг бадҳулқлигидан, тилининг ёмонлигидан шикоят қилгани келган эдим. Сизнинг жуфти ҳалолингиз ҳам ўшандай эканини билиб, “Мўминлар амирининг ўз аёли билан ҳоли шу бўлса, менга нима бўлибди”, деб ортимга қайтдим”, -деди.
Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга қараб шундай деди:
“Ҳой биродар! Мен унинг менда ҳаққи борлиги учун чидайман. У менинг таомимни пиширувчи, нонимни ёпувчи, кийимларимни ювувчи, болаларимни эмизувчидир. У билан қалбим ҳаромдан таскин топади. Шунинг учун унинг гапларига ва қилмишларига чидайман”.
“Эй мўминларнинг амири! Менинг жуфти ҳалолим ҳам шундай”, -деди ҳалиги киши.
“Бас, унга нисбатан чидамли бўл, эй биродар, бу қисқа муддатдир”, -деди Умар розияллоҳу анҳу.
Фарзандларни одатда оналар эмизиб, тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.
Эрнинг ўз аёлига яхшилик қилиш сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига ҳам яхшилик қилишлиги ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон киши яхши билади. Келин учун эрининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлганидек, куёв учун ҳам аёлининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлади. Шунингдек. Бошқа қариндошлар, амакилар, аммалар, тоғалар, холалар ва ҳоказолар ҳам.
Аёлига бўлган муҳаббатини сездириш учун эр мулойим бўлиб, унинг сўзларига эътибор билан қулоқ солиб, ҳамфикр эканини изҳор қилиб турмоғи лозим бўлади. Агар уйда аёл киши овқат пиширган бўлса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки қиссани айтса, эр бу нарсаларга эътибор билан муносабатда бўлиб, ўз хурсандлигини, муносабатини баён қилиши даркор. Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, бу соҳада ҳам унинг оғирини енгил қилиб туриши керак. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам аҳллари хизматида бўлиб, уй супуприб, ўз кийимларини ўзи ямаб, қўйларини соққанлар ва умматларига ҳам шундай қилишни буюрганлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бирон марта аҳли аёлларига қилган овқатларидан айб ахтариб шикоят қилмаган эканлар.
Рисоладаги эр аёлига лутф билан муомала қилиб, уни энг чиройли исмлар билан чақиради ва камчиликларини кечиради.
Ўйлайманки, ушбу зикр қилинган нарсаларда жамиятимиз ҳамда инсонлар учун мутлақо зарарли нарсалар йўқ. Биз оиладаги эр кишининг бурч ва вазифаларига қисман тўхталиб ўтдик. Томчилардан дарё ҳосил бўлганидек, оилада қут-барака, яхшилик, мустаҳкам асос эр-хотинларни ўзаро бир-бирларига чиройли муомала қилиши ва ҳамиша бир-бирларини тушуниб шукр қилиб яшашларидан туғилади.
Юртимиздаги барча оилалар бахту-саодатда, тинчлик-хотиржамликда яшашларини Аллоҳ насиб этсин!
Хонобод шаҳар бош имоми: М.Рахимов