«Фатҳ» жоме масжиди
«Фатҳ» жоме масжиди Тошкент вилоятининг Зангиота туман Назарбек қўрғонида жойлашган. Масжид мустақилликнинг илк йилларида маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракати билан ҳашар йўли орқали қурилган. Масжиднинг биринчи ғиштини фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қўйиб берганлар.
Масжид Назарбек ҳудудида биринчи қурилган янги масжид бўлгани учун ҳайр-баракага сабаб бўлсин деган ният билан “Фатҳ” деб номланган. Масжид 20 йилдан зиёд вақтдан бери мусулмонларга хизмат қилиб келаётган эди. Унинг атрофи ёғоч эшик-ромлар билан ўралган бўлгани учун кўп йиллик қиш-қировли, ёмғирли ва ёзнинг иссиқ кунлари таъсирида анча эскириб, ёрилиб қолган эди. Хонақоҳ полиниг тахталари ҳам аксари чириб қолган, айниқса, совуқ кунларда оёқ ости жуда зах бўлар эди. Бу ҳолатлар намозхонларга айниқса, ёши улуғ отахонларга ноқулайликлар туғдирар эди. Аввалам бор масжиднинг уч томони айланасига янги айвон билан ўралиб, ёмғир-қорлардан ҳимояланди. Айниқса айвон кенг бўлгани учун иссиқ кунларда беш вақт намоз ва таровеҳ намозларини баҳова айвонда ўқилиши кўпчиликка ўта манзур бўлди. Сўнги йилларда юртимизда амалга оширилаётган масжидларни бузиб қайта қуриш, улуғ қадамжоларни таъмирлаш каби ободонлаштириш ишларидан илҳомланган масжид жамоаси раҳбарият рухсати билан масжидни тўлиқ таъмирлашга киришди. Бир ярим йил давом этган таъмирлаш ишлари бу йилги Рамазон ойининг биринчи Жумасида ниҳоясига етиб, намозхонларга Рамазон тухфаси бўлди. Эски ёғоч ромлар олиб ташланиб, янги, замонавий, ҳар мавсумга чидамли эшик-ромлар ўрнатилди. Масжид поли ҳам янгиланиб, остига иситиш мосламаси ўрнатилди ва янги гилам тўшалди. Шунингдак масжид шифтлари ҳам тўлиқ янгиланди. Масжид таъмирида иложи борича исроф ва ортиқча зеб беришдан сақланилди. Лекин ихлосманд масжид жамоасининг “Масжидимиз уйларимиздан кам бўлмасин” деган шиори бор. Ҳозирда ёшу-қари барча мамнун, гўёки масжид қайта қурилгандек бўлди.