«Энг обод масжид» танлови

Муҳтарам порталимиз мухлислари!

Севимли Ислом.Уз порталимизнинг хайрли анъаналаридан бири бўлмиш «Энг обод масжид» танлови якунига етди. Эслатиб ўтамизки, ушбу танловдан кўзланган мақсад юртимизда жомеъ масжидларида ўтказилган таровеҳ намозлари ва Қуръон хатмлари ҳақида аудио ва видеолавҳалар, фоторепортажлар бериб бориш, бу улуғ айёмда юртимизда бўлиб ўтадиган бошқа муҳим воқеалар билан барчани таништириб боришдир. Танлов доирасида Моҳи Рамазон туҳфаси бўлмиш бу улуғ ибодатлар давомида пойтахтимизда ва вилоятларимизда жойлашган жомеъ масжидларга ташриф буюриб, уларнинг тарихи, жойлашган ўрни, намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлари, масжидларнинг имом-хатиблари ва бошқа ходимлари ҳақида, таровеҳ намозида Қуръони каримни хатм қилиб бераётган қориларимиз ҳақида батафсиз маълумот бериб боришга ҳаракат қилинади.

Тўпланган ушбу маълумотлардан фойдаланиб, масжидларимиз ўртасида «Энг обод масжид» танлови ўтказилади. Танловда иштирок этган масжидларга уларнинг ташқи ва ички кўриниши, озодалиги, масжид ходимларнинг фаолияти, намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, овоз кучайтириш жиҳозларининг ишлаши, кутубхоналарнинг китоблар билан таъминланганлиги, таҳоратхоналарнинг шарт-шароитлари ва бошқа мезонлар бўйича баҳо берилади.
Масжидлар бўйича тўпланган баҳолар Бутун дунё масжидлар уюшмасининг аъзоси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан умумлаштирилиб, энг юқори кўрсаткичга эга бўлган масжидлар рўйхати порталимизда эълон қилиб борилади.
Бу йилги танлов доирасида Рамазони шариф давомида тўпланган маълумотлар ҳакамлар ҳайъати томонидан сарҳисоб қилиниб, умумий натижага кўра қуйидаги масжидлар танлов ғолиби деб топилди:

«Чимир ота» жомеъ масжиди. Тошкент
«Дегрезлик» жомеъ масжиди. Қўқон
«Фатҳ» жомеъ масжиди. Тошкент вилояти