Сулаймон Боқирғоний  жоме масжиди

Маълумот: Хоразм азалдан авлиёлар диёри ҳисобланади. Хазорасп эса ана шу воҳани ажралмас қисми бўлиб, ўтмишда табаррук зотлар етишиб чиққан. Хазорасп қалъасининг шимолий-ғарбий тамонида жойлашган мўтабар масканлардан бири, биз ҳикоя қилмоқчи бўлаётганимиз ҳазрати Боқир Эшон бобо қабристони ва жоме масжиди халқимизнинг муборак зиёратгоҳларидан ҳисобланади.

Малумки собиқ шўролар даврида тарихий жойлар ёки шахслар номини эслаш ўта оғир эди. Тарихчи олимларнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида Ҳазрати Боқир Эшон бобо ва Сулаймон Боқирғоний Ҳаким ота алоҳида шахслар экани аниқланди. Ўша пайтдаги халқимизнинг эътиқоди нуқтаи назаридан бу жойни номини ва мақбарани Сулаймон Боқирғоний Ҳаким ота  деб билишган. Шу сабабдан жоме масжиднинг номи Сулаймон Боқирғоний деб сақлаб қолинган.

Ҳазрати Муҳаммад Боқир Эшон бобо эса табаррук Саид ота авлодларидан бири ҳисобланиб, уларнинг шажараси Муҳаммад (с.а.в) ҳазратларига бориб тақалади. У киши Хазорасп туманида саидлар хонадонида 1725 йилда туғилиб 1800 йилда вафот этганлар. Боқир Эшон бобо Ҳазратлари кашф-у каромат эгаси бўлганлар. Халқ орасида у кишининг кароматлари ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Ҳазратнинг катта ўғли Саид Абдулло Хўжа (1759-1839) ҳам Хазораспнинг эъзозли уламоларидан ҳисобланган.

1806-1825 йилларда ҳукмронлик қилган Хива хони Муҳаммад Раҳимхон ўз оилавий шажарасини пайғамбар авлодларига боғлаш мақсадида Саид Абдулло Хўжанинг қизига уйланади. Ундан Саид Ахмад, Саид Маҳмуд, Саид Муҳаммад исмли ўғиллар кўради. Саид Муҳаммадхон 1856-1865 йилларда хонлик тахтига ўтиради. Унинг ўғли Муҳаммад Раҳимхон Феруз 1865-1910 йилларда Хива хони бўлган ва жуда катта маърифий-маданий тадбирларни амалга оширган. Феруз нозик таъб шоир ва мусиқашунос бўлган, тарихда Бобур каби шоҳ ва шоир бўлган шахс сифатида ном қолдирган.

Ҳазрати Боқир Эшон бобо масжиди дастлабки вақтда ўз маҳалласида бўлган, кейинчалик қишлоқнинг Боғдор маҳалласидаги қабристонга Боқир Эшон бобо дафн қилингач ўша жойда масжид бино қилинади.

У собиқ шўролар даврида, аниқроғи 1973 йилда қурилган. Масжидни ўша пайтда сақлаб қолиш ўта машаққатли кечган. Ҳазрати Боқир Эшон бобо масжидини гўё қишлоқ хўжалиги учун ўғитлар сақланадиган омбор сифатида кўрсатилиб, у ерга минерал моддалар тўкиб қўйилиб, шўролар тайзиқидан ва масжиднинг бузиб ташланишидан сақлаб қолинган. Ўша пайтларда ҳам шу қишлоқнинг катталари бу ҳайрли ва савобли ишга ўзларининг ҳиссаларини қўшганини эслаб ўтиш ўринлидир.

Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришиб, хар бир фуқаронинг виждон эркинлиги, ўз дини ва эътиқодига эга бўлганлиги шарофатидан саховатпеша инсонлари ҳомийлик ёрдамлари ҳисобига 2005-2007 йилларда ҳозирги янги масжид Сулаймон Боқирғоний жоме масжиди хайрия ҳашар йўли билан қурилиб фойдаланишга топширилди.

Сулаймон Боқирғоний жоме масжиди тарихий анъаналаримизга мос ҳолда пишиқ ғиштдан жуда чиройли қилиб қад ростлаган. Бугунги кунда масжиднинг имом-хатиби Аминбой Рахимов илми, одоб-ахлоқи, камтарлиги билан халқимизга хизмат қилиб келяпти.

Сулаймон Боқирғоний жоме масжидида жума ва ҳайит намозлари ва кунлик беш вақт намоз ўқилиб юртимиз мусулмонлари томонидан кўтаринки кайфиятда, доимо тинчлик бирдамлик руҳида ўтади. Масжидда намозхонларга масжид имом-хатиби Аминбой Рахимов маъруза қилади. Бундан эса барча фуқароларимизнинг кўнгиллари шод, масжидда намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган шинамгина безатилган қироатхона, кутубхона ва янги таҳорат хоналар фуқаролар учун хизмат қилиб турибди.

Даврон АБДУҚОДИРОВ, Хоразм вилояти бош имом-хатиби

Масжид имом-хатиби: Раҳимов Аминбой
Масжид манзили: Хоразм вилояти Хазорасп тумани “Сулаймон Боқирғоний” жоме масжиди
Масжидга олиб борадиган транспортлар:

Автобус:
Маршрут: